ҒАЛЛА ЎРИМ-ЙИҒИМИНИ УЮШҚОҚЛИК БИЛАН ЎТКАЗИБ, МЎЛ ҲОСИЛ ОЛИШГА ЭРИШИНГ ВА ДАВЛАТГА ДОН СОТИШ МАЖБУРИЯТЛАРИНИ УНУТМАНГ!
2026-06-09 18:05:00 / Янгиликлар

Жиззах вилоят фермерлар кенгаши Раёсати аъзоларининг
МУРОЖААТИ
Ҳурматли фермерлар!
Мамлакатимизда лафзи ҳалол деҳқон ва фермерларнинг заҳматли меҳнатлари эвазига далаларда улкан ғалла ҳосили яратилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган кўплаб фармон ва қарорлар, Сиз, азиз деҳқон ва фермерларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдаги улкан ютуқларингизга мустаҳкам замин яратмоқда.
Айни пайтда вилоятимизнинг кўплаб туманларидаги фермер хўжаликлари ғалла ўрим-йиғимини уюшқоқлик билан олиб бориб, давлат захирасига ортиғи билан дон топширмоқда ва етиштирилган мўл ҳосил эвазига катта даромадга эга бўлмоқда.
Масалан, Арнасой, Дўстлик, Мирзачўл, Зафаробод, Пахтакор туманларидаги кўплаб ғаллачилик фермер хўжаликлари ҳозирнинг ўзидаёқ ҳар гектар майдондан 100-120 центнердан ошириб, юксак хирмон кўтаришга эришдилар. Ушбу туманлардаги 20 та фермер хўжалиги 100-120 центнердан ҳосил олгани таҳсинга лойиқдир. Жумладан, Арнасой туманида “Қоробдоллик Алишер” фермер хўжалиги жорий мавсумда 30 гектар майдонда етиштирилган ғалладан ҳар бир гектардан 107 центнер, Дўстлик туманида “1-сентябр” фермер хўжалиги 56 гектар майдондан 102 центнер, “Севдиёр даласи” фермер хўжалиги 30 гектардан 104 центнер, “Алижон Низом” фермер хўжалиги 31 гектар майдондан 103 центнер, “Акмал Бахром” фермер хўжалиги
54 гектар майдондан 108 центнер “Қўнғирот-1” фермер хўжалиги
45 гектар майдондан 102 центнер “Органик кропс” фермер хўжалиги
8 гектар майдондан 114 центнер, Мирзачўл туманида “Жиззах тонги” фермер хўжалиги 29 гектар майдондан 104 центнер “Можрум булоғи” фермер хўжалиги 17 гектар майдондан 113 центнер, “Парвоз пахтабод” фермер хўжалиги 30 гектар майдондан 103 центнер, “Илхом Абдумаликов” фермер хўжалиги 15 гектар майдондан 107 центнер, “Хушвақов Абар” фермер хўжалиги 17 гектар майдондан 113 центнер, Зафаробод туманида “Дониёр Одилов” фермер хўжалиги 30 гектар майдондан 104 центнер, “Мададкор қуш” фермер хўжалиги 26 гектар майдондан 109 центнер, “Гулчирой ифори” фермер хўжалиги 25 гектар майдондан 109 центнер, “Пахта сояси” фермер хўжалиги 30 гектар майдондан 103 центнер ҳамда Пахтакор туманида “Камар” фермер хўжалиги 51 гектар майдондан 104 центнер, “Мухаммадкарим шодаси” фермер хўжалиги 25 гектар майдондан 104 центнер, “Данақул ота ЭА” фермер хўжалиги 27 гектар майдондан 108 центнер, “Сайидқосим ота” фермер хўжалиги 67 гектар майдондан 122 центнердан ҳосил кўтариб, давлат хирмонига белгиланган донни ортиғи билан сотишди ва ўз даромадларини оширдилар.
Азиз фермерлар!
Ғаллачилик борасида яратилган имтиёз ва имкониятлардан унумли фойдаланинг, Президентимизнинг 2026 йил 8 майдаги “Ғўза ва буғдой етиштирувчиларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-82-сонли фармони ва бошқа қарорлар билан Сиз фермерларга қатор имтиёзлар берилди. Жумладан:
-буғдой етиштириш харажатлари учун ажратилган имтиёзли кредитларни ҳосил йилининг 1 августига қадар тўлиқ қоплаган хўжаликларга ушбу кредитлар бўйича тўланган фоиз тўловининг
4 фоизлик пункт маблағлари фермер хўжаликларига қайтариб берилади;
-2026 йил ҳосилидан бошлаб ғаллани ўз маблағлари ёки тижорат кредитлари ҳисобидан етиштириб, уни белгиланган тартибда биржа савдолари ёки давлат ресурси учун реализация қилган қишлоқ хўжалиги корхоналарига маҳсулот қийматининг 10 фоизи миқдорида субсидия берилади;
-2026 йилдан банк кредитларини олмасдан, ўз маблағлари ҳисобидан ёмғирлатиб суғоришни жорий қиладиган фермерлар учун шартномалар асосида субсидиянинг 50 фоизи олдиндан ажратилаши ҳамда технологиялар ўрнатилиб, ишга туширилгандан сўнг қолган 50 фоизи тўлаб берилиши йўлга қўйилди;
-давлат буюртмаси асосида бошоқли дон етиштириш амалиёти бекор қилиниб, соҳада босқичма-босқич бозор тамойилларини жорий этилди;
-фермер хўжаликларига ғалла етиштириш учун ажратилган имтиёзли кредит маблағларидан эркин фойдаланиш ҳамда хизмат кўрсатувчи ва ресурс етказиб берувчиларни ихтиёрий танлаш ҳуқуқи берилди;
-донни харид қилиш ҳамда сотишда биржа механизмининг жорий этилиши каби имтиёзлар қўлланилаётгани туфайли фермерларнинг маблағлари тежаляпти ва иқтисодий имкониятлари ошаяпти ҳамда ғалладан юқори ҳосил олиш учун пухта замин яратилди.
Қадрли фермерлар!
Ҳар бир кун ғанимат эканлигини теран ҳис этган ҳолда қуйидаги ишларни ўз вақтида амалга оширишни унутманг!
биринчидан, етиштирган ҳосилни қисқа муддатларда йиғиштириб олинг, ҳатто бир кун бўлса-да, ўримни кечиктирсангиз, ҳар кунига бир центнердан ҳосилдорлик йўқотишингиз мумкин. Ғаллани давлат захирасига сотиб, зиммадаги мажбуриятингизни тўлиқ бажаришга эришинг ва давлат жамғармасидан олинган имтиёзли кредитларни ўз вақтида қайтариб, 4 фоизли имтиёзга эга бўлинг;
иккинчидан, ҳар гектар майдондан 100 центнердан ва ундан ортиқ ҳосилдорликка эришиб, юқори даромад олинг;
учинчидан, ғалладан бўшаган майдонларни пешма-пеш сомондан тозалаб, даромадли ва экспортбоп экинларни экишни ташкил этинг;
тўртинчидан, маҳаллангиздаги кам таъминланган оилаларга, ёшларга ҳамда хотин-қизларга такрорий экин экиш учун ер ажратиб, саховатпешалик қилишни унутманг;
бешинчидан, мамлакатимиз аҳолисини сифатли нон ва нон маҳсулотлари билан таъминлашда беминнат ҳисса қўшинг.
Халқимизнинг фаровон яшаши ва дастурхонимизнинг тўкин-сочин бўлиши, бозорларимиз нон ва нон маҳсулотларга тўла ва арзон, турмушимиз янада фаровон бўлиши айнан Сизнинг бугунги ғалла ўримини уюшқоқлик билан ўтказишга ва давлат захирасига сотишга боғлиқлигини унутманг.
Мамлакатимиз тараққиёти ва юксалишига муносиб ҳисса қўшиш учун барчангизни фидойилик билан сидқидилдан ишлашга чорлаймиз!
Жиззах вилоят фермерлар кенгаши Раёсати аъзолари
