Муножат Йўлчиеванинг ижодий-маърифий кечаси бўлиб ўтди
2024-02-10 22:30:00 / Янгиликлар

10 февраль куни пойтахтимиздаги Симпозиумлар саройида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ артисти, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Муножат Йўлчиеванинг ижодий-маърифий кечаси бўлиб ўтди.
Ушбу тадбир Маданият вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2023 йил 22 декабрь куни ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгаши кенгайтирилган мажлисида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, халқимиз маънавиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган таниқли маданият ва санъат намояндаларининг ижодини кенг оммалаштириш мақсадида ташкил этилди.
Ижодий-маърифий кечада Президент Администрарцияси ҳамда Маданият вазирлиги раҳбарияти, устоз санъаткорлар, маданият ва санъат соҳаси вакиллари ҳамда мақом ихлосмандлари иштирок этишди. Тадбир давомида “Муножат”, “Дугоҳ ҳусайний”, “Таронаи баёт” таронаси, “Ушшоқ”, “Қайдасан”, “Оё”, “Соқинамои баёт”, “Фарғона тонг отгунча”, “Бухоро тўлқини”, “Самарқанд ушшоғи”, “Ким кейин, ким илгари”, “Ўзганча”, “Ишқинг ўтиға”, “Тановар” каби дурдона асарлар ижро этилди.
Маълумот учун, Муножат Йўлчиева 1960 йилда Андижон вилояти Булоқбоши туманида дунёга келган. У АҚШ ва Буюк Британиянинг ўнлаб шаҳарларида, шунингдек, Япония, Хитой, Корея, Ҳиндистон, Италия, Швейцария, Бразилия, Германия, Испания, Бельгия, Франция, Россия, Ҳиндистон сингари давлатларда гастроль концертларини тақдим этган. Устоз санъаткор фаолияти давомида кўплаб халқаро ва миллий кўрик-танловларда ғолиб дея эътироф этилган.
Суратлар муаллифи: Фарҳод Расулов









