Жиззах вилояти ҳокими кубоги ва 2-лига финалида Дўстлик тумани жамоаси 2-ўринни эгаллади
2026-04-11 23:50:00 / Янгиликлар

Футзал бўйича Жиззах вилояти ҳокими кубоги ҳамда 2-лига баҳсларининг энг кутилган — финал учрашуви якунига етди. Бугунги ўйин нафақат мусобақа якуни, балки бутун мавсум давомидаги меҳнат ва интилишларнинг ҳақиқий синови бўлди.
Дўстлик тумани спорт мажмуасида ўтказилган баҳсда мезбон — “Дўстлик” жамоаси ва муносиб рақиби “Эзгу ният” жамоаси ғалаба учун шиддатли курашга киришди.
Майдон эгалари ва меҳмонлари баҳси тенг курашларда ўтди. Асосий вақтнинг сўнгги сонияларигача томошабинлар ҳаяжон билан ўтиришди. Ортда бораётган мезбонлар ўйин охирида ҳисобни тенглаштиришди. Натижа — 3:3 ҳисобидаги дуранг. Қайноқ баҳс қўшимча вақтга ўтди.
Қўшимча таймнинг иккинчи бўлимининг сўнгги дақиқаларида “Эзгу ният” жамоаси аъзолари мезбонлар дарвозасига ҳал қилувчи тўпни киритиб, ғалабани қўлга киритдилар.
Тақдирлаш маросими эса алоҳида тантана билан ўтди. Унда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда БМБ Жиззах жамоалари учинчи ўринни, “Дўстлик” жамоаси иккинчи ўринни, “Эзгу ният” жамоаси эса биринчи ўринни эгаллади.
Мусобақа ғолиби ва совриндорлари вилоят ҳокими ўринбосари Зафар Рўзиев, Дўстлик тумани ҳокими Шавкат Дарвишев ва бошқа расмий меҳмонлар томонидан медаллар ва пул мукофотлари билан тақдирланди.
Бу мусобақа фақат спорт натижаси эмас. У ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тарғиботи, жамоавийлик ва дўстлик руҳини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Дўстлик тумани спорт мажмуаси бугун яна бир бор Жиззах футзалининг янги саҳифасини очди. Мавсум якунланган бўлса-да, бу ғалабалар ва мағлубиятлар ортида янги орзулар, янги интилишлар қолмоқда.
