СУВ КОДЕКСИ БИЛАН СОҲАДАГИ АСОСИЙ ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАР ТИЗИМЛАШТИРИЛДИ
2025-07-31 16:25:00 / Янгиликлар

Иқлим ўзгариши ва бошқа таъсирлар натижасида сувни етишмайдиган қисмини қоплашнинг ҳозирги даврида халқимизни сув билан таъминлаш, деҳқонларимизга зарур шароитлар яратиш учун давлатимиз томонидан жуда кўп имкониятлар ишга солинмоқда.
Хусусан, барча иқтисодиёт тармоқларининг ва атроф муҳитнинг сувга бўлган эҳтиёжини қондириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув инфратузилмасининг ва суғориладиган ерларнинг ҳолатини яхшилаш каби масалалар қамраб олинган “Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун имзоланди.
Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 31 январда қабул қилинган.
Сенат томонидан 2025 йил 17 мартда маъқулланган.
Кодексни ишлаб чиқишда Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Австралия, Вьетнам ва Германия давлатларида сув муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш тажрибалари ўрганилди.
Сув муносабатлари соҳасида мамлакатимиздаги асосий ҳуқуқий ҳужжатлар тизимлаштирилди, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 8 та фармони ва 14 та қарори ҳамда Ҳукуматнинг 26 та қарорларидаги нормалар бирлаштирилди.
Янги кодекс сув, сув объектлари, сув хўжалиги объектлари ва сув фонди ерларидан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.
Кодексга кўра, сувдан фойдаланиш умумий ва махсус фойдаланишга бўлинади.
Сув объектларининг тоифаларига:
🔹 Ўзбекистоннинг ер усти ва ер ости сув объектлари;
🔹 Ўзбекистонда жойлашган ва унинг ҳудудини кесиб ўтадиган трансчегаравий ер усти ва ер ости сув объектлари киради.
Сув объектлари танҳо ёки биргаликда фойдаланишда бўлиши мумкин.
Сув умуммиллий бойликдир, ундан оқилона фойдаланиш лозим ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади.
Кодексда сув ресурсларини бошқаришда махсус ваколатли органлар белгиланган:
ер усти сувларини бошқариш бўйича Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган органлари;
ер ости сувларини бошқариш бўйича Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги.
Сув ресурсларини бошқаришда қарорлар қабул қилиш мақсадида республика ва ҳавзалар, зарур ҳолларда ҳудудлар даражасида коллегиал-маслаҳат органи шаклида сув кенгашлари ташкил этилади.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Республика сув кенгаши ташкил этилади.
Кодексга кўра, сув объектлари доимий ёки вақтинча фойдаланишга, шу жумладан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимларга асосан фойдаланишга берилади.
Сув хўжалиги объектидан вақтинча фойдаланиш муддати 3 йилдан кам бўлмаслиги ва 49 йилдан ошмаслиги керак.
Сувдан умумий фойдаланишга, жумладан, қуйидагилар киради:
▪️ ўзининг ичимлик ва хўжалик-маиший эҳтиёжлари учун сув олиш;
▪️ чўмилиш;
▪️ чорва молларини суғориш;
▪️ спорт ва ҳаваскорлик йўли билан балиқ овлаш.
Сувдан умумий фойдаланиш Кодексда ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рухсатсиз ва чекловларсиз амалга оширилади.
Сувдан фойдаланиш учун рухсатнома бериш шартлари соддалаштирилмоқда;
Сунъий сув ҳавзаларидан суткасига 5 куб метрдан кўп бўлмаган сув олишда рўхсатнома олиш зарурати чиқариб ташланмоқда. Сунъий сув ҳавзаларидаги сувдан фойдаланилганда сувдан махсус фойдаланиш учун рухсатнома талаб этилмайди.
Сув хўжалиги объектларига хусусий секторни жалб қилишни ривожлантириш, сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий қилиш шартлари белгиланмоқда – 17-модда;
Ким ошди савдосини ўтказиш орқали вертикал суғориш қудуқлари ва айрим кичик насос станциялари (сув чиқариш қуввати секундига 1 куб метргача хусусий секторга реализация қилиниши мумкинлиги белгиланмоқда.
Бунга асосан тадбиркорлар ўзига тегишли ҳудудларда барча сув объектларини мустақил бошқаради ва модернизация қилиш имкониятлари яратилади.
Шунингдек, сувдан фойдаланувчилар орасида сувни тақсимлашнинг янги механизми, сувдан фойдаланувчилар кўп йиллик кафолатли сув билан таъминлаш мақсадида сув квотасини бериш жорий этилмоқда – 61 модда;
Кодекснинг 60-моддаси сув сервитутига бағишланган. Бу тушунча сув объектидан ёки унинг бир қисмидан, шу жумладан сувни муҳофаза қилиш зоналаридан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқини англатади.
Сув сервитути белгиланиши мумкин бўлган мақсадлар:
- сувдан умумий фойдаланиш;
- фуқаролар ва транспорт воситаларининг ўтиши;
- ҳайвонларни суғориш ва чорва молларини ҳайдаб ўтиш;
- соҳил бўйи зоналаридан эркин фойдаланишни ва ундан ўтишни таъминлаш кабилар.
Сув сервитути оммавий ва хусусий сув сервитути шаклида бўлиши мумкин.
Кодексга кўра, балиқ хўжалиги, саноат, энергетика ва хўжалик-маиший эҳтиёжлар учун сув олиш тартиби юридик шахслар томонидан бузилганда, уларга нисбатан жарима тарзидаги молиявий санкциялар қўлланилади. Жарималар миқдори:
🔹 сувдан фойдаланувчилар белгиланган лимитдан ортиқ олган ҳар минг куб метр сув учун – базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 20 фоизи;
🔹 сувдан фойдаланувчилар сув олиш шартномалари тузилмаган ҳолда олган ҳар минг куб метр сув учун – БҲМнинг 30 фоизи;
🔹 сувдан фойдаланувчилар сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозланмаган ҳолда олган ҳар минг куб метр сув учун – БҲМнинг 5 фоизи;
🔹 сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотлари, сув етказиб берувчи ташкилотлар ва сувдан фойдаланувчилар сувдан махсус фойдаланишга доир рухсатномасиз олган ҳар минг куб метр сув учун – БҲМнинг 40 фоизи;
🔹 сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотлари, сув етказиб берувчи ташкилотлар ва сувдан фойдаланувчилар ўзбошимчалик билан олган ҳар минг куб метр сув учун – БҲМнинг 30 фоизи миқдорида.
Сув олиш тартибининг бузилиши молиявий санкциялар қўлланилганидан кейин 1 йил ичида такроран содир этилганда, ушбу молиявий санкциялар 5 баравар миқдорда қўлланилади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан 3 ой ўтгач кучга киради.
Мухтасар айтганда, қабул қилинган ушбу Кодекс сувдан оқилона фойдаланиш, самарали бошқариш ва муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий шарт-шароитлар яратади. Давлат органларининг бир-бирини такрорловчи ваколатлари билан боғлиқ масалалар ҳал қилиниб, сув етказиб берувчилар ва сувдан фойдаланувчиларнинг масъулияти оширилади. Шу билан бирга, мамлакатнинг сув хавфсизлигига эришиш учун хизмат қилади.
Рашид Ташев,
Ирригация тизимлари ва йирик гидротехника
иншоотларидан фойдаланиш бошқармаси бош мутахассиси
