АФҒОНИСТОН ДЕЛЕГАЦИЯСИ БИЛАН УЧРАШУВ ЎТКАЗИЛДИ
2025-04-13 13:05:00 / Янгиликлар

Кеча Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев делегация аъзолари билан учрашди.
Вазир меҳмонларни юртимизда ташрифи билан қутлади. Кейинги йилларда давлатларимиз ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиб бораётганлигини таъкидлади.
Яқинда Самарқандда ўтказилган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммитида сўзлаган нутқида Ўзбекистон Президенти ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Афғонистонни тинч ривожлантириш масалаларида сиёсий маслаҳатлашувларни давом эттириш кераклиги ҳақида айтган фикрларини келтириб ўтди.
Хусусан, Президентимиз “Афғон томонини минтақавий иқтисодий жараёнларга, жумладан, инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, ижтимоий соҳани қайта тиклаш йўли билан фаол жалб этиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Қабул қилинган мажбуриятларни бажариш учун халқаро ҳамжамиятнинг амалдаги афғон ҳукумати билан конструктив мулоқот ўрнатиш муҳимлигини тушуниши ва қўллаб-қувватлашига умид қиламиз”, - дея таъкидладилар.
Афғон Ислом Республикасининг Қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазири Отауллоҳ Умарий самимий ва дўстона қабул учун миннатдорлик билдирди. Ўтмиши, тарихий қадриятлари, дарёси муштарак икки халқ ўртасидаги дўстлик бардавом бўлишидан Афғонистоннинг ҳозирги ҳукумати ва албатта афғон халқи манфаатдор эканлигини эътироф этди.
- Ўзбекистоннинг ирригация иншоотларини қуриш ва улардан фойдаланиш, сувнинг ҳисобини юритиш, самарали бошқариш бўйича бой тажрибасини ўрганишимиз зарур, - деди Отауллоҳ Умарий.
Учрашувда Амударё сувидан оқилона фойдаланиш, афғон деҳқонларини Ўзбекистонда сув тежовчи технологиялар йўналишида ўқитиш, ҳамкорлик масалаларини доимий ўрганиб, янги лойиҳаларни амалга татбиқ этиш учун қўшма ишчи гуруҳини тузиш, унинг фаолияти учун ҳар икки томондан ҳам шароит яратиб бериш масалалари муҳокама қилинди.
Делегациянинг юртимизга ташрифи давом этмоқда.
Ахборот хизмати



