МУНОСАБАТ
2026-07-21 20:45:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда «Жиззах вилояти Дўстлик тумани ҳокими чиқараётган қарорларни ким текширади, қарорлар қонунийми ёки йўқ?» сарлавҳаси остида тарқатилаётган маълумот юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Аввало, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган ҳар қандай қарор ва бошқа қонуности ҳужжатлари амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этилган ҳолда тайёрланади. Бундай ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари, Президент фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ҳолда ишлаб чиқилади ва уларга зид бўлишига йўл қўйилмайди.
Шунингдек, ҳокимликда тайёрланаётган ҳар бир ҳужжат белгиланган тартибда ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади. Лойиҳалар ҳуқуқшунослар томонидан амалдаги қонунчиликка мувофиқлиги юзасидан синчиклаб кўриб чиқилиб, фақат шундан кейингина қабул қилиш учун тақдим этилади.
Шу боис, ҳоким қарорлари ҳеч қандай ҳуқуқий асосларсиз ёки назоратсиз қабул қилинади, деган талқинлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бундай фикрлар амалдаги қонунчилик тартиб-таомилларини етарлича билмаслик ёки масалага бир ёқлама ёндашиш натижасида юзага келиши мумкин.
Жамоатчиликни ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ҳар қандай маълумотга танқидий ёндашишга, уни расмий ва ишончли манбалар орқали текширишга чақирамиз. Давлат органлари фаолияти қонун устуворлиги, очиқлик ва жавобгарлик тамойиллари асосида амалга оширилади.
Дўстлик тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
