Savol-javoblar
Сув хўжалиги бўйича аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан тез-тез бериладиган саволларга жавоблар
Ўзбекистон Республикаси “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунининг асосий вазифалари нималардан иборат?
Жавоб: Ўзбекистон республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида"ги Қонунининг вазифалари сувга доир муносабатларни тартибга солишдан, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари учун сувдан оқилона фойдаланишдан, сувни булғаниш, ифлосланиш ва камайиб кетишидан сақлашдан, сувнинг зарарли таъсирини олдини олиш ва уни бартараф қилишдан, сув объектларининг ҳолатини яхшилашдан, шунингдек сувга доир муносабатлар соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборатдир.
Ўзбекистонда қандай сув хўжалиги иншоотларидан фойдаланилади?
Жавоб: Мамлакатимиз сув хўжалиги тизимида сув омборлари, сел сув омборлари, канал (магистрал, туманлараро, хўжаликлараро), лотоклар, насос станцияси (суғориш ва мелиоратив), тик қудуқлар (суғориш ва мелиоратив), коллектор (магистрал, туманлараро, хўжаликлараро), очиқ ва ёпиқ дренажлар, пъезометрлар, дюкер, акведук, гидроузел, сув тўсувчи иншоотлар, сув тақсимловчи иншоотлар ва бошқа сув хўжалиги иншоотларидан фойдаланилади.
Гидромодуль ва унинг бирлиги нима?
Жавоб: Гидромодуль – 1 гектар экин майдонини суғориш учун бир секундда сарфланадиган сув сарфидир, бирлиги – л/сек/га.
Дренаж модули нима?
Жавоб: 1 секундда 1 га майдондан чиқиб кетган сув миқдорига айтилади.
Суғориш меъёри (оросительная норма) нима?
Жавоб: Ўсимликнинг ўсиб-ривожланиши учун усимликнинг вегетатив даврида суғориш учун сарфланадиган сув миқдори тушинилади. Масалан: Наманган вилояти шароитида пахта учун – 5500 куб метр/гектар, ғалла учун -3300 куб метр/гектар, сабзавот учун – 11000 куб метр/гектар, шоли учун – 22000 куб метр/гектар.
Суғоришда сувни тежайдиган технологияларнинг қайси турлари мавжуд?
Жавоб: Томчилатиб, ёмғирлатиб, ер остидан, субирригация, плёнка тўшаб суғориш ва кўчма эгилувчан қувурлар орқали.
Каналнинг фойдали иш коэффиценти (ФИК) нима ва у қандай топилади?
Жавоб: Каналнинг бошидаги сув сарфини каналнинг охиридаги сув сарфига нисбати орқали топилади.
Масалан: Канал бошидан 100 куб метр/сек сув очилган, шу очилган сув каналнинг охирига 75 куб метр /сек бўлиб етиб борди. Демак, 75/100 = 0,75 каналнинг фойдали иш коэффиценти 0,75 га тенг экан.
Суғориш тизимининг фойдали иш коэффициэнти (ФИК) қандай топилади?
Жавоб: Суғориш тизимининг ФИК каналларнинг ФИКлари кўпайтмасига тенг.
Мисол учун: хўжалик ички ариғи ФИК – 0,9, хўжаликлараро канал ФИК – 0,85, магистрал канал ФИК – 0,85 бўлса 0,9 х 0,85 х 0,85 = 0,65 бўлади.
Сувнинг тезлигини ўлчашнинг қандай усуллари мавжуд?
Жавоб: Гидрометрик вертушка ёрдамида, пўкак ёрдамида ва бошқ.
Сув сарфини ўлчаш иншоотларининг қандай турлари мавжуд?
Жавоб: “Чиполетти”, “Томпсон”, ИСМИТИ сув ўлчаш остонаси ва сув ўлчаш нови, қувурли, ўзгармас ўзан ва бошқалар.
“Чипполетти” сув ўтказгичининг кўндаланг кесим юзаси қандай шаклда?
Жавоб: Трапеция.
“Томсон” сув ўтказгичининг кўндаланг кесим юзаси қандай шаклда?
Жавоб: Учбурчак.
Гидротехника иншооти нима?
Жавоб: Гидротехника иншоотлари – сув тўпловчи, сув ўтказувчи, сув сатҳини кўтарувчи, сув тўсувчи, сув оқимини бошқарувчи ва бўлувчи иншоотлар мажмуидир.
Сув омборларнинг турлари ва вазифалари нималардан иборат?
Жавоб: Сув омборлар 2 хил бўлади: ўзанда жойлашган ва қуйилма. Уларнинг вазифаси сувни ростлаш, яъни сув кўп бўлган вақтда сувни йиғиб, керакли вақтда етказиб бериш.
