БАЁНОТ
2025-08-03 19:00:00 / Янгиликлар

“Sea Breeze Uzbekistan” инвестиция лойиҳаси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори тасдиқлангани муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади:
Чорвоқ сув омбори тўлиқ давлат назорати остида қолади.
Лойиҳада кўзда тутилган инженерлик ечимларига мувофиқ, барча оқова сувлар соҳил ҳудудидан ташқарига тўлиқ олиб чиқилиб, марказлаштирилган тозалаш тизимига йўналтирилади. Бу, ўз навбатида, уларнинг сув омборига тушиш эҳтимолини бутунлай истисно қилади.
Қурилиш ишлари сувни муҳофаза қилиш учун белгиланган чегаралардан ташқарида, санитария ва гидротехника меъёрларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда амалга оширилади.
Вазирлик лойиҳанинг амалга оширилишини идоралараро назорат қилиш жараёнида иштирок этмоқда ва тасдиқланган талаблардан ҳар қандай четланиш ҳолатларига зудлик билан муносабат билдиришга тайёр.
Аҳоли саломатлиги учун хавфсиз сувни етказиш, шу жумладан, Чорвоқ сув омбори сувларининг сифати ва хавфсизлигини сақлаш Сув хўжалиги вазирлиги учун мутлақ устувор вазифа ҳисобланади.
