МЕРОС ТУШУНЧАСИ ВА ТУРЛАРИ, УШБУ НИЗОЛАРНИНГ СУДДА КЎРИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ
2026-09-23 08:15:00 / Янгиликлар
Маълумки, ҳозирги кунда мерос масалалари билан боғлиқ низолар фуқаролик судларида жуда кўп учраётганлиги фуқароларга ушбу тоифадаги ишлар юзасидан ҳуқуқий тушунча беришимизга зарурат юзага келтирмоқда.
Шу муносабат билан мерос тушунчаси ва турлари ўзи нима ушбу низоларнинг суд тартибида кўрилиш асослари қанақалигига тўхталиб ўтсак.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1112-моддасига кўра, ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади. Қонун бўйича ворислик васият мавжуд бўлмаса ёхуд бутун мероснинг тақдирини белгиламаса, шунингдек ушбу Кодексда белгиланган бошқа ҳолларда амалга оширилади.
Бунда, мерос таркибига мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар киради.
Ушбу ҳуқуқ ва мажбуриятлар эса, мерос фуқаронинг ўлими ёки унинг суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши оқибатида мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган жойида ёки мерос қолдирувчининг охирги яшаб турган жойи номаълум бўлса, мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми турган жой, кўчмас мулк бўлмаган тақдирда эса, кўчар мулкнинг асосий қисми турган жойда мерос иши очилади.
Мерос иши бўйича мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлишлари, шунингдек, мерос очилган пайтда тузилиб бўлган юридик шахслар, шунингдек давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам васият бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.
Бироқ бунда мерос қолдирувчини ёки эҳтимол тутилган меросхўрлардан бирортасини қасддан ўлдирган ёки уларнинг ҳаётига суиқасд қилган шахслар васият бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам мерос олиш ҳуқуқига эга эмаслар. Васият қилувчи ўз ҳаётига суиқасд қилинганидан кейин васиятнома берган шахслар бундан мустасно.
Шунингдек, мерос қолдирувчи ўзининг охирги хоҳиш-иродасини амалга оширишига қасддан тўсқинлик қилган ва шу орқали ўзларининг ёки ўзларига яқин шахсларнинг ворисликка чақирилишига ёхуд мероснинг ўзларига ёки ўзларига яқин шахсларга тегишли улуши кўпайтирилишига имкон яратган шахслар васиятнома бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам мерос олиш ҳуқуқига эга эмаслар ҳамда болаларига нисбатан ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этилган ва мерос очилган пайтда бу ҳуқуқлари тикланмаган ота-оналар ана шу болалардан қолган мулкка ворис бўлиш ҳуқуқига эга эмаслар, шунингдек мерос қолдирувчига таъминлаб туриш юзасидан қонунга кўра зиммаларига юклатилган мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаган ота-оналар (фарзандликка олувчилар) ва вояга етган болалар (фарзандликка олинганлар) қонун бўйича ворислик қилиш ҳуқуқига эга эмаслар.
Бунда нолойиқ меросхўрларни ворисликдан четлатиш учун асос бўладиган ҳолатлар бундай четлатиш келтириб чиқарадиган ворислик билан боғлиқ мулкий оқибатларга дахлдор шахснинг даъвоси бўйича Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1119-моддасига мувофи суд томонидан белгиланади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мерос ишлари бўйича фуқаролар томонидан ўзлари эга бўлган мол-мулкларини ҳаётлик вақтлари нотариал тартибда васиятнома асосида қолдиришлари меросхўрлар ўртасида келажакда келиб чиқиши мумкин бўлган низо ва турли хил оворагарчиликларни олдини олишга хизмат қилади дейиш мумкин.
Шу боис, ҳар биримизнинг ўз ҳуқуқларимизга тартиб интизом асосида ёндашишимиз, юз бериши мумкин бўлган ҳар ҳил тушунмоқчиликларни олдини олишга хизмат қилади.
Н.Расулов,
Жиззах вилоят суди раиси ўринбосари
Б.Казаков,
Фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро судининг раиси
