Бишкекда сув ва энергетика соҳасида гендер тенглик ҳамда ёшлар масалалари бўйича конференция бўлиб ўтди
2025-11-06 17:00:00 / Янгиликлар

Бишкек шаҳрида (Қирғизистон) “Сув ва энергетика соҳасида гендер тенглик ҳамда ёшлар: Марказий Осиё учун инклюзив келажак сари” мавзусида минтақавий конференция бўлиб ўтди.
Тадбир “Греэн Сентрал Ациа”, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), “GFZ-Helmholtz” геология фанлари маркази, Германиянинг халқаро муносабатлар бўйича кенгаши (DGAP), Марказий Осиё ва Афғонистон “Аёллар ва сув” ассоциацияси (CAAWWA) ҳамда Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (YXHT) академияси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Қирғизистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Тожикистон вакиллари, шунингдек, халқаро экспертлар иштирок этган мазкур анжуманнинг асосий мақсади — сув ва энергетика ресурсларини бошқаришда гендер тенглиги ва ёшлар масалаларини инобатга олган самарали сиёсатни ривожлантириш, шу билан бирга, минтақа мамлакатлари ўртасида мулоқот ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ҳам ушбу конференцияда фаол иштирок этди. Вазирлик вакили Дилшода Рустамова ўз маърузасида мамлакатимизда аёллар иштирокини кенгайтириш, иш жойларида хавфсиз ва инклюзив муҳит яратиш, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик орқали барқарор ривожланишни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Хусусан, Ўзбекистонда гендер сиёсатини ривожлантириш ва аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги фаол иштирокига катта аҳамият қаратилмоқда. Ёқилғи-энергетика тизимида ҳам аёллар роли тобора ортиб, самарадорлик ва барқарор ривожланишнинг муҳим омилларидан бирига айланаётгани таъкидланди.


