ҚОЗОҒИСТОН ДЕЛЕГАЦИЯСИ “СУВЧИЛАР МАКТАБИ” ФАОЛИЯТИ БИЛАН ТАНИШДИ
2025-10-29 17:45:00 / Янгиликлар

2023 йилда фаолиятини бошлаган “Сувчилар мактаби” фермерлар, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси вакилларига сувдан самарали фойдаланиш орқали юқори ҳосилдорликка эришишни ўргатиб келмоқда. Бу ерда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш, минтақада кузатилаётган сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, соҳага доир инновацион технологиялар, ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибаси ўқитилаяпти.
Меҳмонларга худди шундай мактаблар Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ташкил этилганлиги, уларнинг кўргазмали майдончалари учун 10 гектаргача ер ажратилгани айтиб ўтилди.
Бу ерда Марказий Осиё республикаларидан сув хўжалиги мутахассисларини ўқитиш, тажрибаларни ўргатиш имконияти борлиги таъкидланди.
Шунингдек, меҳмонлар Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти фаолияти билан ҳам танишди.
Институтда яратилган сув хўжалиги ва мелиорация соҳасини технологик ривожлантиришга қаратилган илғор ишланмалар намойиш қилинди.
Жумладан, институт базасида композит материаллар асосида ЛК-60 ва ЛК-80 туридаги суғориш лотокларини ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишиб, ушбу технологияга катта қизиқиш билдиришди.
Бундай суғориш лотокларини тажриба тариқасида Қозоғистон Республикасининг жанубий минтақаларида синовдан ўтказиш, келгусида қўшма корхона ташкил этиш бўйича келишиб олинди.
Ахборот хизмати







