Ёшлар ва қайта тикланувчи энергетика — бу мамлакат келажагига сармоя
2026-02-06 18:20:00 / Янгиликлар

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институтига Тошкент менежмент ва иқтисодиёт институти талабалари ташриф буюрдилар.
Ташриф давомида талабалар институт лабораторияларида олиб борилаётган илмий-амалий тадқиқотлар, замонавий технологиялар ҳамда тажрибалар билан танишиб, қайта тикланувчи энергетика ва “яшил иқтисодиёт” соҳасининг амалий жиҳатлари бўйича кенг тасаввурга эга бўлдилар.
Шунингдек, талабалар учун ўқув-семинарлар ташкил этилиб, унда қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасидаги устувор йўналишлар, инновацион ёндашувлар ҳамда соҳани ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Семинарлар ёшларда соҳага бўлган қизиқишни ошириш ва амалий билим ҳамда кўникмаларни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Бугун жаҳонда кечаётган “яшил трансформация” жараёнлари шароитида, Ўзбекистоннинг 2030 йилгача мўлжалланган энергетика стратегиясида ҳам қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Шу жиҳатдан, ёшларни қайта тикланувчи энергетика соҳасига жалб этиш, уларни илмий ва амалий жараёнлар билан таништириш барқарор ҳамда рақобатбардош энергетика тизимини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.






