ШВЕЙЦАРИЯ БИЛАН СУВ СОҲАСИДА МИНТАҚАВИЙ ҲАМКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА АНГЛАШУВ МЕМОРАНДУМИ ИМЗОЛАНДИ
2025-05-27 12:35:00 / Янгиликлар

Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Ўткир Шералиев меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлади. Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича Ўзбекистон ва Швейцария Конфедерацияси ўртасида йўлга қўйилган кўп йиллик ҳамкорлик амалий натижалар бераётганини эътироф этди.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Швейцария Конфедерациясининг “Марказий Осиёда мовий тинчлик” ташаббуси доирасида сув соҳасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Англашув Меморандуми ишлаб чиқилган.
Ушбу ҳужжат минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, сув ресурсларидан барқарор фойдаланиш ва трансчегаравий мулоқотни мустаҳкамлашга қаратилган.
“Мовий тинчлик” ташаббуси Швейцария томонидан 2010 йилда ишга туширилган бўлиб, 2017 йилдан бошлаб Марказий Осиёда фаолият олиб бормоқда. Ушбу ташаббус сувни тинчлик, барқарорлик ва минтақавий тараққиёт омили сифатида илгари суради. У биргаликдаги тадқиқотлар, маълумот алмашинуви ва илмий асосланган сиёсат ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлаб, сув бошқаруви соҳасида шаффофлик ва ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, ушбу лойиҳа минтақавий сув стратегияларини шакллантиришда ёшлар, аёллар ва жамоатчиликнинг иштирокини рағбатлантириш орқали ижтимоий инклюзияни устувор йўналиш сифатида белгилайди.
“Марказий Осиёда мовий тинчлик” ташаббуси халқаро сув ресурсларини бошқариш институти (IWMI) томонидан Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN) ва Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (CAREC) билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Кристиан Фруттигер меморандум Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида интеграциялашган сув ресурсларини бошқариш соҳасидаги узоқ муддатли ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор яратишини таъкидлади. Шу билан бирга, трансчегаравий сув мулоқотини ривожлантириш, институционал ва техник салоҳиятни ошириш, минтақавий иштирокчилар ўртасида ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилишини эътироф этди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Швейцария Конфедерациясининг “Марказий Осиёда мовий тинчлик” ташаббуси доирасида сув соҳасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Англашув Меморандуми имзоланди.
Тадбирда Швейцария Конфедерациясининг Ўзбекистондаги элчиси Константин Оболенский иштирок этди.
Меҳмонлар “Сувчилар мактаби” фаолияти билан ҳам танишдилар.
Ахборот хизмати





