СУВ ХЎЖАЛИГИ ХОДИМЛАРИГА
2024-12-28 09:20:00 / Янгиликлар
Ассалому алайкум!
Барчангизни кириб келаётган қувончли ва шукуҳли айём – Янги йил байрами билан мамлакатимиз мироблари номидан самимий табриклайман.
Ҳурматли Президентимиз қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш мақсадида сувни ва сарфланаётган электр энергиясини тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилишини таъкидлади.
“2024 йил – “суғориш тармоқларида сув йўқотишларини камайтириш бўйича зарбдор йили” сув хўжалиги соҳаси учун туб ўзгаришлар даври бўлди.
Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизими такомиллаштирилди, 159 та “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси ташкил этилиб, истеъмолчиларга 26 млрд м3 сув етказиб берилди, 8 млрд м3 сув тежалди.
525 км магистрал ва хўжаликлараро каналлар, 13,5 минг км ички суғориш тармоқлари бетонланди.
326 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий қилинди, 507 минг гектар майдон лазерли текисланди.
350 млн кВт/соат электр энергияси иқтисод қилинди.
Сув хўжалигининг барча бўғинида ходимларнинг иш ҳақи оширилди.
2025 йил – “насослар самарадорлигини ошириш йили”да вазирлигимиз олдида қатор муҳим вазифалар турибди.
570 км магистрал каналлар ва 15 минг км ички суғориш тармоқлари бетон қопламага ўтказилади.
Сув тежайдиган технологиялар қамрови 2,4 млн гектарга етказилади.
150 та насос, 166 та электродвигателлар янгиланади ва энерготежамкор қурилмалар ўрнатилди.
Қишлоқ хўжалигида 10 млрд м3 сув иқтисод қилинади.
Рақамлаштириш, давлат-хусусий шериклик, хорижий инвестицияларни ўзлаштириш доимий эътиборимизда бўлади.
Сув хўжалигида кузги-қишки тадбирлар соҳанинг тақдирини ҳал қилади. Насос станциялари, гидротехник иншоотларни таъмирлаш ва бошқа юмушларни жадал давом эттирамиз.
Сувчиларимиз бир ёқадан бош чиқариб, бир жону бир тан бўлиб, олдимизга қўйилган марраларга эришишларига ва ўзларига билдирилган юксак ишончни оқлашларига ишонаман.
Барчангизни яна бир бор Янги йил билан табриклайман. Соғлик-саломатлик, оилавий бахт тилайман.
Юртимиз тинч, сувимиз мўл ва баракали бўлсин.
2025 йил хайрли, файзли келсин!
Шавкат Хамраев,
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири
2024 йил 28 декабрь