КОРЕЯ ҚИШЛОҚ БИРЛАШМАСИ КОРПОРАЦИЯСИ БИЛАН АНГЛАШУВ МЕОМОРАНДУМИ ИМЗОЛАНДИ
2024-11-27 14:55:00 / Янгиликлар

Вазир меҳмонларни ташрифи билан самимий қутлаб, мамлакатларимиз ўртасида сув хўжалиги соҳасида лойиҳалар самарали амалга оширилаётганлигини таъкидлади. Жумладан, йирик сув хўжалиги объектларига “Ақлли сув” қурилмалари ўрнатилганлиги, сув ресурсларини онлайн мониторинг қилиш, бошқариш ва тақсимлаш самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Эндиликда Корея қишлоқ бирлашмаси корпорацияси (KRC) билан ҳамкорликда Кореянинг Тараққиётга расмий ёрдам (ODA) дастури доирасида “Ўзбекистонда сув ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш” пилот лойиҳасини амалга оширишга киришилмоқда.
Мазкур лойиҳа Сирдарё вилоятида татбиқ этилиб, сув хўжалиги объектларининг хавфсизлигини таъминлаш, суғориш тармоқларини бетонлаштириш, сувни интергациялашган ҳолда бошқариш ва рақамлаштириш билан боғлиқ тизимли тадбирлар амалга оширилади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 8 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, тўрт йил мобайнида амалга оширилади. Лойиҳа доирасида вазирлик ҳузурида илмий-тадқиқот маркази, “Ситуацион марказ”, қўшма корхона ташкил этиш ҳамда турли семинар-тренинглар, халқаро тадбирлар ўтказиш кўзда тутилган.
Учрашув сўнггида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Корея қишлоқ бирлашмаси корпорацияси (KRC) ўртасида лойиҳа юзасидан ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Ахборот хизмати


