СУВ ТЕЖОВЧИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР – ДАВР ТАЛАБИ
2025-02-07 17:00:00 / Янгиликлар

Шу муносабат билан ишлаб чиқилган Давлат дастурининг 3-йўналиши сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга бағишланган. Жумладан, Давлат дастуридаги 62-мақсад ҳудудларда сув тежовчи технологияларни жорий қилишни жадаллаштириш, маҳаллий корхоналарнинг сув тежовчи технологияларни ишлаб чиқариш қувватларини ошириш вазифаларини ўз ичига олган.
Президентимиз ташаббуси билан сувни тежайдиган технологияларни жорий этишга асосий эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Нафақат сув, балки минерал ўғитлар, ёқилғи мойлаш маҳсулотлари, ишчи кучи кабиларга сарф-харажатларни тежаш билан бирга ҳосилдорликни ошириши нуқтаи назаридан унинг жозибадорлиги юқори. Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган концепцияси ҳамда “Ўзбекистон–2030” стратегиясида сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилишни 2030 йилгача 2 миллион гектарга, жумладан, томчилатиб суғориш технологиясини 600 минг гектарга етказиш белгиланган.
2024 йилда республикамиз бўйича 849,4 минг гектар майдонларда сув тежовчи технологиялар, жумладан, 84,9 минг гектарда томчилатиб суғориш, 37,2 минг гектарда ёмғирлатиб суғориш, 30,6 минг гектарда дискрет суғориш технологиялари жорий қилинди. 173,9 минг гектар майдонлар эгилувчан қувур орқали ва эгатга плёнка тўшаб суғорилди, 522,8 минг гектар майдонлар лазерли текисланди. Сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонлар 2 млн гектарга, шундан томчилатаб суғориш технологияси қамрови 560 минг гектарга етказилди.
Ўзбекистонда 2019 йилдан бошлаб сув тежовчи технологияларни жорий этган фермер ва кластерларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизми йўлга қўйилди. Жумладан, имтиёзли кредитлар ва субсидиялар ажратилаётгани бу борадаги ишларнинг янада яхшиланишига сабаб бўляпти. Фермер хўжаликлари ва кластер корхоналарини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтган йили 22 минг гектар пахта майдонларида томчилатиб ва дискрет суғориш технологияси жорий қилинганлиги учун жами 208 млрд. сўм субсидия маблағлари ажратилди. Шунингдек, сув тежовчи технологиялар учун солиқ имтиёзларининг жорий қилиниши катта самара беряпти.
2025 йилда ушбу хайрли ишларнинг жадал давом эттирилиши белгилаб олинган. Хусусан, жорий йилда 500 минг гектар майдонларда сув тежовчи технологиялар, жумладан, 74,7 минг гектарда томчилатиб, 35,3 минг гектарда ёмғирлатиб, 27,5 минг гектарда дискрет суғориш технологияларини жорий қилиш, 94 минг гектарни эгилувчан қувур орқали ва эгатга плёнка тўшаб суғориш ҳамда 268,5 минг гектар майдонни лазерли текислаш бўйича манзилли дастурлар ишлаб чиқилиб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда тасдиқланди. Мазкур дастурнинг ижроси аллақчон бошланиб, бирмунча натижаларга ҳам эришилди. Ушбу тадбирларни сифатли амалга ошириш мақсадида Сув хўжалиги вазирлиги ташкилотларидан жами 6 мингдан зиёд ишчи-ходимлардан иборат 300 та қурилиш ва сервис хизматлари ташкил этилиб, улар томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга амалий ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилди.
Ҳозирда 2025 йил ҳосили учун 21,8 минг гектар ғалла майдонларида ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича “suvkredit.uz” платформаси орқали пудрат шартномалари расмийлаштирилиб, 15 минг гектар учун молиялаштирилган бўлса, 11 минг гектар майдонларда қурилиш-монтаж ишлари бошланди.
Ахборот хизмати


