ДЕПУТАТЛАР ИШТИРОКИДА САЙЁР ЭШИТУВ ВА ЖУРНАЛИСТЛАР УЧУН МАТБУОТ АНЖУМАНИ ЎТКАЗИЛДИ
2025-01-23 18:20:00 / Янгиликлар
Тадбирда Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзолари, Сув хўжалиги вазирлиги мутахассислари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси ҳамда “Ўзбекистон-2030” стратегиясида сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилишни 2030 йилгача 2 миллион гектарга, жумладан, томчилатиб суғориш технологиясини 600 минг гектарга етказиш белгиланган.
Вазир ўринбосари Р.Қаршиевнинг таъкидлашича, 2024 йилда республика бўйича 849,4 минг гектар майдонларда сув тежовчи технологиялар, жумладан, 84,9 минг гектарда томчилатиб суғориш, 37,2 минг гектарда ёмғирлатиб суғориш, 30,6 минг гектарда дискрет суғориш технологиялари жорий қилинди ҳамда 173,9 минг гектар майдонлар эгилувчан қувур орқали ва эгатга плёнка тўшаб суғорилди, 522,8 минг гектар майдонлар лазерли текисланди. Сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонлар 2 млн гектарга, шундан томчилатаб суғориш технологияси қамрови 560 минг гектарга етказилди.
Фермер хўжаликлари ва кластер корхоналарини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтган йили 22 минг гектар пахта майдонларида томчилатиб ва дискрет суғориш технологияси жорий қилинганлиги учун жами 208 млрд сўм субсидия маблағлари ажратилди.
2025 йилда 500 минг гектар майдонларда сув тежовчи технологиялар, жумладан, 74,7 минг гектарда томчилатиб, 35,3 минг гектарда ёмғирлатиб, 27,5 минг гектарда дискрет суғориш технологияларини жорий қилиш, 94 минг гектарни эгилувчан қувур орқали ва эгатга плёнка тўшаб суғориш ҳамда 268,5 минг гектар майдонни лазерли текислаш бўйича манзилли дастурлар ишлаб чиқилиб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда тасдиқланди.
Ушбу тадбирларни сифатли амалга ошириш мақсадида Сув хўжалиги вазирлиги ташкилотларидан жами 6 мингдан зиёд ишчи-ходимлардан иборат 300 та қурилиш ва сервис хизматлари ташкил этилиб, улар томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга амалий ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилди.
Айни пайтда 2025 йил ҳосили учун 21,8 минг гектар ғалла майдонларида ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича “suvkredit.uz” платформаси орқали пудрат шартномалари расмийлаштирилиб, 14 минг гектар учун молиялаштирилган бўлса, 10,4 минг гектар майдонларда қурилиш-монтаж ишлари бошланди.
Сайёр эшитувда вазирлик мутахассислари, Агробанк, Сувчилар мактаби ва ишлаб чиқарувчи корхоналар вакиллари депутатларнинг саволларига жавоб берди.
Тадбир якунида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди.
Ахборот хизмати