Брифинг: 20 январь куни истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот
2026-01-21 13:20:00 / Янгиликлар

Энергетика вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Дилдора Хашимова 20 январь куни истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.
Кеча, 20 январь куни электр станциялари орқали жами 272,8 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 106 фоиз кўп электр энергияси ишлаб чиқарилди.
Республика истеъмолчиларига 249,2 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 103 фоиз кўп электр энергияси етказиб берилди. Табиий газ истеъмоли 145,5 млн куб метрни ташкил қилди. Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларига 1,5 млн куб метр табиий газ етказиб берилди.
2 минг 300 тонна (режага нисбатан 109% кўп) суюлтирилган газ ишлаб чиқарилди. Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига 2 минг 200 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Ҳудудлардаги газ тўлдириш шохобчаларида 6,9 минг тонна суюлтирилган газ захираси яратилган.
Бундан ташқари биржа савдоларига чиқарилаётган автобензин ҳажми оширилди. Автобензин ва дизель ёнилғиси ҳам аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжини қоплайдиган даражада етказиб берилмоқда. Хусусан, 20 январь куни биржа савдоларига жами 12 минг тонна автобензин ва 25 минг тонна дизель ёнилғиси чиқарилиб, шундан 5 минг тонна бензин ва 11 275 тонна дизель ёнилғиси сотилган.
Шунингдек, биржа савдоларига 2,3 минг тонна суюлтирилган газ чиқарилди ва шунча ҳажмда сотилди.
Вазирлик тизимидаги корхоналарда қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари ҳам ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда тузилган Штаблар 24 соатлик навбатчилик режими асосида ишини давом эттиради.
Электр ва газ таъминоти ташкилотларида авария бригадалари шай ҳолатга келтирилган, улар махсус транспорт воситалари ҳамда энг муҳим эҳтиёт қисмлари билан таъминланган.
Кеча электр қурилмаларида юзага келган 4 та, газ таъминотида эса 1 та носозлик авария бригадалари томонидан тезкорлик билан бартараф этилиб, таъминот тикланди.
Электр таъминотида авариявий ўчишлар: 20 январь куни соат 09:10 да Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз, Китоб, Яккабоғ ва Қамаши туманларининг айрим ҳудудларидаги 21 мингта истеъмолчи электр таъминотидан узилган. Энергетиклар томонидан ушбу носозлик соат 13:43 да бартараф этилиб, истеъмолчиларнинг электр таъминоти қайта тикланган.
Соат 12:13 да Яшнобод туманининг Табассум ва Фарғона йўли кўчаларидаги 180 та истеъмолчи электр таъминотидан узилган. Ушбу узилиш авария бригадалари томонидан соат 13:50 да бартараф этилиб, истеъмолчиларнинг электр таъминоти қайта тикланган.
Соат 21:20 да Яшнобод тумани Маҳзуна ва Бешбола кўчасларидаги 300 та истеъмолчи электр таъминотидан узилган. 21 январь соат 00:10 да истеъмолчиларнинг электр таъминоти қайта тикланган.
Соат 23:47 да Яккасарой ва Миробод туманларидаги 1 575 та истеъмолчи электр таъминотидан узилган. Ушбу носозлик энергетиклар томонидан 21 январь куни соат 01:58 да бартараф этилиб, истеъмолчиларнинг электр таъминоти қайта тикланган.
Табиий газ таъминоти бўйича: Соат 13:00 да Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон тумани ва Қумқўрғон шаҳри ҳудудидаги газ қувурида газ сизиб чиқиш ҳолати аниқланганлиги сабабли ҳудуддаги 4 400 та аҳоли ва 70 та улгуржи истеъмолчининг табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилган. Ушбу носозлик авария бригадалари томонидан соат 16:00 да таъмирлаш ишлари якунланиб, истеъмолчиларнинг табиий газ таъминоти қайта тикланган.
Истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатларга тезкорлик билан чора кўриш бўйича бригадалар фаолияти ташкил этилган. Ҳудудий электр ва газ таъминоти филиалларида ташкил этилган “Call markaz”лар 24/7 режимида фаолият юритмоқда ва истеъмолчиларнинг мурожаатлари тўхтовсиз қабул қилинмоқда. 20 январь куни электр ва газ таъминоти масалалари бўйича истеъмолчилардан 18 минг 35 та мурожаат келиб тушган ва барчасига тегишлилиги бўйича тушунтиришлар берилган.
Ноқонуний ҳолатлар бўйича: ўтказилган тезкор тадбирларда Бухоро шаҳрида фуқаро Б. Б. га қарашли бино табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётганлиги аниқланди. Ушбу қоидабузарлик натижасида 914,5 миллион сўмлик зарар етказилгани маълум бўлди.
Шунингдек, Бухоро шаҳридаги Отбозор маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро С.Ж хонадонида газ ҳисоблагичдан ташқари яширин йўл билан газ қувурига уланганлиги аниқланди. Истеъмолчи газ таъминоти ташкилотига 50 млн 166 минг сўм миқдорида моддий зарар етказган.
Когон туманининг Геофизика маҳалласидаги Қурувчилар кўчасида яшовчи фуқаро Х.А. ҳам ўз хонадонида электрон газ ҳисоблаш ускунасисиз табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келган. Аниқланган ҳолат бўйича 226 млн 820 минг сўм миқдорида зарар ҳисоб-китоб қилинган.
Вобкент туманининг Дўстлик маҳалласида истиқомат қилувчи истеъмолчи Ў.Қ. газ ҳисоблаш ускунасини четлаб ўтиб, резина шланг орқали ноқонуний фойдаланган ва 39 млн 679 минг сўмлик зарар келтирган.
Навоий шаҳрида “М. Н. К.” МЧЖга қарашли бинода ҳисоблагичнинг уланиш схемасини ўзбошимчалик билан ўзгартирган ҳолда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланди. Ушбу қоидабузарлик натижасида 389,9 миллион сўмлик зарар етказилганлиги маълум бўлди.
Қарши туманида “Х.” МФЙ биноси тўғридан-тўғри тармоққа уланиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келинаётгани аниқланди. Ушбу қоидабузарлик натижасида 362,6 миллион сўмлик зарар етказилганлиги маълум бўлди.
Янгиер шаҳрининг “Абдураҳмон Жомий” маҳалласидаги Чироқчи кўчасида истеъмолчи хонадонида газ ҳисоблаш ускунасидан ташқари, полиэтилен қувур орқали табиий газ тармоғига ноқонуний уланиб олгани маълум бўлди, 66 миллион 432 минг сўм зарар қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Юнусобод туманидаги Буюк Турон маҳалласида жойлашган умумий овқатланиш маскани ҳисоблагичдан ташқари яширин тармоқ тортиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётгани маълум бўлди. Ҳолат юзасидан далолатнома тузилиб, 1 миллиард 605 миллион сўмлик зарар қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Юқоридаги ноқонуний ҳолатлар бўйича барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Батафсил маълумотлар билан Энергетика вазирлиги ва электр ҳамда газ таъминоти ташкилотларининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали танишиб боришингиз мумкин.
Қишнинг совуқ кунларида юзага келиши мумкин бўлган носозликларни бартараф этиш мақсадида электр ва газ таъминоти корхоналарида ташкил этилган, кечаю кундуз ишлайдиган 1 минг 479 та махсус бригада сафидаги 7 минг 596 нафардан зиёд ишчи-ходим жойларда юзага келаётган муаммоларни тезкорлик билан бартараф этмоқдалар.
Шу ўринда 22-24 январь кунлари Ўзбекистон ҳудудига нам ва совуқ ҳаво массалари кириб келиши муносабати билан истеъмолчилардан яна бир марта иситиш мосламаларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишларини, газ ускуналаридан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига, шунингдек, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш юзасидан берилаётган тавсияларга қатъий риоя этишларини сўраймиз.
Шу билан бирга, юртдошларимизни энергия манбаларидан самарали фойдаланишга, уларни исроф қилмасликка чақирамиз. Энергия ресурсларидан самарали ва тежамкорлик билан фойдаланиш барчамизнинг бирдек бурчимиздир. Ушбу ресурслардан самарали ва тежамкорлик билан фойдаланишимизнинг ўзи ҳам таъминот барқарорлигига хизмат қилади. Шу боис, кераксиз, фойдаланилмаётган пайтларда электр қурилмаларни тармоқдан узиб қўйишларини сўраб қоламиз.
Ҳурматли истеъмолчилар! Электр энергияси таъминоти юзасидан 1154, газ таъминоти юзасидан 1104, 104 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.
