Осиё сув кенгаши: ҳамкорликдан амалий натижалар сари
2026-11-17 17:20:00 / Янгиликлар

Сув танқислиги, иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг ўсиши ва иқтисодиёт тармоқларида сувга бўлган талабнинг ортиши бугунги кунда Осиё мамлакатлари олдида турган энг долзарб масалалардан биридир. Айниқса, сув ресурслари бир нечта давлат ҳудудидан оқиб ўтадиган минтақаларда улардан оқилона фойдаланиш, ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бундай шароитда сув муаммоларига биргаликда ечим излаш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, замонавий технологиялар ва инвестицияларни жалб этишга хизмат қилувчи халқаро тузилмаларнинг ўрни ортиб бормоқда. Осиё сув кенгаши ана шундай ҳамкорлик майдонларидан биридир.
Мазкур ташкилотни тузиш ғояси 2014 йилда илгари сурилган. 2015 йилда Корея Республикасида ўтказилган 7-Бутунжаҳон сув форумида унинг ташкил этилгани эълон қилинган бўлса, 2016 йилда Индонезиянинг Бали оролида бўлиб ўтган таъсис Бош ассамблеясида Кенгаш расман ўз фаолиятини бошлаган.
Ўтган ўн йил давомида Осиё сув кенгаши 27 мамлакатдаги 180 дан ортиқ ташкилотни бирлаштирган йирик халқаро ҳамкорлик тармоғига айланди. Унинг таркибида давлат бошқаруви органлари, сув хўжалиги ташкилотлари, илмий-тадқиқот муассасалари, университетлар, халқаро тузилмалар ва хусусий компаниялар фаолият юритмоқда.
Кенгашнинг асосий мақсади сув ресурсларини барқарор бошқариш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, илмий изланишларни қўллаб-қувватлаш, соҳага инвестициялар жалб қилиш ва давлатлар ўртасида тажриба алмашишни ривожлантиришдан иборат. Трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш, иқлим ўзгаришига мослашиш, сув хўжалигини рақамлаштириш ва табиий офатлар хавфини камайтириш ҳам ташкилот фаолиятининг муҳим йўналишлари ҳисобланади.
Ўзбекистоннинг ушбу халқаро тузилма билан ҳамкорлиги изчил ривожланмоқда. 2025 йил март ойида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Кенгашнинг «Ҳукуматлар» гуруҳи аъзоси сифатида ташкилотга қўшилди. Бу мамлакатимизда сув ресурсларини бошқариш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва илғор технологияларни жалб этиш борасидаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқиш имконини берди.
Жорий йилнинг 4–6 ноябрь кунлари Таиланд Қироллигининг Бангкок шаҳрида Осиё сув кенгашининг навбатдаги тадбирлари бўлиб ўтди. Уларда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Тадбирлар дастуридан Кенгаш Бошқарув кенгашининг 25 ва 26-йиғилишлари, 5-Бош ассамблея, Осиё халқаро сув ҳафталиги Бошқарув қўмитаси йиғилиши, техник семинарлар ва халқаро кўргазма ўрин олди. Шунингдек, ташкилотнинг ўн йиллиги муносабати билан эришилган натижалар сарҳисоб қилиниб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди. Анжуманларда Кенгаш аъзолари ва Таиланд ҳукумати вакилларидан иборат 250 нафарга яқин иштирокчи қатнашди.
Анжуман доирасида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Осиё сув кенгаши Бошқарув кенгаши аъзолигига сайланди. Шунингдек, вазир Шавкат Хамраев 2026–2029 йиллар учун Осиё сув кенгаши вице-президенти лавозимига тайинланди.
Эътиборлиси, янги сайланган раҳбарият таркибида Ўзбекистон Марказий Осиёдан ягона давлат сифатида ўрин олди. Бошқарув кенгашига эса мамлакатимиздан яна бир ташкилот — Оролни қутқариш халқаро жамғармаси лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги ҳам сайланди.
Шу тариқа, Ўзбекистон Осиё сув кенгашида икки йўналиш бўйича ўз иштирокини таъминлади. Сув хўжалиги вазирлиги мамлакатимизнинг сув сиёсати ва соҳадаги устувор вазифаларини илгари сурса, агентлик Оролбўйи ва Марказий Осиёдаги минтақавий лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашади.
Мазкур ҳамкорлик, аввало, трансчегаравий сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув хавфсизлигини таъминлаш, ирригация тизимларини модернизация қилиш ва соҳада инновацион ечимларни жорий этиш нуқтаи назаридан аҳамиятлидир. Шунингдек, сув хўжалиги лойиҳалари учун халқаро молия институтлари, илмий марказлар ва технология ишлаб чиқарувчи компаниялар билан алоқаларни янада кенгайтириш имконини беради.
Бангкокдаги тадбирлар фақат ташкилий масалалар билан чекланиб қолмади. Ўзбекистон делегацияси томонидан халқаро ташкилотлар ва хорижий компаниялар вакиллари билан бешта учрашув ўтказилиб, қатор амалий келишувларга эришилди.
Жумладан, Осиё сув кенгаши президенти Сегде Юн билан учрашувда ташкилотнинг навбатдаги тадбирларидан бирини Ўзбекистонда ўтказиш имкониятлари муҳокама қилинди. Бундай халқаро анжуман мамлакатимизда сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини намойиш этиш, хорижий мутахассислар ва инвесторлар билан тўғридан-тўғри мулоқотни кенгайтириш учун қулай майдон бўлиши мумкин.
БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси Бош котиби ўринбосари Линь Ян билан музокараларда Марказий Осиёда сув-энергетика ҳамкорлиги, трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, SPECA жамғармаси доирасида Ўзбекистон билан пилот лойиҳалар ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишга техник кўмак кўрсатиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Хитойнинг Тошқинларни бошқариш бўйича халқаро конференцияси Доимий котибияти президенти Ван Цзяньхуа билан учрашув ҳам амалий аҳамият касб этди. Унда Жиззах вилоятидаги ирригация тизимини модернизация қилиш, тошқин ва қурғоқчилик хавфини бошқариш, эрта огоҳлантириш тизимларини такомиллаштириш ҳамда илмий-техник ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Айниқса, Корея Республикасининг HSCMT Co., Ltd. ва Enertork Ltd. компаниялари билан имзоланган ўзаро англашув меморандуми муҳим амалий натижалардан бири бўлди. Ҳужжат сув ресурсларини бошқаришни модернизация қилиш, ақлли сув ҳисоблаш технологияларини жорий этиш, магистрал сув тармоқларида ультратовушли ўлчагичларни синовдан ўтказиш ва сунъий интеллект ёрдамида маълумотларни таҳлил қилиш каби йўналишларни қамраб олади.
Бу каби технологиялар сув сарфини аниқ ҳисобга олиш, йўқотишларни камайтириш, мавжуд ресурсларни самарали тақсимлаш ва бошқарув қарорларини ишончли маълумотлар асосида қабул қилишга хизмат қилади. Айниқса, сув тақчиллиги кучайиб бораётган шароитда ҳар бир куб метр сувнинг ҳисобини юритиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бангкок мулоқотларида Оролбўйи минтақасидаги экологик муаммолар ҳам алоҳида ўрин эгаллади. Маълумки, 2027–2029 йилларда Ўзбекистон Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик қилади. Ушбу даврда сув хавфсизлигини мустаҳкамлаш, Орол денгизи ҳавзасида экологик барқарорликни таъминлаш ва халқаро ҳамкорларни қўшма лойиҳаларга кенг жалб этиш муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Осиё сув кенгашининг илмий-техник имкониятлари, халқаро алоқалари ва ҳамкорлик платформаларидан фойдаланиш бу йўналишдаги ташаббусларни амалий лойиҳалар билан бойитишга хизмат қилиши мумкин. Хусусан, иқлим ўзгаришига мослашиш, сув тежовчи технологияларни кенгайтириш, сув ресурсларини мониторинг қилиш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қўшма дастурларни ишлаб чиқиш учун янги имкониятлар пайдо бўлмоқда.
Бундан ташқари, Кенгаш доирасидаги ҳамкорлик маҳаллий мутахассислар малакасини ошириш, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш, илмий муассасалар ўртасида алоқаларни ривожлантириш ва замонавий технологияларни мамлакатимиз шароитига мослаштиришда ҳам муҳим ўрин тутади.
Эндиликда асосий вазифа Бангкокда эришилган келишувларни изчил амалга оширишдир. Бунинг учун хорижий ҳамкорлар билан пилот лойиҳаларни ишлаб чиқиш, техник ва молиявий имкониятларни ўрганиш, илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш ҳамда сув хўжалиги тизимига самарали технологияларни жорий этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Шу маънода, Осиё сув кенгаши Ўзбекистон учун нафақат халқаро мулоқот майдони, балки соҳадаги устувор вазифаларни ҳал этиш, илмий-техник имкониятларни кенгайтириш ва ҳамкорликдаги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишнинг муҳим платформасидир.
Зеро, бугун сув хавфсизлигини таъминлаш фақат бир мамлакатнинг ички имкониятларига боғлиқ эмас. У давлатлар ўртасидаги ишонч, ўзаро манфаатли ҳамкорлик, замонавий билим ва илғор технологияларни бирлаштиришни тақозо этади. Ўзбекистоннинг Осиё сув кенгашидаги фаол иштироки ана шу мақсадларга эришиш, миллий ва минтақавий сув манфаатларини уйғунлаштириш ҳамда барқарор тараққиёт учун мустаҳкам замин яратишга қаратилган.
Санжар Раҳмонов
Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳасининг институционал ривожланиш бўйича координатори.
