Сув хўжалигидаги ислоҳотлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди
2026-11-19 15:50:00 / Янгиликлар

Таъкидланганидек, иқлим ўзгариши ва сув ресурсларига талаб ортиб бораётган шароитда сувдан оқилона фойдаланиш, ирригация тизимларини модернизация қилиш ҳамда замонавий технологияларни кенг жорий этиш устувор вазифалардан бирига айланган.
Жорий йилги суғориш мавсуми муваффақиятли якунланди. Ғалла, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил олинди.
2026 йилнинг январь-октябрь ойларида сув тежовчи технологияларни жорий этиш, каналларни бетонлаштириш, рақамлаштириш ва агротехник тадбирлар ҳисобига 10 миллиард 690 миллион куб метр сув тежалди.
Хусусан, сув тежовчи технологиялар ва ерларни лазерли текислаш ҳисобига 4,9 миллиард, ирригация тармоқларини таъмирлаш ва бетонлаштириш натижасида 3,1 миллиард куб метрдан ортиқ сув иқтисод қилинди.
Жорий йилда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 1 минг километр канал бетонлаштирилди. Натижада вазирлик тизимидаги бетон қопламали магистрал ва хўжаликлараро каналларнинг умумий узунлиги 12,7 минг километрга етди. Йил якунига қадар яна 200 километр канални бетонлаштириш режалаштирилган.
Сув тежовчи технологиялар қамрови ҳам изчил кенгаймоқда. 2017 йилда бундай технологиялар 28 минг гектар майдонда қўлланилган бўлса, бугунги кунда 2,8 миллион гектарга, яъни суғориладиган майдонларнинг 65 фоизига етди.
Соҳани рақамлаштириш доирасида 13 минг 310 та сув хўжалиги объектига “Ақлли сув” қурилмалари ўрнатилди, 106 та йирик объект автоматлаштирилди.
“Suv hisobi” ахборот тизими орқали 97,5 мингта сувдан фойдаланувчи билан шартномалар расмийлаштирилиб, 817 мингта далолатнома электрон шаклда тузилди.
Шунингдек, куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида 4 минг 300 километр канал тозаланди, 3 минг 30 та гидротехника иншооти ва 3 минг 220 та гидропост таъмирланди.
Йил якунига қадар сув тежаш ҳажмини 11 миллиард куб метрга етказиш, ирригация инфратузилмасини яхшилаш ва рақамли бошқарув имкониятларини кенгайтириш режалаштирилган.
Анжуман якунида вазир оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерларнинг саволларига жавоб берди.
Сув хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати





