Брифинг: 19 январь куни истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот
2026-01-20 17:30:00 / Янгиликлар

Ассалому алайкум!
Энергетика вазирлиги истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида кунлик маълумот бериб боради.
Бугунги кунда юртимизда 148 та электр станцияси ишлаб турибди.
Кеча, 19 январь куни электр станциялари орқали жами 267,5 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 104 фоиз кўп электр энергияси ишлаб чиқарилди.
Республика истеъмолчиларига 246,8 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 103 фоиз кўп электр энергияси етказиб берилди. Табиий газ истеъмоли 145 млн куб метрни ташкил қилди. Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларига 1,3 млн куб метр табиий газ етказиб берилди.
2 минг 300 тонна (режага нисбатан 109% кўп) суюлтирилган газ ишлаб чиқарилди. Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига 2 минг 300 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Ҳудудлардаги газ тўлдириш шохобчаларида 8 минг тонна суюлтирилган газ захираси яратилган.
Юртимизга совуқ ҳаво ҳарорати кириб келиши ва ҳафта охирига қадар яна ҳарорат тушишини инобатга олиб, газ қувурларидаги босимни бир маромда ушлаб бориш мақсадида метан қуйиш шохобчалари фаолиятига вақтинчалик чеклов киритилди. Уларнинг фаолиятини қайта тиклаш бўйича қўшимча маълумот бериб борилади. Аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида ижтимоий соҳа объектлари ва жамоат транспорти учун газ таъминоти барқарор тарзда ишлаши таъминланади. Ҳозирги пайтда айрим ҳудудларда аҳоли хонадонларида газ босими пасайганлиги сабабли қувурларда босимни тиклаш ва уни меъёр даражасига келтириш ишлари олиб бориляпти.
Бундан ташқари биржа савдоларига чиқарилаётган автобензин ҳажми оширилади. Хусусан, 19 январь кунги биржа савдоларига 2,4 минг тонна суюлтирилган газ чиқарилди, шундан 2,3 минг тоннаси сотилди.
Автобензин ва дизель ёнилғиси ҳам аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжини қоплайдиган даражада етказиб берилмоқда. Хусусан, биржа савдоларига жами 10,5 минг тонна автобензин ва 16,1 минг тонна дизель ёнилғиси чиқарилиб, шундан 3,6 минг тонна бензин ва 2,1 минг тонна дизель ёнилғиси сотилган.
“Ўзбекнефтгаз” биржа савдоларига чиқарилаётган кунлик автобензин ҳажмини талабга қараб етарли даражада оширади. Совуқ ҳаво оқими натижасида автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (метан заправкалар) фаолиятига киритилаётган қисқа муддатли чекловлар муносабати билан биржа савдоларига чиқарилаётган автобензин ҳажми оширилади.
Бугунги кунга қадар биржа савдоларига қўйилаётган кунлик 3700 тонна бензин ҳажми талаб ва таклифга қараб 5000 тоннагача оширилиши маълум қилинди.
Вазирлик тизимидаги корхоналарда қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари ҳам ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда тузилган Штаблар 24 соатлик навбатчилик режими асосида ишини давом эттиради.
Республика ҳудудлари бўйлаб электр тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларида юкламаларнинг ортиши ҳисобига юзага келаётган носозликлар тезкор бартараф этиб борилмоқда. Авария бригадалари шай ҳолатга келтирилган, улар махсус транспорт воситлари ва энг муҳим эҳтиёт қисмлари билан таъминланган.
Кеча электр қурилмаларида юзага келган 7 та, газ таъминотида эса 1 та носозлик авария бригадалари томонидан тезкорлик билан бартараф этилиб, таъминот тикланди.
Электр таъминотида авариявий ўчишлар: 19 январь куни соат 10:07 да Тошкент шаҳри Чилонзор тумани 5,6,7,8-мавзеларидаги 350 та истеъмолчи электр таъминотидан узилган. Энергетиклар томонидан ушбу носозлик соат 10:50 да (43 дақиқада) бартараф этилиб, истеъмолчиларнинг электр таъминоти қайта тикланган.
Соат 10:10 да Учтепа туманидаги 15,21,22-мавзеларидаги 320 та истеъмолчи электр таъминотидан узилган. Ушбу узилиш авария бригадалари томонидан соат 13:05 да бартараф этилиб, истеъмолчиларнинг электр таъминоти қайта тикланган.
Соат 10:13 да Шайхонтоҳур тумани Шофоиз ва Қизил ғунча кўчаларидаги 300 та истеъмолчи электр таъминотидан узилган. Соат 12:30 да истеъмолчиларнинг электр таъминоти қайта тикланган.
Соат 12:45 да М-13,15-мавзеларидаги 220 та истеъмолчи электр таъминотидан узилган. Соат 15:30 да истеъмолчиларнинг электр таъминоти қайта тикланган.
Соат 15:40 да Лабзак ва Зулфияхоним кўчаларидаги 300 та истеъмолчи электр таъминотидан узилган. Соат 16:55 да истеъмолчиларнинг электр таъминоти қайта тикланган.
Соат 11:15 да Юнусобод тумани Анорзор кўчасидаги 250 та истеъмолчи электр таъминотидан узилган. Соат 12:55 да истеъмолчиларнинг электр таъминоти қайта тикланган.
Соат 21:36 да Сурхондарё вилоятининг Ангор ва Жарқўрғон туманларидаги 8 200 та истеъмолчи электр таъминотидан узилган. Соат 22:30 таъминотида ўчиш содир бўлган истеъмолчиларнинг ярми бошқа манбалар орқали электр энергияси билан таъминланган. 20 январь куни соат 01:08 да истеъмолчиларнинг электр таъминоти тўлиқ тикланган.
Табиий газ таъминоти бўйича: 19 январь соат 19:30 да Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ҳудудидан ўтувчи юқори босимли газ қувурини автомашина уриб юбориши натижасида ҳудуддаги 4 400 та аҳоли хонадони ҳамда 70 та улгуржи истеъмолчининг табиий газ таъминоти вақтинчалик тўхтатилган. Соат 22:20 да носозлик бартараф қилиниб, истеъмолчилар табиий газ таъминоти қайта тикланган.
Истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатларга тезкорлик билан чора кўриш бўйича бригадалар фаолияти ташкил этилган. Ҳудудий электр ва газ таъминоти филиалларида ташкил этилган “Call markaz”лар 24/7 режимида фаолият юритмоқда ва истеъмолчиларнинг мурожаатлари тўхтовсиз қабул қилинмоқда. 19 январь куни электр ва газ таъминоти масалалари бўйича истеъмолчилардан 20 минг 338 та мурожаат келиб тушган ва барчасига тегишлилиги бўйича тушунтиришлар берилган.
Ноқонуний ҳолатлар бўйича: ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ф.С. ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, тижорат мақсадида Андижон шаҳри, Пистамозор маҳалласи ҳудудидаги хонадонида яширин равишда 5 та тўпламдаги майнинг қурилмасини умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, жами 438,7 млн сўм миқдоридаги электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Андижон вилояти, Пахтакор туманида “П.Т.О.” корхонасига қарашли электр қурилмалар ўзбошимчалик билан тармоққа уланиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келаётганлиги аниқланди. Ушбу қоидабузарлик натижасида 790,6 миллион сўмлик зарар етказилганлиги маълум бўлди.
Хоразм вилояти, Ҳазорасп туманининг Боғдор маҳалласида олиб борилган навбатдаги рейд тадбирларида ушбу маҳалладаги истеъмолчи Р. С. хонадонида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди, 104,2 миллион сўмлик зарар қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус шаҳри, Қумовул маҳалласи, Ж.Матмуратов кўчасида яшовчи фуқаро К. Г. ҳисоблагичдан ташқари резина шланг орқали табиий газ тармоғига уланиб, “зангори ёқилғи”дан ноқонуний фойдаланиб келгани аниқланди ва 240 миллион 334 минг сўм зарар ҳисобланди. Ушбу ноқонуний ҳолатлар бўйича барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Батафсил маълумотлар билан Энергетика вазирлиги ва электр ҳамда газ таъминоти ташкилотларининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали танишиб боришингиз мумкин.
Қишнинг совуқ кунларида юзага келиши мумкин бўлган носозликларни бартараф этиш мақсадида электр ва газ таъминоти корхоналарида ташкил этилган, кечаю кундуз ишлайдиган 1 минг 479 та махсус бригада сафидаги 7 минг 596 нафардан зиёд ишчи-ходим жойларда юзага келаётган муаммоларни тезкорлик билан бартараф этмоқдалар.
Шу ўринда истеъмолчилардан яна бир марта иситиш мосламаларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишларини, газ ускуналаридан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига, шунингдек, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш юзасидан берилаётган тавсияларга қатъий риоя этишларини сўраймиз.
Шу билан бирга, юртдошларимизни энергия манбаларидан самарали фойдаланишга, уларни исроф қилмасликка чақирамиз. Энергия ресурсларидан самарали ва тежамкорлик билан фойдаланиш барчамизнинг бирдек бурчимиздир. Ушбу ресурслардан самарали ва тежамкорлик билан фойдаланишимизнинг ўзи ҳам таъминот барқарорлигига хизмат қилади. Энергия ресурслардан самарали фойдаланинг ва таъминот барқарорлигига ҳисса қўшинг.
Ҳурматли истеъмолчилар! Электр энергияси таъминоти юзасидан 1154, газ таъминоти юзасидан 1104, 104 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.
Эътиборингиз учун раҳмат.
