Асосий контентга ўтиш

СУВ МАСАЛАСИ – ДАВЛАТ ДАСТУРИ ЛОЙИҲАСИДА

2025-01-21 14:35:00 / Янгиликлар

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга ошириш бўйича давлат дастури ва уни тасдиқлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳалари ишлаб чиқилиб, кенг жамоатчилик муҳокамаси учун жорий йилнинг 22 январь кунига қадар www.uzbekistan2030.uz ва www.regulation.gov.uz веб-сайтларига жойлаштирилди.

      Давлат дастурининг 3-йўналиши сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга бағишланган.

Жумладан, Давлат дастуридаги 62-мақсад республикада сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини ва сув ишлатиш самарадорлигини оширишни назарда тутади. Унда ҳудудларда сув тежовчи технологияларни жорий қилишни жадаллаштириш, маҳаллий корхоналарнинг сув тежовчи технологияларни ишлаб чиқариш қувватларини ошириш вазифалари белгиланган.

63-мақсад қишлоқ хўжалиги соҳасида сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашни кўзда тутади. Унга кўра, мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш орқали суғориладиган ерларда шўрланган майдонлар 26 минг гектаргача камайтирилади.

64-мақсад ирригация тизими ва сув тежовчи технологияларни ривожлантириш, соҳа бошқарувига хусусий сектор ва давлат-хусусий шериклик механизмларини кенг жорий этишга қаратилган.

Бунда Сув хўжалиги объектларида автоматлаштирилган бошқарув тизимини жорий қилиш, ирригация соҳасига хусусий секторни жалб қилиш, давлат-хусусий шерикликни кенг жорий қилиш ҳисобига хусусий инвестициялар оқимини кўпайтириш вазифалари белгиланган.

Ушбу йўналишлар бўйича Сизда таклиф-мулоҳазалар бўлса, уларни www.uzbekistan2030.uz порталига юборишингиз мумкин.

 

Ахборот хизмати

95

Охирги янгиланиш: 2025-01-21 14:41:04

СУВ МАСАЛАСИ – ДАВЛАТ ДАСТУРИ ЛОЙИҲАСИДА