СУВЧИЛАРНИНГ ЭНГ МУҲИМ МАВСУМИ ҚАНДАЙ ЎТАЯПТИ?
2024-10-11 16:00:00 / Янгиликлар

Сув бор жойда дарахт кўкаради.
Шунинг учун сув бўйларига дарахтлар экиш зарур ва “Яшил макон” тадбирларида сувчилар бошқа соҳа вакилларига ҳар жиҳатдан ибрат бўлишлари шарт.
Ушбу ғоя Сув хўжалиги вазирлигида 2024 йил 11 октябрь куни ўтказилган навбатдаги ҳайъат йиғилишида соҳа олдидаги долзарб вазифалар муҳокамаси чоғида янгради.
Йиғилишда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари фаолиятини самарали ташкил этиш, соҳани рақамлаштириш, ДХШ, хорижий инвестициялар бўйича 9 ойлик натижалар таҳлил қилинди.
Сув келтирган элда азиз.
Йиғилишни бошқарган Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев жорий йилнинг 9 ойида сув ресурсларини етказиб бериш чоғида жами 6 млрд 800 млн куб метр сув ресурслари иқтисод қилинганини таъкидлади. Жумладан, сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш ҳисобига 2,1 млрд куб метр, ирригация тармоқларида таъмирлаш-тиклаш ва бетонлаш тадбирлари натижасида 1,7 млрд куб метр, экин майдонларида қўшимча агротехник тадбирлар эвазига 2,4 млрд куб метр, рақамли технологияларни жорий этиш ҳисобига 570 млн куб метр сув тежалган.
Вазирлик бу йил 8 млрд куб метр сувни иқтисод қилишни режалаштирган бўлиб, йил охиригача ғалла суғориш, экин майдонларининг шўрини ювиш жараёнида яна 1,2 млрд сувни тежаш кўзда тутилган.
Қуйи бўғин сув хўжалигининг пойдевори эканлиги таъкидланди, “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари фаолиятини яхши йўлга қўймасдан бошқа йўналишларда самарага эришиб бўлмаслиги айтиб ўтилди.
Шунингдек, ҳайъат йиғилишида ирригация-мелиорация лойиҳалари доирасида қурилиш ва реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш, вазирлик тизимидаги насос станцияларининг энергия самарадорлиги, сув хўжалиги объектлари фойдаланишидаги сув фонди ва ер майдонларини давлат рўйхатидан ўтказиш, молиялаштириш, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи, тизим ташкилотларида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Санаб ўтилган йўналишлар бўйича 9 ойлик якунлари кўриб чиқилган йиғилишда ҳайъат аъзолари, вазир ўринбосарлари, марказий аппарат бошқарма ва бўлим бошлиқлари, вазирлик тасарруфидаги республика ва тизим ташкилотлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири, вилоятлар ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари бошлиқлари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.
ZOOM орқали барча ҳудудлардан сув хўжалиги ташкилотлари раҳбарлари ва мутахассислари ҳайъат йиғилишини кузатиб борди.
“Ijro.gov.uz” тизимида назоратда бўлган ва вазирликка юклатилган топшириқларни сўзсиз бажариш, ижро интизомига қатъий риоя этишга алоҳида, жиддий эътибор қаратилди.
Сумбулада сув совийди,
Мезонда — кун.
Шарқона тақвим бўйича Сумбула тугаб, мезон ойи ҳам яримлаб қолди.
Наврўзгача қолган барча ойлар сувчилар учун энг муҳим давр – кузги-қишки таъмирлаш-тиклаш ишлари мавсуми ҳисобланади. Бу тадбирлар пишиқ-пухта ва мукаммал ташкил этилса, Саратон ва асад ойида экинларни суғориш ортиқча ташвишларсиз ўтади.
Йиғилишда муҳокама қилинган барча йўналишлар бўйича вазифалар ижросини таъминлашга старт берилди, кузги-қишки тадбирларни ва топшириқларни ўз муддатида, сифатли бажарганлар рағбатлантирилиши эълон қилинди.
Натижалар кейинги чорак якунида сарҳисоб қилинади.
Шуҳрат Суюнов,
Ахборот хизмати бошлиғи


