Ижара шартномасига оид низолар тушунчаси
2026-07-29 09:30:00 / Янгиликлар
Ижара шартномасига оид низолар — бу мулкни ижарага бериш ва олиш вақтида томонлар ўртасида келиб чиқадиган ва қонуний йўл билан ҳал этилиши лозим бўлган келишмовчиликлардир. Бундай низолар ижара ҳақини ўз вақтида бермаслик ёки ижара ҳақини асоссиз ошириш, мулкни вақтида қайтармаслик, олинган бино ёки буюмни бузиб қўйиш, зарар етказиш ва уни тузатишдан бош тортиш ёки шартномани муддатидан олдин бекор қилиш сабабли юзага келади.
Мазкур низоларни ҳал этишда дастлаб тарафлар ўзаро музокара олиб бориб, ёзма келишувга келишга ҳаракат қилади. Келишувга эришилмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик ва Фуқаролик процессуал кодекси талаблари тартибида суд орқали ҳал қилинади.
Ижара шарномаси, мазкур шарномани тузиш, ҳисобга қўйиш ва бекор қилиш тартиби тўғрисида атрофлича тўхталсак.
Бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномаси бўйича ижарага берувчи ижарага олувчига бино ёки иншоотни вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш ёхуд вақтинча фойдаланиш учун топшириш мажбуриятини ўз зиммасига олади.
Уй-жойнинг ижара шартномаси ёзма шаклда тузилади ва давлат солиқ органларида мажбурий ҳисобга қўйилиши керак, шартномани нотариус орқали тасдиқлаш талаб этилмайди.
Уй-жойни ижарага бериш шартномасининг муддати - 5 йилгача.
Шартномани ҳисобга қўйиш шартнома тузилган кундан 3 кундан кечиктирмай ijara.soliq.uz портали орқали бепул амалга оширилади ва бу ижарага берувчининг мажбурияти ҳисобланади.
Ижара шартномаларини ҳисобга қўйиш хизмати - юридик ва жисмоний шахслар томонидан тузилган кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг ягона нуқтаси ҳисобланади.
Шартномани ҳисобга қўйиш Давлат солиқ қўмитасининг ахборот тизими орқали фақат электрон шаклда амалга оширилади.
Ижарага берувчи томонидан тизим орқали юборилган шартнома ижарага олувчи томонидан 5 кунда тасдиқланмаса шартнома солиқ органларида ҳисобга олинмайди. Шартнома ҳисобга қўйилганда QR-кодли гувоҳнома берилади.
Шартнома тарафлар келишувига биноан ёки бошқа тартибда муддатидан олдин бекор қилинса ёки ҳақиқий эмас деб топилса, ижарага берувчи томонидан онлайн ҳисобдан чиқарилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 апрелдаги 150-сон қарори 1-иловаси билан тадиқланган Кўчмас мулк ижара ёки текин фойдаланиш шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш
Маъмурий регламентига мувофиқ амалга оширилади.
Тузилган шартномани солиқ органлари ҳисобига қўймаслик жарима солишга сабаб бўлади.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 1591-моддасида фуқаролар ўртасида турар жойни ижара шартномасисиз ижарага берганлиги учун айбдор шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бароваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 611-моддасида, уй-жой учун тўланадиган ҳақнинг миқдори тарафларнинг ўзаро келишувига биноан уй-жойни ижарага бериш шартномасида белгилаб қўйилади.
Уй-жой учун тўланадиган ҳақнинг миқдори бир томонлама ўзгартирилишига йўл қўйилмайди.
Фуқаролик кодексининг 615-моддасига кўра, уй-жойни ижарага бериш шартномаси тарафларнинг келишуви билан бекор қилинади.
Ижарага олувчи уй-жойдан бошқа мақсадда фойдаланса ёки қўшниларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини бузса, ижарага берувчи ижарага олувчини қоидабузарликка йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантириши мумкин.
Ижарага олувчи бундан кейин ҳам қоидабузарликларни давом эттирса, ижарага берувчи шартномани суд тартибида бекор қилишга ҳақли.
Ботир Иноятов,
Фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро суди судьяси
