ЎЗБЕКИСТОН СУВ СЎЖАЛИГИ СОҲАСИНИНГ УЗОҚ МУДДАТЛИ СТРАТЕГИЯСИ ИШЛАБ ЧИҚИЛАДИ
2025-09-15 12:30:00 / Янгиликлар

Стратегия лойиҳасини ишлаб чиқишга тайёргарлик кўриш доирасида бугун Сув хўжалиги вазирлигида академик В.Л.Квинт бошчилигидаги олимлар билан ўқув-тренинг ўтказилди.
Тадбирда Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва соҳага доир ташкилотлар мутахассислари, Ўзбекистон миллий университети, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети, Ирригация ва сув муаммолари илмий тадқиқот институти олимлари, тадқиқотчилар, вазирликнинг фаол ёшлари, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг Илмий-ахборот маркази, “Сирдарё” ҳавзаси сув хўжалиги бирлашмаси, мамлакатимизда фаолият юритаётган ва сув хўжалиги соҳасида лойиҳаларни амалга ошираётган халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Шу билан бирга ҳудудлардаги сув хўжалиги ташкилотлари мутахассислари ҳам ўқув-тренингни онлайн кузатиб борди.
Тадбирни Сув хўжалиги вазири Ш. Хамраев очиб берди.
Дастлаб, ҳурматли Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар ҳақида ахборот берилди.
Хусусан, Сув кодекси, Сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2025-2028 йилларга мўлжалланган дастури тасдиқлангани, дастурда нафақат соҳа олдидаги тўрт йиллик муҳим кўрсаткичлар, шу билан бирга бажариладиган тадбирлар, молиялаштириш манбалари аниқ белгилангани айтиб ўтилди.
Академик В.Л.Квинт ва россиялик олимлар Стратегик режалаштириш, унинг аҳамияти, стратегиялаштириш методологияси, сув хўжалигини узоқ муддатлиги режалаштиришда эътибор қаратиладиган жиҳатлар ҳақида тақдимотлар қилишди. Тадбир жонли мулоқот тарзида бўлиб ўтди.
Меҳмонлар Ирригация ва сув муаммолари илмий тадқиқот институти лабораториялари, Сувчилар мактаби фаолияти билан танишди. Академик В.Л. Квинт иштирокида Сувчилар боғига дарахт кўчати экилди.
Маълумот учун: В.Л.Квинт – иқтисод фанлари доктори, сиёсий иқтисод профессори, Россия Фанлар академияси аъзоси. “Стратегия назарияси ва стратегиялаштириш методологияси” туркумидаги илмий ишлари учун Москва давлат университетининг олий мукофоти – Ломоносов I мукофоти билан тақдирланган.
Шу билан бирга, Россия Федерациясининг “Александp Невский” ордени, “Дўстлик” ордени ва бошқа мукофотлар соҳиби. Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника соҳасида давлат мукофоти билан тақдирганган.
Ахборот хизмати







