НАСОС СТАНЦИЯЛАРИ МОДЕРНИЗАЦИЯСИ ХАРАЖАТЛАРНИ КАМАЙТИРАДИ
2025-10-23 11:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида ирригация-мелиорация тармоқлари энг кўп ва йирик сув хўжалиги инфратузилмасига эга давлат ҳисобланади.
Суғориладиган жами экин майдонлари 4,3 млн. гектарни ташкил этиб, 60 фоиздан ортиғи насослар ёрдамида суғорилади.
Бугунги кунда Сув хўжалиги вазирлиги тасарруфида 1 698 та насос станцияси, 4 497 та тик суғориш қудуғи ва 4 056 та мелиоратив тик қудуқ мавжуд.
Узоқ йиллардан буён хизмат қилиб келаётган, сув чиқариш қуввати пасайган ҳамда двигателларнинг фойдали иш коэффициенти меъёрий қийматларидан паст бўлган 21 та насос станцияси 2020–2024 йиллар мобайнида реконструкция ва модернизация қилинди. Шунинг ҳисобига 1000 м3 сув чиқариш учун сарфланадиган электр энергия миқдори 125,5 кВт. дан 120,9 кВт. га камайди.
2025 йилда насос станциялардаги хизмат муддатини ўтаб бўлган 157 та насос ва 166 та электродвигателлар янгиланди. Шунингдек, 165 та конденсатор қурилмалари, 135 та частота ўзгартирувчи қурилмалар, 752 кВт қуёш фотоэлектр панеллари ўрнатилди.
Жорий йилнинг 9 ойида насос станциялар ва тик қудуқларда 174,7 млн. кВт/соат электр энергияси тежалди.
Хорижий инвестициялар иштирокида насос станцияларини модернизация қилиш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида “Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида 118 та насос станцияларини модернизация қилиш” лойиҳасининг умумий қиймати 247,5 млн. АҚШ долларини ташкил этади.
Лойиҳани амалга ошириш натижасида насос станцияларидаги 309 та агрегат, электр ва ёрдамчи қурилмалар янгисига алмаштирилади ҳамда агрегатларни бошқариш тўлиқ автоматлаштирилади. Бунинг натижасида йилига 28,7 млн. кВт/соат электр энергияси тежалади. Андижон вилоятида 22 минг гектар, Наманган вилоятида 44 минг 700 гектар, Фарғона вилоятида 21 минг гектардан зиёд экин майдонлари сув таъминоти яхшиланади.
Саудия тараққиёт жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси иштирокидаги “Қарши насос станциялари каскадини капитал-қайта тиклаш (III фаза)” лойиҳасининг умумий қиймати 111,0 млн. АҚШ долларига тенг.
Лойиҳани амалга ошириш натижасида йилига 177,3 млн. кВт соат электр энергияси тежалади. Қашқадарё вилоятида 392 минг гектар экин майдонларининг сув таъминоти яхшиланади.
Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида 95 та насос станциясини модернизация қилиш лойиҳасининг умумий қиймати 213,6 млн. еврони ташкил этади.
Лойиҳани амалга оширилиши натижасида йилига 40 млн. кВт/соат электр энергия тежалади. Жами 355,7 минг гектар экин майдонларида сув таъминоти яхшиланади.
2025 йилнинг йилнинг 9 ойи давомида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида 2 042 та сув хўжалиги объекти, шундан Наманган вилоятида 34 та насос станцияси, 9 та тик суғориш қудуғи ва 1 999 та ягона сув истеъмолчисига хизмат кўрсатадиган суғориш қудуқлари хусусий сектор бошқарувига берилган.
Шу билан бирга, 268 та насос станциясини ДХШ асосида хусусий сектор бошқарувига бериш бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда. Ўтган йилларда эришилган ДХШ битимлари бўйича насос станциялари модернизация қилинмоқда. Жорий йил бошидан киритилган инвестиция маблағлари ҳисобига, 198 та насос, 157 та электродвигатель, 106 та қуёш панели, 32 та частота ўзгартирувчи, 73 та конденсатор қурилмаси ва бошқа жиҳозлар ўрнатилган, 81 та насос станциясининг биноси таъмирланган.
Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2025–2028 йилларга мўлжалланган дастури тасдиқланган. Дастурда тўрт йил ичида Сув хўжалиги вазирлиги балансидаги насос станцияларининг эскирган 562 та насос ва 578 та электр двигателини замонавий энергия тежамкорларига алмаштириш, уларнинг йиллик электр энергияси сарфини 6,8 млрд. кВт/соатдан 6,2 млрд. кВт/соатгача камайтириш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, 2025 йилда тажриба тариқасида Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги 15 та насос станциясида муқобил энергия манбалари ҳамда энергия тежамкор қурилмаларни ўрнатиш бўйича лойиҳалар амалга оширилади. Бу борадаги ишларга киришилган.
Президент Шавкат Мирзиёев 13 октябрь куни сув хўжалиги соҳасини рақамлаштириш, қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳанинг хусусий сектор учун жозибадорлигини ошириш юзасидан тақдимот билан танишди.
Тақдимотда соҳада амалга оширилаётган рақамлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш ва хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Берилган вазифалардан келиб чиқиб, соҳадаги барча маълумотларни бир тизимда жамлаш учун Сув хўжалиги вазирлигининг “Сув хўжалигини рақамлаштириш ва мониторинг маркази” ташкил этилади. Марказ сув баланси, насос станциялари ва сув сарфи бўйича маълумотларни таҳлил қилиб боради, сувни бошқариш бўйича қарор қабул қилиш жараёнларини автоматлаштириш имконини яратади.
Сув хўжалиги насос станцияларини давлат-хусусий шериклик асосида бошқариш амалиёти кенгайтирилади.
2026 йилда Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларидаги насос станцияларнинг 50 фоизи, 2027 йилга бориб эса Наманган вилоятидаги барча насос станцияларини хусусий шерикликка бериш режалаштирилмоқда.
Бу борада Наманган вилоятининг Чортоқ туманида “бир насос – бир тизим” тамойили асосида “Чортоқ тажрибаси” амалга оширилади. Бунда хусусий шерик истеъмолчиларни сув лимити доирасида сув билан таъминлайди, насосларга боғланган майдонлардан ҳисобланган сув солиғининг 40 фоизи хусусий шерикка тўлаб берилади. Ушбу маблағлар ҳисобига сув ҳисобини автоматлаштириш ва насос станцияларини босқичма-босқич модернизация қилиш йўлга қўйилади.
Мухтасар айтганда, насосларни модернизациялаш электр энергияси ва давлат бюджети харажатларини тежаш, халқ фаровонлигига хизмат қилмоқда.
Ўткир Шералиев,
Сув хўжалиги вазири ўринбосари
