COP31: Туркияда сувни смарт-карта орқали ҳисобга олиш тажрибаси ўрганилди
2026-11-12 10:00:00 / Янгиликлар

Хусусан, делегация Туркия Давлат сув ишлари бош бошқармаси (DSI) вакиллари ҳамроҳлигида Анталия вилоятининг Манавгат туманида жойлашган Нарас тўғони ва унга боғлиқ суғориш тизими фаолияти билан танишди.
Роликлар билан зичланган бетон (RCC) технологияси асосида қурилган мазкур тўғон ҳудудни тошқинлардан ҳимоя қилиш билан бирга, 7,1 минг гектар ерни ўзи оқар усулда суғориш имконини беради. Жумладан, илгари насос станциялари орқали суғорилган 5,6 минг гектар майдон ўзи оқар тизимга ўтказилмоқда. Бу эса сув етказиб беришда электр энергияси сарфини камайтириш имконини яратади.
Эътиборлиси, мазкур тизимда сув фермерларга ёпиқ қувурли босимли тармоқлар орқали етказилади. Сув сарфи эса смарт-карталар ва электрон ҳисоблагичлар ёрдамида автоматик назорат қилинади.
Фермерлар сув учун олдиндан тўловни амалга ошириб, далаларда ўрнатилган гидрантлар орқали сув олади. Смарт-карта ҳисоблагичга тегизилганда сув бериш жараёни бошланади ва фойдаланилган сув ҳажми электрон тарзда ҳисобга олинади.
Ўзбекистон делегацияси ушбу технологиядан фойдаланаётган иссиқхона хўжаликларида бўлиб, тизимнинг ишлаш жараёнини бевосита кузатди.
DSI вакилларининг маълум қилишича, Туркияда босимли қувурли суғориш тармоқларининг улуши 2000 йиллар бошидаги 6 фоиздан бугунги кунда 35 фоизга етказилган. Янги лойиҳаларда эса мазкур кўрсаткич 95 фоизгача етмоқда.
Бундай тармоқлар давлат бюджети ва давлат томонидан жалб қилинган халқаро кредитлар ҳисобидан қурилмоқда.
Ташриф давомида делегация Анталиядаги йирик мева етиштирувчи «Öncel Group» компаниясининг ишлаб чиқариш объектларини ҳам кўздан кечириб, унинг раҳбарияти билан мулоқот ўтказди.
Туркиянинг мазкур тажрибасини Ўзбекистонда қўллаш, хусусан, ёпиқ қувурли суғориш ва смарт-карта орқали сув ҳисобини юритиш технологияларини «Сув ҳисоби» ахборот тизими билан интеграция қилган ҳолда пилот лойиҳа сифатида жорий этиш имкониятлари ўрганилади.
Ушбу ёндашув сувни фермер даласигача етказишда йўқотишларни камайтириш, ҳар бир куб метр сувнинг ҳисобини юритиш, сувдан фойдаланишда шаффофликни ошириш ва ресурсларни тежашга хизмат қилади.
Сув хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати

