“Шижоат ва ғайрат” ҳарбий-спорт мусобақасининг туман босқичи юқори савияда ташкил этилди
2026-04-21 18:30:00 / Янгиликлар

Дўстлик туманида ёшларнинг жисмоний тайёргарлиги ва ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлашга қаратилган “Шижоат ва ғайрат” ҳарбий-спорт мусобақасининг туман босқичи юқори савияда ташкил этилди.
Мусобақада тумандаги 12 та маҳалладан 18–22 ёш тоифасидаги ёшлар жамоалари фаол иштирок этди. Беллашувлар иштирокчиларнинг жисмоний чидамлилиги, эпчиллиги ҳамда ҳарбий кўникмаларини синашга қаратилган қатор шартлар асосида ўтказилди.
Жумладан, мусобақа Низомига кўра:
— ўғил болалар ўртасида турникда тортилиш;
— ўқув гранатасини узоқликка улоқтириш;
— қисқа масофага югуриш (ўғил болалар — 200 метр, қизлар — 100 метр);
— узоқ масофага югуриш (ўғил болалар — 2000 метр, қизлар — 800 метр);
— АК-74 (Калашников автомати)ни тўлиқ ва нотўлиқ қисмларга ажратиш ҳамда йиғиш;
— мерганлар беллашуви (пневматик қуролдан ўқ узиш) каби синовлар киритилди.
Мусобақа давомида иштирокчилар ўзларининг жисмоний имкониятлари билан бирга, интизом, тезкорлик ва аниқлик каби муҳим сифатларини намоён этдилар.
Якуний натижаларга кўра:
🥇 1-ўрин — “Бунёдкор” маҳалласи
🥈 2-ўрин — “Саритепа” маҳалласи
🥉 3-ўрин — “Чинобод” маҳалласи жамоаларига насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди. Бундай мусобақалар ёшларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш, уларни ҳарбий хизматга тайёрлаш ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.









