ХИТОЙ КОМПАНИЯЛАРИ ТЎРТ ВИЛОЯТДА СУҒОРИШ ТИЗИМИНИ РЕКОНСТРУКЦИЯ ҚИЛАДИ
2024-12-03 14:25:00 / Янгиликлар

Суғориладиган ерларнинг сув таъминотини яхшилаш, сув ресурсларидан тежамли фойдаланиш, қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланиши учун Бухоро, Наманган, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилган:
- Бухоро, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида ирригация инфратузилмасини реконструкция қилиш» лойиҳасининг дастлабки қиймати 160 млн доллар;
- «Қашқадарё вилоятида ирригация инфратузилмасини реконструкция қилиш» лойиҳасининг дастлабки қиймати 60 млн доллар.
Лойиҳаларни амалга ошириш буюртмачиси этиб Сув хўжалиги вазирлигининг Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш маркази белгиланди. Лойиҳаларни молиялаштириш манбаи эса Хитой халқ республикасининг Экспорт-импорт банкининг имтиёзли кредити ҳисобланади.
Бу лойиҳаларнинг бош қурилиш пудратчиси сифатида истисно тартибида Хитой «CITIC Construction Co.Ltd» ва «China САМС Engineering Со, Ltd» компаниялари белгиланди.
2025 йилдан бошлаб, ХХР Экспорт-импорт банки билан қарз шартномалари лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари тасдиқланганидан сўнг, бажарилган ишлар ҳажмига қараб қисмларга бўлиб имзоланади.
Шунингдек, “Қашқадарё вилоятида ирригация инфратузилмасини реконструкция қилиш” лойиҳаси доирасида 2025 йилда 15 фоизлик олдиндан тўлов учун Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг маҳаллий бюджетларида мелиоратив объектларни таъмирлаш ва тиклаш учун белгиланган маблағлардан 120 млрд сўм йўналтирилади.
Лойиҳанинг техник-иқтисодий асоси тасдиқланганидан сўнг, қарз битими шартларидан келиб чиқиб, 2025 йил учун Давлат бюджети параметрларига ўзгартишлар киритилади.
