БАРЧА СУВ ОМБОРЛАРИДА ХАВФСИЗ ЧОРАЛАРИ КЎРИЛГАН
2025-01-12 11:10:00 / Янгиликлар
Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Рустам Қаршиевнинг баёнотига кўра, бугунги кунда сув омборларида 12,6 млрд куб метр сув йиғилган. Ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда, 3 млрд метр кўп сув тўпланган.
1991 йилдан 2021 йилгача бўлган даврда декабрь ойидаги ёғин миқдорлари таҳлил қилинганида, 2024 йилнинг сўнгги ойида ёғингарчилик кўп йиллик ўртача кўрсаткичнинг 70 фоизидан кам бўлган. Шунингдек, таҳлилларга асосан 2025 йилнинг баҳор ойларида ёғингарчилик кўп йиллик ўртача кўрсаткичдан кам бўлиши кутилмоқда. Шуни ҳисобга олган ҳолда Сув хўжалиги вазирлиги томонидан барча сув омборларига аҳолининг хавфсизлик чоралари ва иншоотларнинг эксплуатaция қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда сув йиғиш чоралари кўрилмоқда.
Куни кеча ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Оқдарё сув омборидаги вазият ҳақида ахборот тарқалди. Ушбу сув омбори 130 млн куб метргача сув йиғиш имконига эга бўлиб, бугунги кунда 105 млн куб метр сув тўпланган. Оқдарё сув омборига яна
15-20 млн куб метр сув йиғиш мумкин. Хавфсизликни таъминлаш мақсадида сув омборига сув кириш ва чиқиш миқдори бир хил (транзит) ҳолатга келтирилган.
Бундан икки ҳафта олдин Ҳукумат раҳбарининг махсус топшириғи билан Сув хўжалиги вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ва бошқа тегишли вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат комиссия тузилиб, республикамиздаги барча сув омборларининг техник ва хавфсизлик ҳолатини ўрганиш мақсадида ишчи гуруҳлар шакллантирилди. Ишчи гуруҳлар жойларга чиқиб, хавфсизлик чораларини белгилаб олмоқда.
Шуни қатъий ишонч билан айтамизки, ҳозирги пайтда барча сув омборларида хавфсизлик чоралари кўрилган, навбатчилик кучайтирилган, зарур моддий-техник материаллар захиралари яратилган. Ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ.
Сув хўжалиги вазирлиги
Ахборот хизмати