ЎЗБЕКИСТОН ФЕРМЕРЛАРИ КЕНГАШИНИНГ “ДАЛА МАДАНИЯТИ – ФЕРМЕР МАЖБУРИЯТИ” АСОСИДА ДАЛА ЧЕТЛАРИГА ЧОРВАЧИЛИК МАЖМУАЛАРИНИ ҚУРИЛИШИ ЮЗАСИДАН МУРОЖААТИ
2026-08-04 15:15:00 / Янгиликлар

Ҳурматли фермерлар!
Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида чорвачилик тармоғини ривожлантириш, унда замонавий ва самарали усулларни жорий этиш, шунингдек, фермер хўжаликларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шу муносабат билан, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида фермер хўжаликларига дала четларидан самарали фойдаланиш учун кенг имконият ва имтиёзлар яратилган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 31 октябрдаги «Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-322-сон қарорига мувофиқ, озуқабоп экинлар етиштириш учун 49 йил муддатга ижарага берилган ер участкаларида, шунингдек, пахтачилик-ғаллачилик ва чорвачилик йўналишида фаолият юритаётган фермер хўжаликларининг камида 10 гектар ер майдонининг 1 фоизи, бироқ 20 сотихдан ошмаган қисмида йирик ва майда шохли қорамолларни сақлаш учун енгил конструкцияли бинолар, сув резервуарлари ҳамда озуқа сақлаш омборхоналарини қуришга рухсат берилган.
Мазкур имтиёзлар фермер хўжаликларига чорвачилик фаолиятини янада ривожлантириш, мавжуд ер майдонларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, шунингдек, чорва моллари учун зарур шарт-шароитларни яратиш имконини беради.
Шунингдек, мазкур қарорга асосан фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан дала четларида чорва молларини сақлаш учун енгил конструкцияли бинолар, сув резервуарлари ва озуқа сақлаш омборхоналарини қуриш ҳамда улардан белгиланган тартибда фойдаланиш назарда тутилган.
Ҳурматли фермерлар, Сизларни яратилган мазкур имконият ва имтиёзлардан самарали фойдаланишга, чорвачиликни ривожлантириш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга муносиб ҳисса қўшишга чақирамиз.
Ҳурматли азиз фермерлар!
Чорвачилик мажмуаларини барпо этиш учун яратилган қуйидаги имтиёзлардан самарали фойдаланинг:
- озуқабоп ва мойли экинлар етиштириш учун 49 йил муддатга ижарага берилган ер участкаларида чорвачилик мажмуаларини ташкил этиш;
- умумий майдони камида 10 гектар бўлган пахтачилик-ғаллачилик ва чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларининг суғориладиган ерларида, яхлит контур майдони камида 2 гектар бўлган ҳолда чорвачилик объектларини жойлаштириш;
- қурилиш учун ажратилган ер участкасининг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари ўрнини қоплаш тўловларини ўн йил давомида ҳар йили тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи;
- 2026 йил 1 июлдан бошлаб тижорат банклари томонидан йиллик 10 фоиз ставкада, 4 йиллик имтиёзли давр билан 10 йил муддатга кредит маблағларини олиш имконияти;
- ҳар бир вилоятда камида битта туман чорвачиликка ихтисослаштирилиб, ушбу ҳудудларда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларида озуқабоп экинлар экишга устуворлик берилиши ҳамда 2027 йил ҳосилидан бошлаб экин майдонларининг 50 фоизигача озуқабоп экинларни жойлаштиришга рухсат берилиши.
Ҳурматли фермерлар!
Мазкур имкониятлардан самарали фойдаланиш учун қуйидаги тадбирларни амалга оширишингиз тавсия этилади:
Биринчидан, чорвачилик мажмуаси бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқинг ва тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида қурилиш ишларини бошланг.
Иккинчидан, қурилиш учун ажратилган ер участкасининг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари ўрнини қоплаш бўйича дастлабки тўловларни амалга оширинг. Шуни эътиборга олингки, ушбу тўловларни ўн йил давомида ҳар йили тенг улушларда тўлаш имконияти яратилган.
Учинчидан, ер ижараси шартномасига қурилиш учун ажратилган ер участкасидан самарали фойдаланишни назарда тутувчи қўшимчаларни киритинг. Бунда ҳар бир сотих ер майдонида камида шартли 3 бош қорамолни доимий сақлаш ва парваришлаш талаби назарда тутилади.
Тўртинчидан, енгил конструкцияли бинолар, сув резервуарлари ва озуқа сақлаш омборхоналарини ўз ичига олган чорвачилик объектларини белгиланган муддатларда қуриб, улардан самарали фойдаланишни йўлга қўйинг.
Ҳурматли фермер хўжаликлари раҳбарлари!
Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этиш ҳар бир фермернинг бурчи ҳисобланади. Шунингдек, Сиз қонунчиликда белгиланган мажбуриятларга ҳам қатъий амал қилишингиз лозим.
- Ўзбекистон Республикаси Ер кодексига мувофиқ, ер участкасидан оқилона ва белгиланган мақсадда фойдаланилмаган тақдирда, фермер хўжалигининг ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи бекор қилиниши мумкин.
- Чорвачилик объекти қурилиши якунланганидан сўнг 6 ой ичида лойиҳада назарда тутилган қувватга эришилмаган, яъни камида 60 бош йирик шохли қорамол ёки 100 бош майда шохли мол боқиш йўлга қўйилмаган тақдирда, мазкур объектдан белгиланган мақсадда фойдаланилмаётган деб баҳоланиши мумкин.
- Ажратилган ер участкасида қурилган чорвачилик объектидан белгиланган мақсаддан ташқари фойдаланилган тақдирда, ушбу объект фермер хўжалиги маблағлари ҳисобидан буздирилиши мумкин. Бунда бузилган объект учун ҳеч қандай компенсация тўланмайди.
- Фермер хўжалиги раҳбарлари юқорида келтирилган талабларни бажармаган тақдирда қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши мумкин. Жумладан:
- Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 90-моддасига мувофиқ – ер тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун;
- Ўзбекистон Республикаси Шаҳарсозлик кодексининг 85-моддасига мувофиқ – шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун;
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги 200-сон қарори билан тасдиқланган 2-, 4- ва 5-иловалардаги регламентлар талабларини бузганлик учун.
Қадрли фермерлар!
Дала четларида чорвачилик мажмуаларини ташкил этиш ва қуриш билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш, шунингдек, барча ташкилий тадбирларни ўз вақтида амалга оширишда туман ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳамда Фермерлар кенгашлари Сизга ҳар томонлама амалий кўмак кўрсатишга тайёр.
Чорвачилик тармоғини ривожлантириш, мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш ҳар биримизнинг муҳим вазифамиз эканлигини унутмайлик.
Азиз фермерлар!
Дала четида чорва мажмуалари қурилиш ҳужжатларини расмийлаштириш ва бошқа зарур тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш учун туман ҳокимликлари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги, Фермерлар кенгашлари Сизга амалий кўмакчидир.
Чорвачилик тармоғини ривожлантириш ҳар биримизнинг вазифамиз эканлигини унутмайлик.
Барчангизни мазкур эзгу ишда иштирок этишга чорлаб, иқтисодиётимизни юксалтириш, аҳолини гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлашда муносиб ҳиссангизни қўшишга ҳамда дала четидаги ердан оқилона фойдаланиб, кичик типдаги (бино) молхона ташкил этиб, қорамол, парранда ва асалари уясини ташкил этишни ўз муддатларида амалга оширишга даъват этамиз!
Ўзбекистон фермерлари Кенгаши
