Яшаганлик фактини белгилаш тартиби.
2026-08-24 17:50:00 / Янгиликлар
Мамлакатимизда сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан фуқароларнинг конституциявий ҳақ-ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш борасида мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси 295-моддаси 2-қисмида, суд фуқароларнинг ёки ташкилотларнинг шахсий, мулкий ҳуқуқлари юзага келишига, ўзгаришига ёки тугашига сабаб бўладиган фактларни аниқлаши, мазкур модданинг 3-қисмида агар қонун ҳужжатларида уларни белгилашнинг бошқача тартиби назарда тутилмаган бўлса, суд юридик аҳамиятга эга бўлган бошқа фактларни ҳам белгилаши мумкинлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 1991 йил 20 декабрдаги “Юридик ахамиятга эга бўлган фактларни белгилаш ҳақидаги ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 5-сонли қарори 2-бандида, судлар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 295-моддасида назарда тутилган суд тартибида аниқланадиган юридик аҳамиятга эга бўлган фактлар рўйхати тугал эмаслигини инобатга олишлари лозимлиги тушунтирилган.
Зикр этилган қонун талаби ва Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленуми қарори тушунтиришлари доирасида фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро суди томонидан юридик аҳамиятга эга бўлган яшаганлик фактини белгилаш тўғрисидаги аризалар суд муҳокамасида мазмунан кўриб чиқилиб, қонуний, асосли ва адолатли ҳал қилув қарорлари қабул қилиниши асносида фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиниши таъминланмоқда.
Яшаганлик фактини белгилаш тўғрисидаги аризалар бўйича юритилган фуқаролик ишларини суд муҳокамасига тайёрлаш жараёнида мазкур факт қандай мақсадда аниқланиши лозимлиги, қайси фуқаролар ва ташкилотлар бу ишни ҳал қилинишидан манфаатдор бўлишлари мумкинлиги ва суд мажлисига қатнашишга жалб қилиниши лозимлиги, ушбу факт қайси далиллар билан тасдиқланишини аниқланади.
Мазкур тоифадаги фуқаролик ишлари, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси 27-28-бобларида назарда тутилган истисно ва қўшимчалар билан фуқаролик суд ишларини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўрилади.
Амалиётга назар ташласак, яшаганлик фактини белгилаш тўғрисидаги аризаларнинг асосий қисми Ўзбекистон фуқаролиги белгиланмаган шахслар томонидан киритилмоқда.
Аризачиларнинг мурожаати суд муҳокамасида ўрганилганда, мазкур фуқаролар гарчанд бошқа давлатларда туғилган бўлсада, доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кўчиб келиб, оила қуриб, оила аъзолари билан ҳозирга қадар бирга яшаётганлиги, фарзандлари борлиги, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тасдиқловчи паспортни олиш учун ички ишлар идораларига мурожаат қилганлиги, бироқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаганлиги суд томонидан белгиланмаганлиги боис паспорт берилмаганлиги ҳолатларини кузатиш мумкин.
Суд, суд муҳокамасида аризачи ва гувоҳларнинг тушунтиришини эшитиб, аризага илова қилинган ҳужжатларни таҳлил қилиб, ҳуқуқий баҳо бериб, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси 253-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ, ишнинг ҳолати тўғрисидаги хулосаларни тасдиқловчи, ишни ҳал этиш учун аҳамиятга эга бўлган далиллар кўрсатилган ҳамда белгиланган факт аниқ ифода этилган ҳолда ҳал қилув қарори қабул қилади.
Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро суди томонидан аризачи Т.Р.нинг яшаганлик фактини белгилаш тўғрисидаги аризаси юзасидан юритилган фуқаролик иши суд муҳокамасида мазмунан кўриб чиқилиб, фуқаро Т.Р. Қирғизистон Республикасида туғилган бўлсада, у 1991 йилдан бугунги кунга қадар Жиззах вилояти Дўстлик тумани Манас маҳалла фуқаролар йиғинида яшаганлиги гувоҳларнинг тушунтиришлари, Дўстлик туман харбий хизматга чақирув бўлимида 13.03.1991 йилдан захирадаги харбий хизматчи сифатида рўйхатда туриши, 20.06.1991 йилда қонуний никохдан ўтиб турмуш қурганлигини, тўрт нафар фарзанди борлиги ҳолатлари суд муҳокамасида аниқланиб, тасдиғини топганлиги боис, аризачи Т.Р.нинг яшаганлик фактини белгилаш ҳақидаги аризаси қаноатлантирилиши, фуқаро Т.Р. 1991 йилдан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб келганлик факти белгиланди.
Хулоса ўрнида айтганда, бу тоифадаги ишларни кўриш Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ рўёбга чиқариш, фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилишдир.
Ботир Иноятов,
Фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро суди судьяси
