Вазирликнинг асосий вазифалари ва функциялари
Вазирликнинг асосий вазифалари ва функциялари
Вазирликнинг асосий вазифалари ва функциялари
1. Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
сув ресурсларини бошқариш, сувларнинг ҳисоби, ҳисоботи ва балансини шакллантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
республика аҳолиси, иқтисодиёт тармоқлари ва атроф-муҳитнинг сувга бўлган ҳамда муттасил ошиб бораётган эҳтиёжларини қондириш учун шарт-шароитлар яратиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш;
сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва қурилиш ишларини сифатли ташкил этиш, шунингдек, хавф даражаси юқори бўлган сув хўжалиги объектларини лойиҳалаштириш ва экспертиза қилиш ишларини ташкил қилиш;
ҳар бир лойиҳанинг иқтисодий самарадорлигини ҳамда сув хўжалиги объектининг хавфсизлигини аниқ кўрсаткичлар ва мезонлар асосида чуқур таҳлил қилиш орқали унинг устуворлигини белгилаш ва амалга ошириш;
хавф даражаси юқори бўлган гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини, ишончли ишлашини ва қўриқланишини ҳамда ирригация тизимлари ва суғориш тармоқларидан фойдаланиш жараёнида уларнинг барқарор ишлашини назорат қилиш;
сув хўжалигида бозор иқтисодиёти тамойиллари, давлат-хусусий шериклик механизмлари ва аутсорсингни жорий қилиш;
сув хўжалиги соҳасида ресурс тежайдиган технологиялар, замонавий қурилиш материаллари, илғор хорижий тажрибани кенг қўллашни ташкил қилиш;
сув хўжалиги объектларини бошқариш, сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини ҳамда Давлат сув кадастрини юритиш ва тегишли маълумотлар базасини шакллантиришда рақамли технологияларни жорий қилиш;
электр энергиясидан самарали фойдаланиш ҳамда унинг истеъмоли бўйича шаффофликни таъминлаш;
трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланиш бўйича давлатлараро муносабатларни ривожлантириш, сув хўжалиги соҳасидаги халқаро ташкилотлар фаолиятида фаол иштирок этиш, хорижий инвестиция ва грант маблағлари ҳамда техник кўмакларни жалб қилиш;
сув хўжалиги соҳасидаги мутахассислар малакасини оширишни тизимли ташкил этиш, сув хўжалиги ташкилотлари билан таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ўртасидаги интеграцияни кучайтириш, фан ва техника ютуқларини амалиётга жорий этишни тизимли ташкил қилиш.
2. Вазирлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) сув ресурсларини бошқариш, сувларнинг ҳисоби, ҳисоботи ва балансини шакллантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш соҳасида:
сув хўжалигини ривожлантириш концепцияси ва уни амалга ошириш стратегиясини, шунингдек, ирригацияни ривожлантириш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича дастурларни ошкоралик асосида ишлаб чиқади;
ер усти сувлари объектларида сувнинг оқилона бошқарилиши, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларига риоя этилишини ҳамда ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлайди;
глобал иқлим ўзгариши ва Орол денгизи қуришининг аҳоли ҳаёти ва фаолиятига салбий таъсирини камайтириш ҳамда Оролбўйи ҳудудида сув хўжалиги вазиятини барқарорлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқишда иштирок этади;
ягона сув балансини шакллантиради, шунингдек, Давлат сув кадастри юритилишини ташкил қилади;
сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари, шунингдек, иқтисодиётнинг барча тармоқларида (коммунал соҳадан ташқари) сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича маълумотлар базасини яратади;
хавф даражаси юқори бўлган гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги, ишончли ишлаши ва қўриқланиши ҳамда ирригация тизимлари ва суғориш тармоқларидан фойдаланишни ташкил қилади;
хорижий ва халқаро ташкилотлар, консультантлар ва мутахассислар билан ҳамкорлик қилиш ҳамда уларни миллий норматив ҳужжатлар базасини такомиллаштиришга жалб қилади;
тегишли республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан биргаликда сув ресурсларини бошқариш, сувларнинг зарарли таъсирининг олдини олиш ва тугатиш бўйича чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
давлат сиёсатининг сув хўжалиги соҳасидаги асосий йўналишлари, сув хўжалигини ривожлантириш концепцияси, уларни амалга оширишнинг стратегия ва механизмлари бўйича Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда таклифлар киритади;
б) республика аҳолиси, иқтисодиёт тармоқлари ва атроф-муҳитнинг сувга бўлган ҳамда муттасил ошиб бораётган эҳтиёжларини қондириш учун шарт-шароитларни яратиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш соҳасида:
сув ресурсларини интеграциялашган бошқариш тамойилларини жорий қилиш ва сувдан комплекс фойдаланиш орқали иқтисодиёт тармоқларини сув билан барқарор таъминлайди, сув хўжалигини ривожлантиришнинг истиқболли схемаларини ишлаб чиқади;
ўрта ва қуйи бўғинда сувдан самарали фойдаланишни ташкил этиш, унинг зарарли таъсирларининг олдини олиш бўйича энг мақбул чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;
мамлакат сув хавфсизлигини таъминлаш ҳамда сув ресурсларини самарали бошқариш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатларга мўлжалланган комплекс тадбирларни ишлаб чиқади;
сув ресурслари прогнозларини комплекс таҳлил қилади ва сув ресурслари балансларини ишлаб чиқади, сув манбалари, ирригация тизимлари, иқтисодиёт тармоқлари, ҳудудлар, сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари, шунингдек, геология ва минерал ресурслар органлари билан келишилган ҳолда ер ости сувлари бўйича сув олиш лимитларини белгилайди;
сунъий сув объектлари сувидан махсус фойдаланиш ва сувни махсус истеъмол қилиш учун белгиланган тартибда рухсатномалар беради, табиий ер усти сув объектлари сувидан махсус фойдаланиш ва сувни махсус истеъмол қилишга рухсатномалар беришни келишади;
сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли бўйича қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини белгиланган тартибда ишлаб чиқади ҳамда такомиллаштиради;
оммавий ахборот воситалари, шунингдек, анжуманлар, семинарлар, тренинглар ва бошқа тадбирларни ўтказиш орқали сув ресурсларини асраш ва улардан тежамли фойдаланиш бўйича тарғибот ишларини олиб боради;
таълим муассасаларининг ёш авлодни сувдан авайлаб-асраб фойдаланиш руҳида тарбиялаш ва сувдан фойдаланиш маданиятини ошириш бўйича тадбирларида иштирок этади;
замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, сув бўйича оммабоп ресурслар, билимлар базасини яратиш ва ривожлантириш ишларини ташкил қилади;
в) сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва қурилиш ишларини сифатли ташкил этиш, шунингдек, хавф даражаси юқори бўлган сув хўжалиги объектларини лойиҳалаштириш ва экспертиза қилиш ишларини ташкил қилиш соҳасида:
кўп йиллик тажрибага ва етарли малакага эга бўлган халқаро консультантлар, хорижий мутахассислар билан белгиланган тартибда музокаралар олиб боради;
сув омборлари, сел-сув омборлари ва хавф даражаси юқори бўлган бошқа сув хўжалиги объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда экспертиза қилиш, шунингдек, уларнинг хавфсизлик мезонларини ишлаб чиқишга халқаро консультантлар, хорижий мутахассислар билан белгиланган тартибда тегишли шартномаларни расмийлаштиради ҳамда уларни халқаро нормаларга асосан жалб қилади;
сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир қиладиган ташкилотлар, иншоотлар ҳамда бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш бўйича лойиҳаларни кўриб чиқади ва белгиланган тартибда келишади;
г) ҳар бир лойиҳанинг иқтисодий самарадорлигини ҳамда сув хўжалиги объектининг хавфсизлигини аниқ кўрсаткичлар ва мезонлар асосида чуқур таҳлил қилиш орқали унинг устуворлигини белгилаш ва амалга ошириш соҳасида:
Вазирлик ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан самарали фойдаланишни таъминлаш тўғрисидаги кўрсатмаларини кўриб чиқади;
устувор лойиҳаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасининг инвестиция ҳамда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларига киритиш ва тегишли маблағларни ажратиш бўйича ваколатли органларга таклифлар киритади;
сув омборлари, сел-сув омборлари ва хавф даражаси юқори бўлган бошқа сув хўжалиги объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича устувор лойиҳаларнинг техник топшириқларини, шунингдек, лойиҳа ҳужжатларини белгиланган тартибда тасдиқлайди;
д) хавф даражаси юқори бўлган гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини, ишончли ишлашини ва қўриқланишини ҳамда ирригация тизимлари ва суғориш тармоқларидан фойдаланиш жараёнида уларнинг барқарор ишлашини назорат қилиш соҳасида:
гидротехника иншоотларининг ҳолатини ҳамда хавфсизлик декларацияларига ва мезонларига мувофиқлигини текширишни ташкил этади;
гидротехника иншоотларининг техник ҳолатини жойида ўрганиш, натурада кузатиш ва диагностика қилиш ишларини амалга оширади;
тегишли вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар билан биргаликда давлатлараро ва чегаравий сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш масалаларини чегарадош давлатлар билан тартибга солишда иштирок этади;
гидротехника иншоотлари хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича халқаро ҳамкорликни амалга оширади;
хўжалик фаолиятини ёки бошқа фаолиятни амалга ошириш учун гидротехника иншоотлари ҳудудларидан, дарёлар ўзанлари ва уларга туташ иншоотларнинг қуйи ва юқори ҳудудларидан (сув муҳофазаси зоналарида ер участкалари бериш бундан мустасно) фойдаланишни келишади;
ваколатли органларга сув муҳофазаси зоналарини, сув омборлари, дарёлар, каналлар ва коллекторларнинг соҳилбўйи минтақаларини белгилаш ишларини ташкил этишда кўмаклашади, ушбу зоналар ва чизиқларга қўйиладиган талабларнинг бажарилишини назорат қилади;
гидротехника иншоотларини жойлаштириш ва уларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқишга доир техник топшириқларни ҳамда фойдаланиш бўйича қоидаларни келишади;
гидротехника иншоотларининг хавфсизлик декларацияларини давлат экспертизасидан ўтказади ва белгиланган тартибда тасдиқлайди;
гидротехника иншоотларининг хавфсизлик қоидаларини ишлаб чиқади ва мезонларини белгилайди;
гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги соҳасида қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади;
гидротехника иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларини лойиҳа, буюртмачи ва пудрат ташкилотлари ҳамда тегишли вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар мутахассисларини жалб этган ҳолда ўрганади ҳамда тегишли таклиф ва хулосалар беради;
гидротехника иншоотларини фойдаланишга қабул қилиш бўйича ишчи ва Давлат комиссиялари таркибида иштирок этади ҳамда тегишли таклиф ва хулосалар беради;
гидротехника иншоотларини консервациялаш ва тугатиш бўйича лойиҳаларни ўрганиб чиқади ҳамда тегишли таклиф ва хулосалар беради;
е) сув хўжалигида бозор иқтисодиёти тамойиллари, давлат-хусусий шериклик механизмлари ва аутсорсингни жорий қилиш соҳасида:
алоҳида сув хўжалиги объектларини фермер хўжаликлари, кластерлар ва бошқа ташкилотларга давлат-хусусий шериклик асосида фойдаланишга бериш ҳамда аутсорсингни жорий қилиш дастурларини шакллантиради;
давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича хусусий шериклар билан музокаралар олиб боради, уларга лойиҳаолди ҳужжатларини тайёрлашда кўмаклашади ва молиявий хулоса олиш, кўриб чиқиш ҳамда келишиш учун ваколатли давлат органига тақдим қилади;
ижобий хулосалар олинган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича лойиҳа битимини ишлаб чиқади, тасдиқлаш ва белгиланган тартибда реестрга киритиш учун ваколатли давлат органига тақдим қилади;
давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширади;
давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг амалга оширилиши ҳамда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларига риоя этилиши юзасидан мониторинг юритади ва самарадорлигини таҳлил қилади;
ж) сув хўжалиги соҳасида ресурс тежайдиган технологиялар, замонавий қурилиш материаллари, илғор хорижий тажрибани кенг қўллашни ташкил қилиш соҳасида:
қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилишни қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирларни амалга оширишда талаб этиладиган маблағларни белгиланган тартибда Давлат бюджети параметрларида назарда тутиш учун асосланган таклифларни тайёрлайди;
сувни тежайдиган суғориш технологияларини такомиллаштириш, уларнинг самарадорлигини ошириш ва янгиларини яратиш бўйича илмий-тадқиқот ҳамда лойиҳа-конструкторлик ишларини кенгайтириш, янги ишланмаларни амалиётга жорий қилиш ишларини ташкил қилади;
пахта хомашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари харажатларининг бир қисмини қоплаш учун белгиланган тартибда субсидия ажратади;
сув хўжалиги қурилишида ресурсларни тежайдиган технологиялар ва илғор хорижий тажрибаларни кенг қўллаш, илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш чорасини кўради;
з) сув хўжалиги объектларини бошқариш, сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини ҳамда Давлат сув кадастрини юритиш ва тегишли маълумотлар базасини шакллантиришда рақамли технологияларни жорий қилиш соҳасида:
йирик сув хўжалиги объектларини бошқаришни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида автоматлаштиради;
сув хўжалиги объектларида сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритишда рақамли технологияларни жорий қилади ҳамда улардан самарали фойдаланишни таъминлайди;
сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритишда шаффофлик ва ошкораликни таъминлаш, кўп йиллик маълумотлар базасини шакллантиради ҳамда тегишли маълумотларни Вазирлик расмий веб-сайтида ёритиб боради;
ер ости сувларининг ҳолати ва кўрсаткичларини рақамли технологиялар асосида мониторинг қилади;
сув хўжалигини рақамлаштиришга халқаро молия институтлари, хорижий давлатлар, халқаро ва чет эл ташкилотлари ҳамда жамғармаларни жалб этади;
и) электр энергиясидан самарали фойдаланиш ҳамда унинг истеъмоли бўйича шаффофликни таъминлаш соҳасида:
насос станцияларида сувнинг ҳисоби ва электр энергияси истеъмолини рақамли технологиялар асосида мониторингини юритади;
сувдан фойдаланиш ва электр энергияси истеъмоли бўйича шаффоф тизимни жорий қилади;
сувдан фойдаланиш ва электр энергияси истеъмоли бўйича маълумотларни тизимли таҳлил қилиб боради ҳамда ушбу ресурслардан ажратилган лимитлар доирасида фойдаланишни назорат қилади ва улардан самарали фойдаланиш чораларини кўради;
Вазирлик тизимидаги ташкилотлар учун ажратилган электр энергияси лимитларига ўзгартириш киритиш юзасидан тегишли вазирликлар ва идораларга таклифлар киритади;
й) трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланиш бўйича давлатлараро муносабатларни ривожлантириш, сув хўжалиги соҳасидаги халқаро ташкилотлар фаолиятида фаол иштирок этиш, хорижий инвестиция ва грант маблағлари ҳамда техник кўмакларни жалб қилиш соҳасида:
Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва унинг Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссияси фаолиятида фаол иштирок этади;
трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш масалалари бўйича давлатлараро муносабатларни ривожлантириш, Марказий Осиё мамлакатлари манфаатлари ўртасидаги мувозанатни таъминлайдиган сув ресурсларини биргаликда бошқаришнинг ўзаро мақбул механизмларини ва сувдан самарали фойдаланиш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда илгари суришда иштирок этади;
хорижий давлатлардаги сув хўжалиги объектлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларнинг қурилишида белгиланган тартибда иштирок этади;
трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланиш, сув хўжалигини ривожлантириш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича давлатлараро масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал этишда республика номидан иштирок этади;
халқаро шартномалар, хорижий мамлакатлар билан сув хўжалиги ва мелиорация соҳасидаги ҳамкорлик дастурлари доирасида Ўзбекистон томонининг мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ бўлган халқаро тадбирларнинг республикада ўтказилишини ташкил этади, сув хўжалиги масалалари бўйича хорижий ҳамкорлар билан музокараларда қатнашади;
Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва унинг тизимидаги ташкилотлар, Бутунжаҳон сув кенгаши, Ирригация ва дренаж халқаро комиссияси, Йирик тўғонлар бўйича халқаро комиссия, Сув ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўйича ислом давлатлараро тармоғи ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар фаолиятида фаол иштирок этади;
к) сув хўжалиги соҳасидаги мутахассислар малакасини оширишни тизимли ташкил этиш, сув хўжалиги ташкилотлари билан таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ўртасидаги интеграцияни кучайтириш, фан ва техника ютуқларини амалиётга жорий этишни тизимли ташкил қилиш соҳасида:
сув хўжалиги соҳасидаги кадрлар, мутахассислар, шу жумладан, сув хўжалиги ташкилотлари раҳбар ходимлари ва мутахассисларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини мунтазам равишда ташкил этади;
сув хўжалиги ташкилотларининг таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ўзаро интеграциясини кучайтириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;
сув хўжалиги соҳасидаги олий таълим муассасалари талабалари ва профессионал таълим муассасалари ўқувчиларининг ўқув-ишлаб чиқариш амалиётларини сифатли ўтказиш бўйича зарур шарт-шароитларни яратади;
сув хўжалиги соҳасига замонавий ва илғор технологияларни жорий этиш ва кенг қўллаш бўйича малакали кадрларни тайёрлашга кўмаклашади;
якунланган илмий ишланмалар ва тавсияларни амалиётга жорий қилишни ташкил қилади;
сув хўжалиги соҳасидаги кадрлар ва мутахассисларнинг, шу жумладан, сув хўжалиги ташкилотлари раҳбар ходимлари ва мутахассисларининг малакасини ошириш бўйича идоравий илмий ва ўқув курсларини республиканинг ихтисослаштирилган сув хўжалиги ташкилотлари, таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, профессионал таълим муассасаларида, шунингдек, хорижда белгиланган тартибда ташкил этади.
