Сенат ишчи гуруҳи Сув хўжалиги вазирлиги тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишди
2026-11-03 15:05:00 / Янгиликлар

Ишчи гуруҳ аъзолари дастлаб “Сувчилар мактаби” фаолияти билан танишди. Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан Сув хўжалиги вазирлиги, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети ҳамда “Агробанк” АТБ ҳамкорлигида ташкил этилган “Сувчилар мактаби” 2023 йилдан буён самарали фаолият юритиб келмоқда.
Таъкидландики, бугунги кунда “Сувчилар мактаби”нинг ҳудудий бўлинмалари республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилган.
Лойиҳа доирасида ҳар йили фермерлар, сувдан фойдаланувчилар ва сув хўжалиги ходимлари учун семинарлар ҳамда ўқув машғулотлари ўтказилмоқда. Биргина жорий йилнинг ўзида қарийб 11,5 минг нафар тингловчининг сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, тежамкор суғориш технологияларини жорий этиш ва сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш борасидаги билим ва кўникмалари оширилди.
Шундан сўнг ишчи гуруҳ аъзолари Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтидаги илмий ишланмалар билан танишди.
Сўнгги йилларда сув хўжалиги соҳасида илмий изланишлар кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Институтнинг 16 та илмий-тадқиқот лабораторияси замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Бугунги кунда институтнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида минтақавий марказлари фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, Сув хўжалиги муҳандислик маркази ҳамда Сувни тежайдиган технологиялар илмий-тадқиқот консалтинг маркази қайта ташкил этилди.
Институт олимлари томонидан глобал иқлим ўзгариши шароитида сув ресурсларини оқилона бошқариш, сув ресурслари ҳисоби ва ҳисоботини такомиллаштириш, сув сарфини ўлчаш воситаларини танлаш ва уларни ўрнатиш нуқталарини белгилаш, замонавий рақамли технологияларни жорий этишнинг илмий асосларини яратиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини назорат қилиш ва баҳолашда рақамли технологиялар ҳамда геоахборот тизимларидан фойдаланиш, шунингдек, шўр ювиш ишларини такомиллаштириш каби қатор долзарб йўналишларда илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Мамлакатимизда сув ресурсларини бошқариш соҳасини рақамлаштиришга давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони асосида ташкил этилган “Сув хўжалигини рақамлаштириш ва мониторинг маркази” фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда.
Марказ ҳузурида замонавий “Вазиятлар маркази” ишга туширилиб, соҳадаги жараёнларни онлайн кузатиш имконияти яратилди. Шунингдек, сув хўжалигига оид ахборот тизимларини бирлаштирувчи “Рақамли сув хўжалиги” ягона платформаси ишлаб чиқилди.
Бугунги кунда сув хўжалиги соҳасига оид 10 та замонавий ахборот тизими ишлаб чиқилган бўлиб, улар босқичма-босқич такомиллаштирилмоқда. Мазкур тизимлар сув ҳисобини юритиш, насос станциялари фаолиятини онлайн мониторинг қилиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини баҳолаш, сув ресурсларини тақсимлаш, давлат сув кадастрини шакллантириш ҳамда гидротехник иншоотлар ҳолатини назорат қилиш имконини бермоқда.
Ахборот хизмати







