Вазир: “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрман”
2026-10-29 11:45:00 / Янгиликлар

29 октябрь куни Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев соҳада фаолият юритаётган ёш кадрлар билан навбатдаги очиқ мулоқотни ўтказди.
Учрашувда вазирлик марказий аппарати, Сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш агентлиги ҳамда Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг ёш мутахассислари иштирок этди.
Мулоқотда ёшларнинг билим ва салоҳиятидан самарали фойдаланиш, уларнинг касбий ўсишига кўмаклашиш, янги ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, ёшлар билан ишлашдаги айрим ташкилий камчиликлар танқидий муҳокама қилинди. Хусусан, ёшлар етакчилари фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш, ёш мутахассисларни янада фаол бўлишга ундаш, уларни аниқ мақсадлар ва амалий лойиҳалар атрофида бирлаштириш зарурлиги таъкидланди.
Вазир бугунги кунда сув хўжалиги соҳасига янгича фикрлайдиган, билимли, изланувчан ва ташаббускор кадрлар зарурлигини қайд этди.
– Мен ёшларнинг янада фаол бўлишини истайман ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрман, – деди Шавкат Хамраев.
Учрашувда ёшлар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан фикр билдирди, таклиф ва ташаббусларини илгари сурди. Жумладан, стартап лойиҳаларни амалга ошириш, магистратурада таҳсил олиш ва касбий малакасини ошириш билан боғлиқ таклифлар муҳокама қилинди.
Муҳими, мулоқот фақат фикр алмашиш билан чекланмади. Учрашувдан сўнг ёшлар вазир томонидан берилган топшириқлар ижросини ташкил этиш, янги ташаббусларни амалга ошириш юзасидан ўзаро маслаҳатлашди.
Дастлабки амалий ташаббуслар ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, 31 октябрь куни Тошкент вилояти Паркент тумани “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Мирсодиқ-Мирфайз” фермер хўжалиги даласида 600 минг дона узум қаламчаси, 7 ноябрь куни эса Янгийўл ва Зангиота туманларида 600 минг дона терак қаламчаси тайёрлаш режалаштирилди.
Бу ташаббуслар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси мақсадларига ҳамоҳанг бўлиб, кўкаламзорлаштириш ишларига ҳисса қўшиш билан бирга, ёшлар учун қўшимча даромад манбаини яратишга ҳам қаратилган.
Учрашув ёшларнинг янги ғояларига йўл очиш, уларнинг ташаббусларини амалий натижаларга айлантириш ҳамда соҳа ривожига дахлдорлик ҳиссини янада кучайтириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлди.
Сув хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати






