СЕНАТОРЛАР СУВ КОДЕКСИНИ МАЪҚУЛЛАДИ
2025-03-17 17:25:00 / Янгиликлар

Мажлисда маъруза қилган Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Тўйчиев Кодексда сув муносабатлари соҳасидаги асосий ҳуқуқий ҳужжатлар тизимлаштирилганини таъкидлади.
Жумладан, сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасида Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари, вазифа ва функцияларига аниқлик киритилмоқда.
Шунингдек, сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий қилиш шартлари, сув олиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик масалалари, сувга доир муносабатларда халқаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб берилмоқда.
Сув кодексининг қабул қилиниши сувдан оқилона фойдаланиш, сув ресурсларини самарали бошқариш ва муҳофаза қилишни таъминлайди. Соҳа бўйича давлат органларининг бир-бирини такрорловчи ваколатлари билан боғлиқ масалалар ҳал қилинади. Сув етказиб берувчилар ва истеъмолчиларнинг масъулияти ортади.
Шунингдек, қонун мамлакатнинг сув хавфсизлигига эришишига хизмат қилади. Унда сув тақчиллиги кучайиб бораётган даврда барча иқтисодиёт тармоқлари ва атроф-муҳитнинг сувга бўлган эҳтиёжини қондириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув инфратузилмаси ва суғориладиган ерлар ҳолатини яхшилаш каби масалалар қамраб олинган.
Сенаторлар қонун лойиҳасини маъқуллади.
Ахборот хизмати



