Давлат хизматлари турлари рўйхати
Вазирлик томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхати
1. Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилишга рухсатнома бериш
Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилишга рухсатнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг
1. Ушбу Регламент сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилишга рухсатнома (кейинги ўринларда рухсатнома деб аталади) бериш тартибини белгилайди.
11. Ушбу Регламентда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
сув объекти — сувлар доимий равишда ёки вақтинча тўпланадиган ва сув режимининг ўзига хос шакллари ва белгилари бўлган табиий (жилғалар, сойлар, дарёлар ва бошқалар) ҳамда сунъий (очиқ ва ёпиқ каналлар, шунингдек, коллектор-дренаж тармоқлари) сув оқимлари, табиий (кўллар, денгизлар, ер ости сув қатламлари) ва сунъий (сув омборлари, сел сувлари тўпланадиган жойлар, ҳовузлар ва бошқалар) сув ҳавзалари, шунингдек, булоқлар ва бошқа объектлар;
ер усти сувлари — ер қобиғининг устида жойлашган сувлар;
сув истеъмоли (сувни истеъмол қилиш) — юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжларини қондириш учун сув ресурсларидан уларни сув объектидан белгиланган тартибда олган холда фойдаланиш;
сув истеъмолчиси — ўз эҳтиёжларини қондириш учун сув объектидан сув ресурсларини белгиланган тартибда олувчи юридик ёки жисмоний шахс;
сувдан фойдаланиш — юридик ва жисмоний шахслар томонидан сув ресурсларини сув объектидан олмаган ҳолда улардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш;
сувдан фойдаланувчи — сув ресурсларини сув объектидан олмаган холда улардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланувчи юридик ёки жисмоний шахс.
2. Ушбу Регламентнинг амал қилиши сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилишни, шу жумладан, сувни олишни ва оқова сувларни оқизиб юборишни амалга оширувчи жисмоний ва юридик шахсларга (кейинги ўринларда ариза берувчилар деб аталади) татбиқ этилади.
Икки ва ундан ортиқ сув олиш иншоатлари битта тизимга уланган ва бир объектнинг сув таъминоти учун ер ости сувларидан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун ишлатилганда ягона рухсатнома расмийлаштирилади. Агар жисмоний ва юридик шахсларнинг сув олиш иншоатлари бир тизимга уланмаган холларда ёки икки ва ундан ортиқ объектларнинг сув таъминоти учун ишлатилганда алоҳида рухсатномалар олинади.
Ушбу Регламент талаблари коммунал сув қувурлари ва канализациянинг марказлаштирилган тармоқларидан фойдаланишга жисмоний шахслар томонидан суткасига 5 м3гача сувдан умумий фойдаланилганда татбиқ этилмайди.
3. Рухсатнома олмасдан сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш тақиқланади.
4. Рухсатнома бериш жараёнини амалга оширишда:
а) экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш органлари (табиий сув объектлари сувларидан фойдаланилганида ёки истеъмол қилинганида, ер ости сувларидан ташқари), сув хўжалиги органлари (сунъий сув объектлари сувларидан фойдаланилганида ёки истеъмол қилинганида) (кейинги ўринларда ваколатли органлар деб аталади) рухсатномани тайёрлайди ва беради;
б) сув хўжалиги органлари (табиий сув объектлари сувларидан фойдаланилганида ёки истеъмол қилинганида), санитария-эпидемиология хизмати органлари (ичимлик сув таъминоти мақсадлари учун сув олинганда) (кейинги ўринларда — келишувчи органлар) ўзларининг идоравий мансублигига қарашли рухсатномани келишади.
5. Давлат хизматлари марказлари, ваколатли ва келишувчи органлар ўртасида ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони (кейинги ўринларда ЭРИ деб аталади) мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро электрон ўзаро боғланиш ёрдамида амалга оширилади.
6. Рухсатномани бериш ушбу Регламентга 1-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
2-боб. Давлат хизмати кўрсатиш тартиби
7. Ариза берувчилар рухсатномалар олиш учун Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда ЯИДХП деб аталади) давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.
8. Ўзи келиб мурожаат этган тақдирда Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса ариза берувчи мустақил равишда ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича давлат хизматидан фойдаланиш учун сўровномани электрон тарзда тўлдиради.
Сўровномага ушбу Регламентга 3а — 3и-иловаларга мувофиқ ҳужжатлар илова қилинади.
Ариза берувчилардан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумотларни, шунингдек, бошқа ҳужжатларни тақдим этишни талаб этиш қатъиян тақиқланади.
9. Ариза берувчи зарур маълумотларни расмийлаштиргандан ва сўровномага киритгандан сўнг маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (ЭРИ, дактилоскопия, электрон имзо, Мобил-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.
10. Давлат хизматлари кўрсатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.
Давлат хизмати кўрсатилиши учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда, ушбу банднинг биринчи хатбошида кўрсатилган йиғим суммасининг 90 фоизи ундирилади.
Давлат хизматлари кўрсатиш учун йиғим тўланганлигини тасдиқлаш ахборот-коммуникация тизимлари орқали амалга оширилади.
11. Йиғимлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:
а) Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этганда:
20 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига ўтказилади;
қолган маблағлар тўлиқ ваколатли органнинг банк ҳисоб рақамига ўтказилади;
б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:
10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига ўтказилади;
11,25 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази» ДУКнинг ҳисоб рақамига;
қолган маблағлар тўлиқ ваколатли органнинг банк ҳисоб рақамига ўтказилади.
12. Сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилиши, ҳужжатларнинг тўлиқ бўлмаган ҳолатларда илова қилиниши, шунингдек, давлат хизматлари кўрсатиш учун йиғимни тўламаслик давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.
Давлат хизматларини кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш қатъиян тақиқланади.
13. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга.
Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда Давлат хизматлари маркази унинг сўровномасини кўрмасдан қолдиради. Бунда, тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.
14. Ўзи келиб мурожаат этганда Давлат хизматлари марказлари сўровнома тўлдирилган вақтдан бошлаб бир соат мобайнида уни ваколатли органга юборади.
ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса сўровнома автоматик тарзда ваколатли органга юборилади.
15. Ваколатли орган сўровнома тушганидан сўнг беш иш куни мобайнида тегишлича Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ёки Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланадиган шакллар бўйича рухсатнома лойиҳасини тайёрлайди, уни ўзининг ЭРИ билан тасдиқлайди ва уни иловалар билан биргаликда келишувчи органларга юборади ёки электрон шаклда рухсатнома лойиҳасини тайёрлашни рад этади.
16. Келишувчи органлар рухсатнома лойиҳасини олганларидан сўнг беш иш куни мобайнида рухсатнома лойиҳасини кўриб чиқадилар, келишадилар ёки келишишни рад этадилар.
17. Рухсатнома лойиҳаси келишилган куни келишувчи орган уни ваколатли органга электрон шаклда юборади.
18. Ваколатли орган келишилган рухсатнома тушган кундан бошлаб уни уч иш куни мобайнида электрон шаклда Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки ариза берувчига (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали юборади.
Ўзи келиб мурожаат қилганда Давлат хизматлари маркази рухсатнома тушганидан сўнг бир соат мобайнида унга ўзининг муҳрини босиб, ариза берувчига беради.
19. Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бузилиши рухсатнома лойиҳасини тайёрлаш ҳамда келишишни рад этиш учун асос бўлади.
Бошқа асослар бўйича ва қонун ҳужжатларининг аниқ нормалари кўрсатилмасдан рухсатнома лойиҳасини тайёрлаш ҳамда келишишни рад этиш қатъиян тақиқланади.
Ариза берувчи рухсатнома берилиши рад этилган кундан бошлаб ўн кун мобайнида давлат хизмати кўрсатилиши учун йиғимни тўламаган ҳолда рухсатнома олиш учун такроран мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Рухсатнома бериш масаласини такроран кўриб чиқишда ваколатли ва келишувчи органлар томонидан аввалги рад этиш учун асосларда баён этилмаган сабаблар келтирилишига йўл қўйилмайди, аввал кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи маълумотлар билан боғлиқ рад этиш сабаблари келтирилиши бундан мустасно.
20. Ариза берувчининг ташаббуси билан рухсатноманинг амал қилиш муддатини узайтириш, тўхтатиб қўйиш, қайта тиклаш, тугатиш Ўзбекистон Республикасининг «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсатномалар бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонуни талаблари инобатга олинган ҳолда ушбу Регламентда белгиланган тартибда амалга оширилади.
3-боб. Якунловчи қоидалар
21. Рухсатномани ишлаб чиқиш ва бериш, шунингдек, уни келишиш тўлов ундирилмаган ҳолда амалга оширилади, давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун йиғим ундирилиши бундан мустасно.
22. Давлат хизматлари марказлари, ваколатли ва келишувчи органлар ўз фаолиятини амалга ошириш натижасида олинган ариза берувчи ҳақидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаши керак.
23. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ва Давлат хизматлари марказлари ушбу Регламент талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти устидан, шу жумладан, ЯИДХП орқали, доимий назоратни ва мониторингни амалга оширадилар.
24. Ариза берувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
25. Ушбу Регламент талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
