Сув хўжалигида “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари давом этмоқда
2026-11-10 09:30:00 / Янгиликлар

Мазкур ташаббус сув хўжалиги ходимларининг касб байрамини муносиб кутиб олиш, 2026 йил учун белгиланган вазифалар ижросини тўлиқ таъминлаш, ирригация ва мелиорация объектларини келгуси суғориш мавсумига тайёрлаш ҳамда кузги-қишки тадбирларни жадаллаштиришни назарда тутади.
Долзарб қирқ кунлик давомида асосий эътибор ирригация ва мелиорация тармоқларини тартибга келтириш, гидротехника иншоотларини таъмирлаш, сув йўқотишларини камайтириш, мавжуд техникалардан самарали фойдаланиш ҳамда белгиланган режа кўрсаткичларининг сифатли бажарилишини таъминлашга қаратилади.
2026–2027 йиллар кузги-қишки мавсуми учун белгиланган тадбирларни жадаллаштириш мақсадида 1 477 километр узунликдаги канални тозалаш, 1 678 та гидротехника иншооти ва 1 651 та гидропостни таъмирлаш, 113 километр канал қирғоқларини ҳимоя қилиш ҳамда 48 та сув омбори ва йирик гидротехника иншооти хавфсизлигини таъминлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, хўжалик ички суғориш тармоқларидаги 2 682 та гидротехника иншооти ва 2 640 та гидропост таъмирланади. Мелиорация объектларининг 2 350 километрида таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилади. Насос станциялари ва энергетика бошқармалари балансидаги 848 та насос станциясини таъмирлаш ҳам амалга оширилади.
“Долзарб 40 кунлик” доирасида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги сув омборлари, насос станциялари, каналлар, коллекторлар, сувчилар уйлари, бино ва иншоотлар атрофи ҳамда бошқа тегишли ҳудудларда камида 26 миллион туп терак, ток ва бошқа дарахт ҳамда бута қаламчаларини экиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, 2,6 минг гектардан ортиқ майдонда 6,5 миллион туп дарахт кўчатларини экиш режалаштирилган. Амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумотлар “Yashilmakoneco” электрон платформасига киритиб борилади.
Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардаги сув хўжалиги ташкилотларида ҳар бир объект кесимида бажариладиган ишлар, уларнинг муддати ва масъул ижрочилари кўрсатилган тармоқ жадваллари ҳамда чора-тадбирлар режалари ишлаб чиқилган.
Тасдиқланган режалар асосида ноябрь ойига белгиланган вазифалар 1 декабрга қадар тўлиқ ва сифатли бажарилиши, долзарб қирқ кунлик доирасидаги кузги-қишки тадбирлар ижроси эса 10 декабрга қадар таъминланиши назоратга олинади.
Айниқса, махсус техникалардан унумли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилади. Об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб, экскаватор, бульдозер ва бошқа техникаларнинг икки-уч сменада ишлаши ташкил этилади. Бунда техника машинистлари ва механизаторлар учун зарур меҳнат ҳамда маиший шароитларни яратиш, уларни моддий рағбатлантириш ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Белгиланган вазифалар ижроси вазирлик ва ҳудудий ташкилотлар раҳбарлари томонидан доимий назорат қилинади. Ўтказиладиган йиғилишларда ишлар бориши таҳлил қилиниб, юзага келаётган муаммоларни тезкор бартараф этиш чоралари кўрилади.
Ахборот хизмати
