РАСМИЙ МУНОСАБАТ
2025-06-30 17:35:00 / Янгиликлар

Оҳангарон дарёси Чотқол ва Қурама тоғ тизмаларидан оқиб тушадиган сойлардан ҳосил бўлади. Узунлиги 236 км бўлиб, ҳавзасининг майдони
7710 км2 ни ташкил этади. Дарё қор ва ёмғир сувларидан тўйинади. Йиллик ўртача сув ҳажми 650-700 млн. м3 ни ташкил этади.
Оҳангарон дарёсининг ирмоғи жуда кўп бўлиб, шулардан йириклари: Боксуксой, Тўғонбошсой, Шоввозсой, Арашон, Тошсой, Дукентсой, Қорабоғсой, Оқчасой, Новгарзонсой, Жигиристонсой, Қайрағочсой, Бешсой, Нишбошсой, Обязсой, Гушсой, Эртошсой, Солбулоқ сойларидир.
Дарёнинг юқори қисмида 1972 йилда “Оҳангарон” сув омбори ва ўрта қисмида 1964 йилда “Тошкент” сув омбори қурилиб, фойдаланишга топширилган.
Ушбу дарё орқали вилоятнинг Оҳангарон, Пискент, Ўрта Чирчиқ, Оққўрғон ва Бўка туманларидаги 47 минг гектардан зиёд экин майдонлари сув билан таъминланади.
Шунингдек, Ангрен шаҳри аҳолисини ичимлик суви билан (йиллик –
37,8 млн. м3) ҳамда Эски Ангрен (йиллик – 47,3 млн. м3) ва Янги Ангрен (йиллик – 42,5 млн. м3) иссиқлик электр станцияларини электр энергияси ишлаб чиқиш учун доимий сув билан таъминлайди.
Жорий йилда республикамиз бўйича сув тақчиллиги кузатилаяпти. Оҳангарон дарёсида ҳам 1 январдан буён 267,2 млн. м3 сув шаклланиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 281,0 млн. м3 кам ёки ўртача кўп йилликка нисбатан 308,4 млн. м3 кам сув келди. Кўриниб турибдики, дарёда ўтган йилга ёки ўртача кўп йиллика нисбатан 53–55 % сув кам келган.
Шу боис, дарёдан сув олувчи 600 ортиқ истеъмолчиларга сув етказиб беришда бир қатор муаммолар юзага келмоқда. Жумладан, истеъмолчилар томонидан ўзбошимчалик билан ноқонуний сув олиш ҳолатлари ҳамда каналга турли хилдаги тўсиқлар қўйилиб, сувнинг оқимига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Истеъмолчиларни сув билан бир меъёрда таъминлаш мақсадида навбатлаб суғориш асосида графиклар ишлаб чиқилиб, тасдиқланган. Ҳозирда истеъмолчиларга мазкур графиклар асосида сув етказиб берилмоқда.
Оҳангарон туманидаги “Ялпоқтепа” каналига ҳам график асосида сув етказиб берилмоқда. График асосида сувни етказиб бериш вақтида истеъмолчилар томонидан каналдан ноқонуний сув олиш ҳолатлари кузатилмоқда. Мазкур ҳолатларни бартараф этиш учун сув хўжалиги ходимлари ва вилоят “Сувхўжаликназорат” инспекциясининг вилоят бошқармаси инспекторлари биргаликда иш олиб боришмоқда. Ушбу ҳолатлар такроран амалга оширилса кескин чоралар кўриш бўйича огоҳлантириш хатлари берилди.
График асосида каналга сув берилганда, каналнинг охиридан бошлаб сув тақсимлаш амалга оширилади. Суғориш ишларини ташкил этиш учун вилоятдаги ҳар бир туманда гуруҳлар ташкил этилиб, 560 нафардан ортиқ сув хўжалиги ходимлари, 370 нафардан ортиқ насос станциялари ва энергетика ташкилоти ходимлари ҳамда 28 нафар сув назорат инспекторлари жалб этилган.
Маълумот учун шуни айтиш керакки, сув танқислиги шароитида вилоят бўйича жами 138 минг 500 гектар майдонда сув тежовчи технологиялари жорий этилиб, шундан 43 минг 300 гектар томчилатиб, 11 минг 900 гектарда ёмғирлатиб, 15 минг 600 га эгилувчан қувур ёрдамида суғориш ишлари ташкил этилган. 58 минг 900 гектар экин майдонлар лазерли текислагич ёрдамида текисланган.
“Kun.uz” сайтидаги мақоладан сўнг, Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Тўхтамишев, Оҳангарон тумани “Сув етказиб бериш хизмати” ДМ директори А.Алиқулов, “Сувхўжаликназорат” инспекцияси Тошкент вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи У.Каримов, бош мутахассис И.Қуттибоевлардан иборат ишчи гуруҳи ҳудуддаги “Бегзод Шерзод Фахри” фермер хўжалиги раҳбари Б.Игамбердиев, “Улуғ-Нур” фермер хўжалиги раҳбари У.Комилов иштирокида ўрганиш олиб борди.
Бугунги кунда “Ялпоқтепа” каналида ўзбошимчалик билан қўйилган тўсиқлар олиб ташланди, шунингдек, канални лойқа босган қисмларини тозалаш учун экскаватор ажратилди.
Оҳангарон тумани “Сув етказиб бериш хизмати” ДМ ишчи-ходимлари канал бўйлаб назорат қилиб, мурожаатда келтирилган ҳудудларга сув етказиб бериш чораларини кўрмоқда.
Ахборот хизмати




