Иқлим ўзгариши ва сув ресурслари: Ўзбекистоннинг янги ёндашувлари
2026-11-10 16:05:00 / Янгиликлар

“Дунёда сув танқислиги муаммоси тобора долзарб бўлиб бормоқда. Шу боис ислоҳотларимизнинг илк кунлариданоқ сувдан оқилона фойдаланишни давлат сиёсати даражасига олиб чиқдик”.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Сув – энг бебаҳо неъмат. У бор жойда тириклик, ободлик ва фаровонлик бор. Инсоният тамаддуни азалдан сув бўйида шаклланган, шаҳарлар қад ростлаган, деҳқончилик ривожланган. Сув нафақат инсоннинг кундалик эҳтиёжи, балки давлатлар тараққиёти ва халқлар келажагини белгилайдиган стратегик бойликдир.
Бироқ асрлар давомида ҳаёт манбаи бўлиб келган сув бугун инсоният учун жиддий синовга айланмоқда. Иқлим ўзгариши, глобал ҳароратнинг кўтарилиши, музликларнинг қисқариши ва қурғоқчиликнинг кучайиши сув ресурсларига муносабатни тубдан қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.
Ўзбекистон учун бу масала алоҳида аҳамиятга эга. Мамлакатимиз фойдаланадиган сув ресурсларининг қарийб 90 фоизи қишлоқ хўжалигига йўналтирилади. Аҳоли сони ва иқтисодиётнинг сувга эҳтиёжи ўсиб бораётган шароитда ҳар бир куб метр сувни асраш ҳаётий заруратдир.
Жорий йилнинг 9–20 ноябрь кунлари Туркиянинг Анталья шаҳрида ўтказиладиган БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси томонларининг 31-конференцияси – COP31 ана шу масалаларни халқаро миқёсда муҳокама қилиш учун муҳим майдон бўлади.
Конференция доирасида 11–12 ноябрь кунлари давлат ва ҳукумат раҳбарлари саммити ўтказилиши белгиланган. Ўзбекистон учун ушбу нуфузли анжуман мамлакатимизнинг иқлим ўзгаришига мослашиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлаш борасидаги амалий тажрибасини халқаро жамоатчиликка тақдим этиш, ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилиш учун яна бир имконият бўлади.
Сувни тежаш – стратегик мақсад ва амалий натижа
Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартиришга қаратилган тўртинчи миллий дастурнинг устувор вазифаларини белгилаб берди. Келгуси беш йилда экин майдонларини сув тежовчи технологиялар билан қамраб олишни 100 фоизга етказиш вазифаси қўйилди. Бу сув тежашни алоҳида илғор тажрибадан суғорма деҳқончиликнинг умумий қоидасига айлантиришни англатади.
Натижаларни таҳлил қилайлик. 2026 йил вегетация мавсумида иқтисодиёт тармоқларига 32,6 млрд. куб метр сув олиш лимити белгиланган бўлиб, амалда 34,2 млрд. куб метр сув ресурслари етказиб берилди (белгиланган лимитнинг 105 фоизи).
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2026 йилнинг январь-октябрь ойларида қуйидаги тадбирларни амалга ошириш ҳисобига 10 млрд. 690 млн. куб метр сув тежалишига эришилди. Хусусан:
- сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва ерларни лазерли текислаш орқали – 4 млрд. 935 млн. куб метр;
- ирригация тармоқларида таъмирлаш-тиклаш ва бетонлаштириш тадбирларини амалга ошириш орқали – 3 млрд. 140 млн. куб метр;
- рақамли технологияларни жорий қилиш орқали – 670 млн. куб метр;
- кам сув талаб қиладиган экинлар улушини кўпайтириш, экин майдонларида қўшимча агротехник тадбирларни амалга ошириш ҳисобидан – 1 млрд. 945 млн. куб метр сув тежалди.
2017 йилда сув тежовчи технологиялар атиги 28 минг гектар майдонда қўлланилган бўлса, бугунги кунда уларнинг қамрови 2,8 миллион гектарга, яъни жами суғориладиган майдонларнинг қарийб 65 фоизига етди.
Жорий йилнинг ўн ойида 654 минг гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва ерларни лазерли текислаш тадбирлари амалга оширилди.
Жумладан, 144 минг гектарда томчилатиб, 28 минг гектарда ёмғирлатиб суғориш технологиялари жорий қилинди. Яна 110 минг гектар ерда дискрет ва эгилувчан қувурлар орқали суғориш усуллари қўлланилди. 70 минг гектар майдонда плёнка тўшаб суғориш йўлга қўйилди. Бундан ташқари, 302 минг гектар ер лазер ускуналари ёрдамида текисланди.
Замонавий ирригация – иқлим ўзгаришига мослашиш омили
Далада сув тежовчи технология жорий этилган бўлса-ю, манбадан истеъмолчигача бўлган йўлда сув йўқотилса, кутилган самарага тўлиқ эришиб бўлмайди. Шу боис каналларни бетонлаштириш, гидротехника иншоотларини реконструкция қилиш ва тармоқларни модернизациялашга устувор эътибор қаратилмоқда.
2026 йилда ирригация ва мелиорация ишларига 2 триллион 200 млрд. сўм ажратилиб, 1030 километр хўжаликлараро ва 15 минг километрдан кўпроқ хўжалик ички каналлари бетонлаштирилди. Бу сувнинг ерга сизиб кетишини камайтириш, уни истеъмолчиларга барқарор етказиб бериш ва мавжуд ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Ер мелиорацияси – озиқ-овқат хавфсизлигининг муҳим шарти
Суғориладиган ерларда мелиоратив ҳолатнинг ёмонлашуви ҳосилдорлик пасайишига, ортиқча сув сарфига ва тупроқ унумдорлигининг йўқолишига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш билан бир қаторда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ишлари ҳам изчил давом эттирилмоқда.
2026 йилнинг ўн ойи давомида амалга оширилган мелиоратив тадбирлар натижасида республикадаги шўрланган майдонлар ўтган йилга нисбатан 36 минг гектарга камайди. Шу жумладан, кучли ва ўрта шўрланган майдонлар 17 минг гектарга қисқарди. Шунингдек, ер ости сувлари сатҳи муаммоли бўлган майдонлар 21 минг гектарга камайди.
Рақамли бошқарув – ҳар бир куб метр сувнинг ҳисобини юритиш имкони
Сув ресурсларини самарали бошқаришнинг асосий шарти – аниқ ҳисобни юритишдир. Ўлчанмаган сувни самарали тақсимлаш ва йўқотишлар ҳажмини ишончли аниқлаш имкони мавжуд эмас.
Шу мақсадда сув хўжалиги объектларида сув ресурсларини ҳисобга олиш ва назорат қилиш учун бугунги кунга қадар жами 13 310 та “Smart water” қурилмаси ҳамда 1 915 та насос станциясига онлайн сув ҳисоблаш қурилмалари ўрнатилди.
Шунингдек, 108 та йирик сув хўжалиги объекти автоматлаштирилди, 43 та йирик сув омборида сув сатҳи ва ҳажмини онлайн мониторинг қилиш тизими жорий этилди.
Рақамли технологиялар вазирлиги ва “Uzinfocom” МЧЖ билан ҳамкорликда “Сув ҳисоби” ахборот тизими Кадастр агентлиги ҳамда Солиқ қўмитасининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинди. Натижада сувдан фойдаланишга оид далолатномаларни онлайн шакллантириш ва тегишли солиқ суммаларини автоматик ҳисоблаш имкониятлари яратилди.
“Сув хўжалиги ягона платформаси” ишлаб чиқилиб, соҳада яратилган ахборот тизимлари ягона платформага бирлаштирилди.
Бу янгиланишлар сув ресурслари ҳаракатини реал вақт режимида кузатиш, ҳисоб-китобларда инсон омилини камайтириш ва бошқарув қарорларини тезкор қабул қилиш имкониятларини кенгайтирмоқда. Энг муҳими, рақамлаштириш сув тақсимотида аниқлик ва шаффофликни таъминлашнинг муҳим воситасига айланмоқда.
Сув ва энергия тежамкорлиги – ўзаро боғлиқ вазифалар
Сув хўжалигини ривожлантиришда энергетика самарадорлиги ҳам алоҳида ўрин тутади. Чунки мамлакатимизда суғориш сувининг қарийб 60 фоизи насос станциялари орқали етказиб берилади. Бу жараён катта миқдорда электр энергиясини талаб қилади.
Насос станцияларини модернизация қилиш, эскирган агрегатларни энергия тежамкор ускуналарга алмаштириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бир вақтнинг ўзида ҳам иқтисодий, ҳам экологик самара беради.
Жорий йилнинг ўн ойида вазирлик тизимида хизмат муддатини ўтаб бўлган 172 та насос ва 168 та электродвигатель янгиланди.
Муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш мақсадида умумий қуввати 15 660 киловатт бўлган қуёш фотоэлектр панеллари, 66 та конденсатор қурилмалари ўрнатилди.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида электр энергияси истеъмоли изчил камаймоқда. Хусусан, 2017 йилда насос станцияларида йиллик электр энергияси сарфи 8,3 млрд. кВт·соатни ташкил этган бўлса, 2026 йилда ушбу кўрсаткични 6,3 млрд. кВт·соатга тушириш кўзда тутилмоқда. Бу 2017 йилга нисбатан йилига 2 млрд. кВт·соат ёки қарийб 24 фоиз камдир.
Минтақавий ҳамкорлик – умумий сув хавфсизлигининг кафолати
Марказий Осиёда сув ресурсларининг катта қисми трансчегаравий дарёлар ҳиссасига тўғри келади. Шу боис улардан оқилона фойдаланиш, давлатлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш минтақанинг барқарор тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев халқаро майдонларда сув ресурсларидан адолатли ва самарали фойдаланиш, иқлим ўзгариши оқибатларига биргаликда мослашиш, Оролбўйида экологик барқарорликни таъминлаш масалаларини мунтазам илгари суриб келмоқда.
Иқлим ўзгариши давлат чегараларини танламайди. Музликларнинг қисқариши, қурғоқчилик ва дарёлар оқимидаги ўзгаришлар бутун минтақага таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам трансчегаравий сувлардан фойдаланишда ўзаро ишонч, илмий асосланган қарорлар ва амалий ҳамкорлик ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Ўзбекистоннинг 2027 йилдан Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислиги
2026 йил 22 апрель куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОҚХЖ) таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгаши йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2027–2029 йилларга Жамғарма Президенти этиб сайланди. Шу тариқа, Ўзбекистон 2027 йилдан мазкур нуфузли минтақавий тузилмага раислик қилади. Бу мамлакатимизнинг сув дипломатияси ва Марказий Осиёда экологик хавфсизликни таъминлаш борасидаги ташаббуслари учун янги имкониятлар очади.
Ўзбекистоннинг раислиги даврида Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш, сув ресурсларини оқилона бошқариш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш устувор вазифалардан бўлади. Давлатимиз раҳбари Жамғарма фаолиятини институционал жиҳатдан такомиллаштириш, унинг ҳуқуқий ва молиявий механизмларини модернизация қилиш, экологик ҳамда ижтимоий лойиҳаларга халқаро инвестициялар ва грант маблағларини жалб этиш, амалга оширилаётган дастурларнинг натижадорлигини ошириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.
Шунингдек, Президентимиз томонидан сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантириш ва сув тежовчи технологияларни кенг жорий этишга қаратилган “Келажак суви” минтақавий дастурини ишга тушириш таклиф этилди. Бу ташаббус қишлоқ хўжалигида сув самарадорлигини ошириш, илғор технологиялар ва илмий ишланмалар алмашинувини фаоллаштириш, ёш авлоднинг сув ресурсларига масъулиятли муносабатини шакллантиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, 2026–2036 йилларни “Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги” деб эълон қилиш ташаббуси илгари сурилди. Мазкур таклиф сув танқислиги кучайиб бораётган шароитда минтақадаги давлатлар саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, трансчегаравий сув ресурсларидан ўзаро манфаатли ва самарали фойдаланиш бўйича ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга қаратилган.
COP31: миллий тажрибадан глобал ҳамкорлик сари
Антальяда бўлиб ўтадиган COP31 конференцияси иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича қабул қилинган халқаро мажбуриятларни амалий натижаларга айлантириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон учун ушбу анжуман сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, замонавий ирригация тизимларини ривожлантириш, рақамли бошқарувни такомиллаштириш, иқлимга мослашувчан инфратузилмани шакллантириш ҳамда халқаро инвестиция ва инновацион ҳамкорлик имкониятларини кенгайтириш борасида муҳим мулоқот майдони бўлади.
Мамлакатимиз тажрибаси иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларга қарши курашишда аниқ мақсад, изчил давлат сиёсати ва амалий ижро механизми муҳимлигини кўрсатмоқда.
Олдимизда турган вазифаларнинг кўлами ҳам, масъулияти ҳам катта. Сув тежовчи технологиялар қамровини янада кенгайтириш, ирригация тармоқларидаги йўқотишларни камайтириш, насос станцияларининг энергия самарадорлигини ошириш, сув ҳисобини тўлиқ рақамлаштириш ва илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиш келгуси фаолиятимизнинг устувор йўналишлари бўлиб қолади.
Бугун Ўзбекистонда сув хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилмоқда. Энг муҳими, сувдан фойдаланишга бўлган ёндашув ўзгаряпти: унинг ҳар бир куб метрини ҳисобга олиш, асраш ва самарали ишлатиш давлат сиёсати, иқтисодий тараққиёт ва экологик хавфсизликнинг ажралмас қисмига айланмоқда.
Мухтасар айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар нафақат мамлакатимизнинг фаровонлигига, балки Марказий Осиёда ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Шавкат Хамраев,
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ирригатор
