Бугун Дўстлик туманида 1-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳамда “Баркамол авлод” болалар мактабининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
2025-12-01 17:10:00 / Янгиликлар

Тадбирда таълим соҳаси вакиллари, ота-оналар ҳамда жамоатчилик иштирок этди. Маросимда туман ҳокимининг ўринбосари Санобар Қаюмова сўзга чиқиб, мамлакатимизда болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар учун замонавий таълим ва тарбия шароитларини яратиш борасида ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотларни алоҳида таъкидлади. Шунингдек, мазкур ташаббуслар Дўстлик туманида ҳам изчил амалга оширилаётгани, янги муассасалар фаолияти ёш авлоднинг билим ва кўникмаларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Таъкидланганидек, Дўстлик туманида 3–6 ёшли болалар сони жами 5973 нафарни ташкил этади. Шундан 4782 нафар бола мактабгача таълим билан қамраб олинган бўлиб, бу умумий қамровнинг 82 фоизини ташкил қилади.
Ғафур Ғулом МФЙ, У.Носир кўчасида жойлашган 1-сонли ДМТТ 180 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда 5 та асосий гуруҳ,
1 та қисқа муддатли гуруҳ, 1 та мажбурий мактабга тайёрлов гуруҳи фаолият юритади.
Ташкилотда болалар тарбияси ва таълими билан 14 нафар педагог шуғулланади. Таъмирдан кейин боғчада болажонлар учун ҳам, тарбиячилар учун ҳам зарур барча шароитлар яратиб берилди.
“Баркамол авлод” болалар мактабида ҳозирги кунда 800 нафар ўқувчи қамраб олинган.
Ушбу масканда 25 та тўгарак фаолият юритиб, қуйидаги йўналишлар бўйича ўқувчиларга билим ва кўникмалар берилмоқда:
-IT ва робототехника,
-хорижий тиллар,
-мактабгача ва олий таълимга тайёрлов курслари,
-санъат ва маданият,
-ҳунармандчилик ва қўл меҳнати,
-спорт йўналишлари шулар жамласидандир.
Мазкур тўгаракларда жами 35 нафар малакали педагог фаолият олиб бориб, ёшларнинг иқтидори ва қобилиятини ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда.
Муассасанинг қисқа фурсатларда таъмирдан чиқарилиши ишчи-ходимларга кўтаринки кайфият бағишлади.






