АМУДАРЁ” ВА “СИРДАРЁ” ҲАВЗАЛАРИДА 2025 ЙИЛ ВЕГЕТАЦИЯ МАВСУМИДА ДАВЛАТЛАРНИНГ СУВ ОЛИШ ЛИМИТЛАРИ ТАСДИҚЛАНДИ
2025-04-06 19:45:00 / Янгиликлар

Тадбир Самарқанд иқлим конференцияси доирасида ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев, Қозоғистон Республикаси Сув ресурслари ва ирригация вазири Н.Нуржигитов, Туркманистон Сув хўжалиги давлат қўмитаси раиси Д.Генджиев, Тожикистон Республикаси Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги вакиллари, комиссиянинг ижро этувчи органлари ҳисобланган “Амударё” ва “Сирдарё” ҳавзалари сув хўжалиги бирлашмалари, Илмий-ахборот маркази ва котибият раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш. Хамраев 2024 йил вегетация ва новегетация мавсумларини муваффақиятли ўтказишда қўшган ҳиссаси учун Комиссия таркибига кирувчи барча ижрочи ташкилотларга ўз миннатдорлигини билдирди.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг оқилона сиёсати натижасида сув хўжалиги соҳасида янги имкониятлар яратилаётганлигини, бу ўз ўрнида ўзаро манфаатларни ҳисобга олишга асосланган конструктив муносабатларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилаётганлигини таъкидлади.
Йиғилишда минтақада мавжуд сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи Давлат раҳбарларининг саммитларида илгари сурилган вазифаларни амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳисоботлар эшитилди ҳамда кун тартибидаги масалалар кўриб чиқилди.
Йиғилишда “Амударё” ва “Сирдарё” ҳавзаларида 2025 йил вегетация мавсумида давлатларнинг сув олиш лимитлари тасдиқланди ҳамда сув омборлари каскадларининг прогноз ишлаш режими муҳокама қилинди.
Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг навбатдаги 90-йиғилишини 2025 йил август ойида Қозоғистон Республикасининг Остона шаҳрида ўтказишга келишилди.
Шунингдек, 2025 йилнинг май-июнь ойларида Душанбе шаҳрида бўлиб ўтадиган “Музликларни асраш” бўйича юқори даражадаги халқаро конференцияси доирасида минтақавий форум ташкил этишга кўмаклашиш масаласи кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунида тегишли баённома имзоланди.
Ўзбекистон, шу билан бирга давлатлараро сув хўжалигини ривожлантиришга қўшган юксак ҳиссаси учун Қозоғистон Республикаси Сув ресурслари ва ирригация вазири Н.Нуржигитов, Туркманистон Сув хўжалиги давлат қўмитаси раиси Д.Генджиев, Халқаро Оролни қутқариш жамғармаси Ижроия қўмитаси раиси
А.Оразбай "Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланди.
Ахборот хизмати






