ДЕНОВ ТУМАНИДА КЕЛГУСИ ЙИЛДА 12 МИЛЛИОН МЕТР КУБ СУВНИ ТЕЖАШ ЧОРАЛАРИ КЎРИЛМОҚДА
2024-12-04 17:45:00 / Янгиликлар
Денов туманида ўтказилган семинарда барча фермер хўжаликлари раҳбару аъзолари, сув хўжалиги ташкилотлари мутахассислари иштирокида суғориш тармоқларини бетонлаштириш масаласи муҳокама қилинди. Туман раҳбарлари фермерлар ҳамда ирригаторларга бетонлаштиришни тезлаштириш ҳамда суғориш тармоқларини лойқаю чиқиндилардан тозалашни сафарбарликда адо этиш бўйича топшириқ берди.
Кўргазмали семинарда йиғилганларга бетонлаштиришни сифатли ташкил қилиш, канал, ариқ ва бошқа суғориш тармоқларини бетонлаштиришда қоплама қалинлиги камида қанча бўлиши кераклиги, таваккалчилик билан иш қилмай, юз метрга бетон ётқизилса ҳам сифатга эътибор бериш, ҳисоб-китобни тўғри олиш каби ишлар намойиш қилинди. Семинарда маъруза қилган туман «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ директори Тўлқин Абдумуродов таъкидланганидек, режалаштирилган каналлар ва ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш ҳисобига келгусида 12 миллион метр куб сув тежалиши эвазига 1500 гектар экин майдонларини қўшимча суғориш имконияти юзага келади. Бундан ташқари, 2025–2027 йиллар орасида Хитой Халқ Республикаси инвесторлари кўмагида туман ҳудудидаги «Булунғур» каналининг 12,7 километри, «Тожикон» каналининг 11,6 километри, «Хайробод» каналининг 23,5 километри, «Денов катта ариғи» каналининг 15,7 километрини бетонлаштириш режалаштирилган бўлиб, ушбу лойиҳалар тўлиқ амалга оширилиши ҳисобига туманда сувдан фойдаланиш самарадорлиги 25 фоизга оширилади.
Семинар якунида иштирокчиларга суғориш тармоқлари атрофидаги ерларга мевали-манзарали дарахтлар кўчатини экиш вазифаси ҳам юклатилди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати
