МУНОСАБАТ
2025-09-24 08:15:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда Дўстлик тумани Ғафур Ғулом маҳалласида қурилаётган савдо комплекси ҳақида турли эътирозлар тарқалмоқда.
Ўтмишни ёдга олайлик: эски деҳқон бозори 1970-йилларда очилган. У пайтларда туман аҳолиси бор-йўғи 25–30 минг атрофида бўлган. Ўтган йиллар давомида Дўстлик тараққиёт йўлидан қатъият билан одимлади. Бугун аҳоли сони 70 мингдан ошиб кетди. Табиийки, бугунги тумандаги талаб ва эҳтиёж кечагидан бутунлай бошқача. Халқимиз нафақат арзон ва сифатли маҳсулот истайди, балки қулай савдо масканларига ҳам эҳтиёж сезмоқда.
Шу билан бирга, аҳолини иш билан таъминлаш масаласи давлатимиз сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бирига айланган. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 31 декабрдаги PQ-468-сон қарорида Дўстлик туманидаги “Чинобод” маҳалласидаги эски бозор ўрнида кичик саноат зонасини ташкил этиш белгиланган.
Ҳозир эса Ғафур Ғулом маҳалласида савдо комплекси қурилиши босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Дастлабки босқичдаёқ аҳоли учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси йўлга қўйилди. Бу икки мингга яқин иш ўрнига эга — катта лойиҳанинг бошланғич қадами, холос. Якунига етганда эса тадбиркорлар учун кенг имкониятлар, харидорлар учун эса барча қулайликлар яратилади.
Ижтимоий тармоқларда ҳеч ким билан маслаҳатлашмасдан ишлар амалга оширилганлиги айтилмоқда. Бундай йирик лойиҳа бир неча бор кўплаб тадбиркорлар билан бамаслаҳат бошланган эди. Унда тадбиркорларнинг фикрлари, таклифлари инобатга олиниб, янги лойиҳалар тасдиқланганди.
https://t.me/dustliktumanihokimligi/29215
https://t.me/dustliktumanihokimligi/29949
Ҳурматли фуқароларимизни асоссиз хабарлар, нотўғри ташвиқотлар ортидан эргашмасликка чақирамиз. Биз биргаликда бугунгидан ҳам обод ва фаровон Дўстликни барпо этамиз!
Дўстлик тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.

