COP31: Сув соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
2026-11-12 09:55:00 / Янгиликлар

Туркия Қишлоқ хўжалиги ва ўрмон вазири ўринбосари Эбубекир Гизлигидер билан учрашувда икки вазирлик ўртасида жорий йил октябрь ойида имзоланган 2026–2027 йилларга мўлжалланган Қўшма дастурни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Дастур ижросини жадаллаштириш мақсадида туркиялик мутахассисларни Ўзбекистонга таклиф этиш, ўзбекистонлик мутахассисларни эса тажриба алмашиш учун Туркияга юбориш, шунингдек, икки мамлакат илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш таклиф этилди.
Туркия Давлат сув ишлари бош бошқармаси (DSI) Бош директори Меҳмет Акиф Балта билан мулоқотда сув тежовчи технологиялар, рақамли сув ҳисоби ва мониторинг тизимларини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон томони ёпиқ қувурли ва ҳисоблагичли суғориш тизимлари бўйича қўшма пилот лойиҳани амалга ошириш, техник ишчи гуруҳ тузиш, сув омборлари хавфсизлиги ва эрта огоҳлантириш тизимлари бўйича тажриба алмашиш ташаббусларини илгари сурди.
Меҳмет Акиф Балта Ўзбекистонга ташриф буюриш таклифини қабул қилди. Рустам Қаршиев эса 2027 йил октябрь ойида Истанбулда ўтказиладиган Халқаро сув ресурслари ассоциациясининг (IWRA) XX Бутунжаҳон сув конгрессига таклиф этилди.
Сув ресурсларини бошқариш халқаро институти (IWMI) Бош директори Марк Смит билан учрашувда институтнинг Ўзбекистондаги 25 йиллик фаолияти давомида эришилган ҳамкорлик натижалари ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Сув тежовчи технологияларни жорий этиш, сув ҳисобини рақамлаштириш ва мутахассислар малакасини ошириш бўйича қўшма лойиҳаларни институт ҳамда халқаро донорлар маблағлари ҳисобидан амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Марк Смит декабрь ойида Абу-Дабида бўлиб ўтадиган БМТ Сув конференцияси доирасида Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги ташкил этадиган ён тадбирда маърузачи сифатида иштирок этишга розилик билдирди.
БМТ Тараққиёт дастурининг Истанбул минтақавий маркази раҳбари Стелиана Недера билан мулоқотда Ўзбекистон–Туркия Қўшма дастурини БМТТДнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда амалга ошириш, жумладан, мутахассислар алмашинувини молиялаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Стелиана Недера мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаб, уни атрофлича ўрганиш юзасидан марказ мутахассисларига топшириқ берди.
Учрашувлар Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва илмий-амалий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қўшма ташаббусларни илгари суриш учун муҳим имконият яратди.
Сув хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати




