Оби ҳаёт заргари
2026-11-06 09:35:00 / Янгиликлар

... Гулчеҳра опа Қозоғистон Республикасининг Чимкент вилоятида туғилиб ўсган. Болаликдан дала ишларига меҳри баланд бўлган. Кейинчалик Ўзбекистонга келиб, Жиззах индустриал техникумида таҳсил олиб, техник-иқтисодчи мутахассислигини эгаллагач, сув хўжалиги тизимида иш бошлаган. Ўзининг айтишича, ота-онаси асли жиззахлик бўлган экан. Боболари очарчилик, қатағон кучайган замонларда турли тазйиқлар, Иккинчи жаҳон уруши даври ҳамда ундан кейинги қийинчиликлар саргардонлигида улоқиб-улоқиб Чимкентга бориб қолишган экан. Фарзандлари ўша ерда туғилиб, қозоқ мактабларида ўқиган бўлса-да, ота-онаси Гулчеҳрани ўз она юртига қайтишини истаган. Шу боис у мактабни тамомлагач, таълим олиш истагида бу ёққа йўл олган.
Техникумни тугатгач, 1991 йилдан бошлаб Жиззах вилоят сув хўжалиги бирлашмасининг диспетчерлик хизматида фаолият юритган Гулчеҳра опа шу касбга астойдил меҳр қўяди. Йиллар давомида сув ресурслари тизимида инспектор, инженер-диспетчер, бош мутахассис ва 1-даражали мутахассис каби лавозимларда ишлаб, бой тажриба тўплади. Тақдирни қарангки, ота-онаси орзу қилганидек, жиззахлик Тўлқинжон деган йигитга турмушга чиқди.
Иш жараёнида унга устозлик қилган тажрибали мутахассислар ҳам кўп бўлди. Жумладан, Мақсуд Тўраев илк қадамларини қўяётган ёш диспетчерга ўз билим ва тажрибасини аямай ўргатганини у ҳурмат билан эслайди.
– Сув хўжалигининг юраги – диспетчерлик, – дейди Гулчеҳра Фозилова. – Меъёрий ҳужжатлардаги топшириқ ва вазифаларнинг ижроси, сувнинг қишлоқ хўжалиги экин майдонларига ўз вақтида етказиб берилиши бизнинг йўналишимиз орқали мувофиқлаштирилади. Бу жараёнлар туманларга талабнома ва тақсимотларимиз асосида етказилади. Сув ресурслари бўлими лимитларни ишлаб чиқади, биз эса шу асосда тақсимот қиламиз.
Қарийб ўттиз йилдан бери бир соҳада фидокорона меҳнат қилиб келаётган қаҳрамонимиз шу йиллар мобайнида бирор марта ҳам тушунмовчиликларга йўл қўймагани, топшириқларни бажаришда хато қилмаганини мамнуният билан эслайди. У буларнинг барини ўз касбига бўлган чексиз муҳаббати натижаси деб билади.
– Бир пайтлар олий маълумотли бўлишни жуда истаганман, лекин насиб қилмаган, – дейди Гулчеҳра опа. – Бизнинг давримизда қизларнинг техникумда ўқиши ҳам катта гап эди. Кейинроқ ишхонам тавсияси билан олий таълимга ҳужжат топширмоқчи ҳам бўлганман, аммо ўша йили ўғлим ҳам ўқишга кириб, контракт тўлаш мажбурияти туғилди. Мен яна фарзандимнинг келажаги учун ўз орзумдан воз кечдим.
Гулчеҳра опа умр йўлдоши Тўлқинжон ака билан уч ўғилни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказишди. Бугун улар олти неваранинг суюкли бобоси ва бувижониси. Фарзандлари ва уч келин ҳам олий маълумотли. Катта ўғли Муҳаммаджон чет тилларини яхши ўзлаштирган ва логистика соҳасида фаолият юритади. Ўртанчаси Раҳимжон ҳам сув хўжалигида, кенжаси Даврон ҳуқуқшунос, иқтисодий судья ёрдамчиси.
Мустақилликнинг дастлабки йиллари, ўтиш даври қийинчиликлари уларнинг оиласини ҳам четлаб ўтмади. Ишхоналарда штатлар қисқариб, моддий етишмовчиликлар юзага келган пайтлар эди. Опа оила тебратиш мақсадида ҳатто бозорга чиқди, савдо-сотиқ билан шуғулланди. Турмуш ўртоғи билан бирга фарзандларини оёққа қўйиш учун жонини жабборга бериб ҳаракат қилди. Бир муддатлик танаффусдан сўнг яна ўз севган касбига қайтди. 2010–2017 йилларда “Ховос-Зомин” ирригация тизими бошқармасида, 2017 йилдан буён Сирдарё-Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармасининг тармоқдан фойдаланиш муҳандис-техник ходимлар бўлимида диспетчерлик вазифасини бажариб келмоқда.
– Доно халқимиз айтганидек, “Сув – зар, сувчи эса заргар”, – дейди опа. – Замин бизга ризқ улашар экан, эвазига сув сўрайди. Оби ҳаётни халқимизга, деҳқонларга ўз вақтида, адолатли ва тўғри тақсимлаган ҳолда етказиб бериш ҳам ўзига хос заргарона маҳорат талаб қилади. Ана шу жараёнда иштирок этаётганимдан бахтиёрман.
Шерзод БУТУНБОЕВ,
Сирдарё-Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси матбуот котиби
(Ушбу мақола “XXI asr” газетасининг 2026 йил 5 ноябрь 44 (1198)-сонида чопэтилган)
