Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Рахимович Хамраевнинг вазирлик тизимида меҳнат қилаётган соҳа ходимларига мурожаати
2025-07-18 17:35:00 / Янгиликлар

Ҳурматли ҳамкасблар, сув хўжалиги тизимининг фидоий ходимлари!
Бугун Сизларга барчамиз учун муҳим аҳамиятга эга бўлган масала – коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш, манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш ҳамда тизимда ҳалоллик муҳитини мустаҳкамлаш борасида мурожаат қилмоқдаман!
Республикамизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланиб улгурди. Буни сўнгги йилларда соҳага оид қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупциянинг олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Биламизки, мамлакатимизда сувдан самарали фойдаланиш, сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш, суғориш тизимларини модернизация қилиш ва сув хўжалигини бошқаришнинг инновацион усулларини қўллаш бугунги кунда олдимизда турган энг долзарб масала, даврнинг олдимизга қўйган қатъий талаби!
Фидоийлик, ҳалоллик, поклик ҳамда коррупция иллатига нисбатан муросасизлик ушбу жараёнда ҳар бир раҳбар ва ходим фаолиятининг қатъий мезонидир! Биз барчамиз яхши англашимиз керакки, коррупция — бу фақат жиноят эмас, балки жамиятнинг илдизига зомин бўлувчи жиддий хавф.
Коррупция давлат органларига нисбатан ишончни йўқотади, тизимда адолат ва тенглик тамойилларига путур етказади, аҳолининг ҳаёт сифатига бевосита таъсир этади.
Айниқса, сув каби стратегик ва ҳаётий ресурсни бошқаришда коррупциянинг мавжудлиги катта ва тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин.
Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек:
“Ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов – бу коррупциядир. Коррупция шундай ёвуз иллатки, у халқнинг давлатга, Конституция ва қонунларга ишончига путур етказади, барқарор ривожланиш ва хавфсизлик учун жиддий таҳдидга айланади.”
Аммо афсуски, сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасида ҳам айрим салбий ҳолатлар — коррупция, бюрократия, манфаатпарастлик каби иллатлар юзага келмоқда. Бу иллат нафақат тизимни емиради, балки халқимиз ишончини, фидойи мутахассисларнинг меҳнатига бўлган эътирофни ҳам заифлаштиради.
Сув хўжалиги соҳаси жамият ва иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бири сифатида, ўз фаолиятида мутлақо шаффоф, ҳалолва самарали бўлиши шарт!
Шу мақсадда, вазирлик тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг коррупцияга қарши курашга доир ташаббусларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, мамлакатимизда бу иллатнинг олдини олиш ва профилактика қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, коррупция хавфларини барвақт аниқлаш ва бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, соҳада инсон омилини қисқартириш ва рақамлаштириш, шунингдек, ходимларни коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш, уларда коррупцияга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш — бу фақат назорат органларининг вазифаси эмас. Бу ҳар биримиз – раҳбарми, муҳандисми, мутахассис ёки миробми – ҳамманинг шахсий бурчи ва масъулияти!
Ҳалоллик – бу ҳар бир сув хўжалиги тизими ходимининг “ташриф қоғози” бўлмоғи лозим. Фидойи, ҳалол ва ўз вазифасига виждонан ёндашадиган инсонлар бор жойда тизим барқарор, натижа самарали ва энг муҳими халқ рози бўлади.
Бунда ватанпарварлик, содиқлик ва масъулиятни фаолиятнинг асосий тамойилига айлантирган ҳолда, вазирлик тизимидаги ҳар бир ходим жамоамиз олдига қўйилган вазифаларни виждонан, холис ва юқори савияда амалга ошириши лозим!
Эътиборингиз учун раҳмат!
