ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ИККИТА КАНАЛ ХАЛҚАРО МУКОФОТГА САЗОВОР БЎЛДИ
2025-09-10 09:15:00 / Янгиликлар

Тадбирда турли давлатлар сув хўжалиги вазирлари ва ташкилотлар раҳбарлари, жумладан, Малайзия қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги вазири Муҳаммад бин Сабу, Халқаро ирригация ва дренаж комиссияси Президенти Марко Арчиери, Бутунжаҳон сув Кенгаши Президенти Лоик Фашон, Сув ресурсларини бошқариш халқаро институти Президенти Ҳенк Овинк қатнашди. Сув хўжалиги вазири ўринбосари З.Ишпулатов бошчилигида Ўзбекистон делегациясининг ҳам иштирок этиши мамлакатимизнинг глобал сув хўжалиги майдонидаги нуфузи ва фаол иштирокини яна бир бор намоён этди.
Форум доирасида ташкил этилган замонавий сув технологиялари кўргазмаси делегатларга илғор ечимлар ва янги асбоб-ускуналарни тақдим этди. Хусусан, энергия тежовчи насослар, рақамли бошқарув тизимлари ҳамда сув сарфини ҳисобга олиш инновацион ускуналари билан танишилди. Ушбу тажриба Ўзбекистондаги ирригация тизимларини модернизация қилишда амалий аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди.
Форумнинг дастлабки куни пленар сессиялар ўтказилди. Муҳокамаларда ирригациянинг глобал аҳамияти, озиқ-овқат хавфсизлиги ва сув ресурсларини тежаш масалалари кўриб чиқилди.
Юқори даражадаги маслаҳат гуруҳи йиғилишида Ўзбекистонда Давлат раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг натижаси ҳақида ахборот берилди. Сув кодекси ҳамда сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2025-2028 йилларга мўлжалланган дастури янги ютуқларга омил бўлиши эътироф этилди.
9 сентябрь куни Сув хўжалиги вазири ўринбосари З.Ишпулатов Халқаро ирригация ва дренаж комиссияси бош котиби Ракеш Кумар Гупта билан учрашув ўтказди. Суҳбат давомида Ўзбекистон ва комиссия ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, мутахассисларни халқаро ишчи гуруҳларга жалб этиш ҳамда сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш лойиҳалари учун халқаро кўмак масалалари муҳокама этилди.
Форум доирасида Жаҳон банки вакиллари билан икки томонлама музокаралар бўлиб ўтди. Суҳбатларда сув тежаш технологияларини молиялаштириш, насос станцияларини модернизация қилиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш масалалари муҳокама қилинди.
Хабарингиз бор, Ўзбекистондаги иккита канал – “Дўстлик” ва “Эски Туятор” нуфузли “WHIS AWART 2025” (Бутунжаҳон ирригация мероси) мукофотига сазовор бўлган эди. Бу мукофот ҳар йили Халқаро ирригация ва дренаж комиссияси томонидан ёши 100 йилдан ошган ва ҳамон фойдаланиб келинаётган, ноёб ирригация иншоотларига берилади.
“Дўстлик” канали Сирдарё дарёси ҳавзасида 100 йилдан ошиқроқ вақтдан буён барқарор ишлаб келаяпти. У Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудуди орқали ўтувчи йирик трансчегаравий магистрал каналидир.
“Эски Туятортар” канали эса Зарафшон дарёси ҳавзасидаги кўп асрлик иншоот. У кўлами жиҳатдан ҳам, техник ечимлари жиҳатидан ҳам ўз даврида илгари сурилган гидротехник ғояларни ифодаловчи ноёб обида ҳисобланади.
Ҳозирги вақтда Халқаро ирригация ва дренаж комиссиясининг “Бутунжаҳон мероси деб тан олинган ирригация иншоотлари” реестрига дунё бўйича 177 та иншоот киритилган.
“Дўстлик” ва “Эски Туятортар” каналлари Марказий Осиё минтақасидан бу рўйхатга кирган биринчи иншоотлар бўлди.
10 сентябрь куни бўлиб ўтган Халқаро ирригация ва дренаж комиссияси ижроия қўмитасининг 76-йиғилишида “Дўстлик” ва “Эски Туятортар” каналларига WHIS Award 2025 мукофотини топшириш маросими бўлди.
Бу каналлар нафақат минтақавий, балки жаҳон миқёсида ҳам қимматли ирригация мероси эканини таъкидланди ва уларни сақлаш билан бирга замонавий технологиялар билан уйғунлаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Ахборот хизмати





