Ўзбекистон прокуратураси тарихи музейига экскурсия уюштирилди
2026-11-05 14:25:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда музей 7 бўлимдан иборат бўлиб, унда 5 мингга яқин архив ҳужжатлари, 7 мингдан ортиқ фото ва видеоматериаллар ҳамда 2 мингга яқин тарихий аҳамиятга эга экспонатлар жамланган. Музейдаги 36 та асосий экспозиция стендлари орқали Марказий Осиё ҳудудида давлатчилик асослари шаклланган даврлардан тортиб, замонавий прокуратура тизимигача бўлган тарихий жараёнлар изчил ёритилган.
Жумладан, “Янги Ўзбекистон прокуратураси фаолияти” бўлимида сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, прокуратура органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда институционал янгиланишлар акс эттирилган.
– Музей экспозициялари билан танишиб, прокуратура органларининг шаклланиш тарихи, ноёб архив ҳужжатлари ва экспонатлар ҳақида атрофлича маълумот олдик, – дейди вазирлик ёшлар етакчиси Нурмуҳаммад Холмуродов. – Айниқса, сиёсий қатағон қурбонларига бағишланган бўлимдаги экспонатлар катта таассурот қолдирди. Ватан озодлиги ва халқ келажаги йўлида фидойилик кўрсатган юртдошларимиз ҳаёти ҳар бир ёш учун ибрат мактабидир.
Ташриф буюрувчилар учун прокуратура фаолиятига оид ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Бундай маънавий-маърифий тадбирлар ходимларда адолат, жавобгарлик ва фуқаролик позициясини мустаҳкамлашга хизмат қилади, албатта.
Ахборот хизмати





