Сув дипломатияси: тажриба ва янги авлод мулоқоти
2026-11-12 16:10:00 / Янгиликлар

“Ёшлар куни” доирасида ўтказилган тадбирда Сув хўжалиги вазири ўринбосари Миролимжон Каримов, Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси Илмий-ахборот маркази директори Динара Зиганшина, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси вакиллари, шунингдек, ёш мутахассислар, магистрантлар ва талабалар иштирок этди.
Учрашувда Марказий Осиёда трансчегаравий сув ресурсларини биргаликда бошқариш, сув дипломатиясининг минтақавий барқарорликни таъминлашдаги ўрни, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда соҳада малакали ёш кадрлар тайёрлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда Сув хўжалиги вазирлиги тизимида 6 минг нафардан зиёд ёшлар меҳнат қилмоқда. Жорий йилда тизим ташкилотларига 1 минг нафар олий таълим муассасаси битирувчиси ишга қабул қилинди. Шунингдек, 100 нафар ёш сув хўжалиги инноваторини хорижий давлатларга тажриба ўрганишга юбориш ишлари олиб борилмоқда.
Мулоқот давомида “Халқаро сув дипломатияси” мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш, ёшларнинг чет тилларини пухта эгаллаши, халқаро ҳуқуқ ва замонавий сув бошқаруви технологияларини ўрганиши муҳимлиги қайд этилди.
Шунингдек, магистрантлар ва битирувчиларни вазирлик тизимида амалиёт ўташга, халқаро лойиҳалар ва илмий изланишларга жалб этиш имкониятлари ҳақида сўз юритилди.
Тадбир тажрибали мутахассислар ва ёш авлод вакиллари ўртасида билим ва тажриба алмашиш, соҳанинг истиқболли йўналишлари юзасидан фикрлашиш учун мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди.
Ахборот хизмати






